Линклар

logo-print

Нурсултон Назарбоев этагини “липпа”га қистирмоқчи эмас

  • Сарвар Усмон

Ўтган ҳафтада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев кутилмаганда Ғарб билан муносабатларда муайян чегара бўлиши керак, деган мазмунда баёнот берди.

Қозоғистон қўшнилари – Россия, Хитой, Марказий Осиё мамлакатлари билан бир қаторда Ғарбнинг етакчи давлатлари билан мулоқотларда ҳам тарози палласи мувозанатини ушлаб тура олаётгани билан мақтовга сазовор. Мамлакат иқтисодиёти шиддат билан ривожланаётгани ҳам кўп жиҳатдан айни шу ўйланган сиёсат натижаси сифатида қаралади.

Қозоғистоннинг ҳали деярли очилмаган ер ости бойликлари бу мамлакатнинг нефть конларини ўзлаштириш учун сармоя ётқизишга иштиёқ билдираётган ёҳуд ҳеч бўлмаса, ўша нефтни импорт қилишга интилаётган давлатлар сафини кенгайтирмоқда.

Н.Назарбоевга қолса, Қозоғистоннинг халқаро миқёсдаги обрўси нефть етказиб беришгагина боғлиқ бўлиб қолмасин. Катта-кичик қўшнилари билан яхши муносабатларни сақлаб қолишга интилишдан ташқари Қозоғистон Ғарбнинг мамлакат иқтисодиётига киритаётган миллиардлаб доллар сармояларидан ҳам умид уза олмайди.

Шу маънода Н.Назарбоевнинг жума куни баёноти кутилмаган бўлди, дейиш мумкин.

“Маслаҳат бергувчилар ошиб-тошиб ётибди. Қандай яшашимиз, қандай ишлашимиз кераклиги тўғрисида у ёқдан ҳам, бу ёқдан ҳам, Ғарбдан, океан ортидан маслаҳат бериб туришибди. Энг муҳими – халқимизнинг ва Қозоғистоннинг манфаати. Қолган ҳамма нарса ўз йўлига”, - деди Н.Назарбоев.

У фикрини давом эттириб: “Бўлди, етар, Қозоғистонни камситиш, унга ёрдам бериш керак, ўргатиш керак, дейиш етар, нима қилишни ўзимиз биламиз. Этагимизни липпага қистирволиб, бировларнинг ортидан маслаҳат сўраб югурмаслигимиз керак”, - деди ва бу ўринда Ғарбни назарда тутаётганини яширмади.

Хўш, Н.Назарбоевнинг бу гапларини Қозоғистоннинг Ғарб билан муносабатларидаги кескин бурилиш, дейиш мумкинми?
“Йўқ, унчалик эмас, - дейди Лондондаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти ходими, Марказий Осиё бўйича мутахассис Жон МакЛауд. -Менимча, у бу гапларни ғарбликлар олдида ёки умумдавлат даражасида эмас, шунчаки бир хос издиҳомда айтди. У ўзининг “Отан” партияси ҳамда бу партияга қўшилиши кутилаётган Фуқаролар партияси аъзолари олдида гапирди”.

Шунинг учун ҳам, мутахассиснинг фикрича, Назарбоевнинг бу баёнотидан салмоқли бир хулоса чиқаришга ҳожат йўқ.

Жон МакЛауднинг таъкидлашича, Қозоғистоннинг Россия ва Хитой билан алоқалари яхшилиги унинг Ғарб билан муносабатлари ёмонлашуви, дегани эмас. Остонанинг халқаро миқёсдаги обрўси ошиши Н.Назарбоев айнан Ғарбдан кутаётган нарсадир.

“Қозоғистон яқин орада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишни кўзламоқда. Бундан мақсад ўзини халқаро миқёсда сиёсий жиҳатдан легитимлаб олишдир. Иқтисодий легитимлашувга эса эришиб бўлган. Мен унинг, яъни Қозоғистоннинг нефть соҳасида катта ўйинчига айланиб бўлганини назарда тутяпман”, - деди Ж.МакЛауд.

Қозоғистон ЕХҲТнинг ҳар йили алмашиб турувчи раислигини 2009 йилда қабул қилиб олишни мўлжаллаяпти. Шу мақсадда мамлакат дипломатлари ташкилотга аъзо давлатларга сафар қилиб, уларнинг мазкур масаладаги кўмагига эришишга ҳаракат қилмоқда. Бу масала Н.Назарбоевнинг сентябрь ойида АҚШга қилган сафари кун тартибидан ҳам жой олган эди.

Н.Назарбоевнинг Ғарб билан муносабатларни бузмоқчи эмаслигига яна бир ишора 14 ноябрь куни пайдо бўлди. Шу куни у АҚШ элчихонасининг Остонадаги янги биноси очилишида қатнашиб, ўз чиқишида Қозоғистон – АҚШ алоқалари мустаҳкамланаверишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG