Линклар

logo-print

Ўзбекистон ОАВси “нозик масала”да эҳтиёткорлик қилди...ми?

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан музокаралар ўтказгани, тузилма бу мамлакатга нисбатан жазо чораларини ўз кучида қолдиргани мавзуси ўзбек матбуоти назаридан четда қолди.

Асосан, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидан ахборот оладиган муштарий ва томошабин нега шундай бўлганини сўраши мумкин. Аммо сал мулоҳаза қиладиган одам бу саволга жавобни тахминан билади.

“Озодлик” мухбири бу саволга Ўзбекистон ОАВ мутасаддиларининг ўзидан жавоб олишга ҳаракат қилди.

Ўзбекистон телерадиокомпанияси халқаро алоқалар бўлими мутасаддиси Азамат Усмонов саволни эшитиб: “Буни мухлисларимизга нега сиз тушунтирмоқчисиз? Мухлисларимиз билан ўзимиз гаплашиб оламиз, бу ёғини ўзимизга қўйиб беринг энди. Умуман олганда муҳим воқеалар ёритиляпти-ку”, - деб жавоб берди.

В.Норовнинг Брюсселга ташрифи ёритилмаган бўлса, бу муҳим воқеа эмас экан-да?

“Биринчидан, бу воқеа муҳим эмас, деганим йўқ. Ҳаммаси ўз маромида ёритиляпти”, - дея гапни қисқа қилди А.Усмонов.

Унинг жавобидан тушуниш мумкинки, маҳаллий ТВ Ўзбекистон ва ЕИ муносабатларида сўнгги ҳафта ичида рўй берган жиддий силжиш ҳақида лом-мим демаганига бу воқеанинг унчалик муҳим бўлмагани ёки ҳозирча маромига етмагани сабаб бўлган.

Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати нашри бўлмиш “Халқ сўзи” газетасининг ижтимоий-сиёсий бўлими мутасаддиси Салим Дониёров газета мухлислари бу воқеадан бехабар қолганини ўзича тушунтирди.

“Биринчидан, бехабар қолгани йўқ, чунки манбалар кўп. Иккинчидан, “Халқ сўзи” газетаси айнан шу масалани ёритиш мақсадини ўз олдига қўймади. Шунинг учун (муштарийларимиз) бу воқеадан бехабар қоляпти, дейиш нотўғри бўлса керак. Бундан ташқари, бу мавзуда материаллар энди тайёрланаётган бўлиши керак, худо хоҳласа, бериб қолармиз”, - деди С.Дониёров.

Демак, “Халқ сўзи” муштарийлари В.Норовнинг Брюсселга ташрифи ҳақида севимли газетаси саҳифаларидан эмас, бошқа манбалардан хабар қидириш лозимлигини жуда яхши билади. Чунки “Халқ сўзи” бу каби воқеаларни ёритишни ўз олдига мақсад қилиб қўймайди. Бундан ташқари, С.Дониёров сўзлари билан айтганда, газета учун бундай воқеаларни вақтида эмас, балки мазмун-моҳиятига қараб ёритиш устивор масала.

Мамлакат ичида ва ташқарисида рўй бераётган воқеалар ҳақида биринчилардан хабар берадиган, ҳар қалай шундай ҳисобланадиган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – “ЎзА” вакили Бекзод Норбоев юқорида тилга олинган воқеани бу агентлик нега ёритмаганини бундай тушунтирди:

“Бу ҳақда “Жаҳон” ахборот агентлиги (хабар) берди. Хабарингиз бўлса, “Жаҳон” АА бевосита ана шундай хабарлар билан шуғулланади. Чехияда (?) бизнинг мухбиримиз йўқ. Биз (“ЎзА”) энди кўпроқ республика ичида рўй бераётган воқеалар билан шуғулланамиз. Халқаро ахборот бўлимимиз ҳам бор, лекин улар “Жаҳон” бергани учун беришмади бу хабарни. Буни “Жаҳон” берганини мен ўзим кўрдим, Норовнинг Европага борганини эшит... ўқидим”.

Яъни “ЎзА” В.Норовнинг Брюсселга ташрифи ва ундан кейинги воқеаларни ёритмаганига бу ҳақда “Жаҳон” АА хабар бергани сабаб бўлган.

Дарвоқе, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Жаҳон” АА ҳам вазирлик раҳбарининг Брюсселга ташрифи ҳақида лом-мим дегани йўқ. Ҳар нечук, агентлик сайтидан бунга ўхшаш хабар топилмади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига шу ойнинг бошида раҳбар этиб тайинланган Азиз Обидов В.Норовнинг ташрифи ва унинг натижалари ҳақида вазирлик ҳозирча изоҳ беришга тайёр эмаслиги ва “Жаҳон” ахборот агентлиги бу ҳақда хабар тарқатмаганини таъкидлади.

Унда “ЎзА” ходими Б.Норбоев “Жаҳон”нинг бу ҳақдаги хабарини қаерда кўрган экан?
XS
SM
MD
LG