Линклар

А.Рязанов нега ишдан бўшатилди?

  • Ҳасанжон

Россиядаги газ монополиячиси бўлмиш “Газпром” компанияси раисининг куни-кеча вазифасидан бўшатилган ўринбосари Александр Рязанов мустақил иш юритишга урингани учун лавозимидан четлатилгани ҳақида фикрлар билдириляпти.

А.Рязановнинг ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабар кўпчиликни ҳайратга солди. Чунки 53 ёшли А.Рязанов Россия нефть саноати фахрийси ва шу соҳанинг тажрибали мутахассисларидан бири ҳисобланар эди. Унинг ишдан четлатилиши сабаблари ҳақида “Газпром” батафсил маълумот бериши эҳтимолдан йироқ кўринади. Чунки компания расмийлари А.Рязанов билан тузилган шартнома муддати тугаганини билдирган.

Москвадаги Иқтисодиёт институти раҳбари, собиқ иқтисодиёт вазири Евгений Ясин А.Рязановни “юқори малакали бошқарувчи”, деб атар экан, унинг ишдан олиниши профессионал фаолияти билан боғлиқ эмаслигини айтди.

“Унинг ишдан олиниши профессионал нуқтаи назардан у ўз лавозимига мос келмаслиги билан боғлиқ, деб ўйламайман. Менимча, бу “Газпром” ичидаги жипсликни янада мустаҳкамлаш мақсадида кўрилган чора. Қолаверса, “Газпром” компанияси бизнес мақсадлардан ташқари маълум сиёсий вазифани ҳам бажаради. А.Рязановнинг ишдан бўшатилиши шу билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб ўйлайман”, - дейди Е.Ясин.

Кремль назоратида бўлган “Газпром” нафақат Россияда, балки дунёдаги газ ишлаб чиқарувчи энг йирик ширкат ҳисобланади. Уни кўп тармоқли компанияга айлантириш стратегиясига мувофиқ ўтган йили “Газпром” россиялик олигарх Роман Абрамовичга қарашли бўлган “Сибнефть” ширкатини 13 миллиард долларга сотиб олган эди.

Айрим кузатувчилар А.Рязанов ўзи бошқараётган “Газпромнефть” ширкатини мустақил қилишга урингани унинг лавозимидан бўшатилишига сабаб бўлган, деган фикрда.

Кристофер Вифер Россиядаги “Алфабанк”нинг нефть ва газ масалалари бўйича мутахассиси.

“Ҳозир “Газпром”да кўп ўзгаришлар кетяпти. Айни пайтда газ бизнеси масаласида “Газпром” қандай стратегияга эга бўлиши кераклиги, шунингдек, унда нефть қандай рол ўйнаши борасида ҳам қизғин баҳслар мавжуд. Шунинг учун А.Рязановнинг ишдан кетишига биз ички баҳслар натижаси сифатида қараймиз”, – дейди К.Вифер “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Ғарб давлатлари Кремль расмийларининг энергия ресурсларини нафақат Россия, балки халқаро миқёсда ҳам назорат қилишга уринаётганидан хавотирланмоқда. Кузатувчилар фикрича, А.Рязановнинг ишдан олиниши Ғарбдаги бу хавотирни янада кучайтириши мумкин.
XS
SM
MD
LG