Линклар

logo-print

Саудия Арабистони “Берлин девори”га ҳавас қиляпти

  • Ҳасанжон

Саудия Арабистони мамлакат ҳудудига экстремистлар киришининг олдини олиш мақсадида Ироқ билан чегарада девор қуриш ҳақида қарор қабул қилди. Бир неча миллиард долларлик бу лойиҳани 6 йилда амалга ошириш режалаштирилган.

Саудия Арабистони ички ишлар вазири шаҳзода Найиф бин Абдулазиз мамлакат ғарбида, яъни Ироқ билан чегарада хавфсизлик девори қуриш мамлакатнинг шимолий, жанубий ва ғарбий чегараларида ҳам хавфсизлик деворлари барпо этиш ҳақидаги лойиҳанинг бир қисми эканини билдирди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун тахминан 12 миллиард доллар сарфланади. Чегара деворларига замонавий хавфсизлик ускуналари, хусусан, узоқ масофадан туриб чегарада одамлар бор-йўқлигини сезувчи ускуналар, термал, яъни иссиқликни аниқловчи камералар ўрнатилади.

Лондондаги иқтисодий разведка бўлимининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Нейл Патрик фикрича, ҳозир Ироқда қуролли кураш олиб бораётган араб жангарилари кейинроқ Саудияга ҳам таҳдид солиши мумкинлиги мазкур мамлакат раҳбарларини хавотирлантирмоқда.

“Ироқ АҚШ кучлари томонидан босиб олингандан кейин саудияликларнинг Ироққа бориши сезиларли кўпайган. Расмий маълумотларга кўра, Ироққа кетган саудияликлар сони кўп эмас. Бироқ охирги 1-1,5 йил ичида улар Саудия ва Ироқ ўртасидаги назорат қилиш жуда қийин бўлган узун чегарани кесиб ўтиб ортга қайтяпти. Бу чегара Ироқ томонидан деярли назорат қилинмайди ”, – деди Нейл Патрик.

Унинг таъкидлашича, Саудия раҳбарлари Эронга ҳам минтақавий таҳдид сифатида қарайди. Улар чегара деворлари қурилса, Теҳроннинг Ироқ орқали саудиялик шиалар билан алоқаси сезиларли камайишига умид қилмоқда. Саудиялик шиалар, асосан, мамлакатнинг нефть манбалари жойлашган шарқий минтақасида яшайди.

Саудия Арабистони АҚШнинг яқин иттифоқчисидир. Шу боис, Саудия подшолигида тартибсизлик юз бериши АҚШ манфаатларига бевосита салбий таъсир этади. Ироқ чегарасида девор қуриш ишлари тугаганидан кейин Ар-Риёд расмийлари “Ал-Қоида” фаол бўлган Яман билан бўлган чегарани ҳам хавфсизлик девори билан ўрашни режалаштирган.

Нейл Патрикнинг айтишича, сўнгги йилларда Саудия полицияси мамлакатда пайдо бўлган жангарилар, жумладан, “Ал-Қоида” билан бевосита алоқага эга гуруҳларга қарши муваффақиятли кураш олиб бормоқда.

“Жангарилар фаолиятига чек қўйиш ва ҳужум уюштирилишининг олдини олиш борасида Саудия хавфсизлик кучлари катта ишларни амалга оширди. Ироқ босиб олинган дастлабки даврга нисбатан 2005 йилда Саудияда қўпорувчилик ҳаракати камроқ содир этилди. 2006 йилда эса ундан ҳам кам бўлди”, – деди британиялик таҳлилчи.

2006 йил февралда Саудияда портловчи моддалар ортилган иккита автомобиль ҳарбийлар қўриқлайдиган нефть заводига бостириб киришга уринган эди. Отишма пайтида машиналардан бири портлаган, оқибатда ҳужумчилар ва икки қўриқчи нобуд бўлганди. Саудиядаги нефть иншоотига ҳужум уюштирилгани ҳақидаги хабар дунё бозорида нефть нархининг уч ярим фоизгача кўтарилишига сабаб бўлган эди.
XS
SM
MD
LG