Линклар

logo-print

Суд тошкентлик ҳизбчиларни “амир”идан маҳрум қилди

  • Абдулла Искандар

Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди намозхон фуқаро Комилжон Усмоновни “Ҳизб ут-таҳрир” диний партиясининг Тошкент бўлимига раҳбарлик қилганликда айблаб, 10 йилга озодликдан маҳрум этди.

33 ёшли К.Усмонов жазони кучайтирилган тартибдаги колонияда ўтайди.

Унинг 58 ёшли отаси, узоқ йиллар ўрта мактабда рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлаб, ногиронлик нафақасига чиққан Улуғбек Усмонов суд ҳукмидан норози эканини билдирди.

“Ўғлимга қўйилган айблар суд жараёнида умуман ўз тасдиғини топмади. Қўйилган учта модда бўйича ҳеч қанақа исбот-далиллар бўлмади. Суд томонидан жалб қилинган 4 гувоҳ кўрсатмаларини қийноқлар остида беришга мажбур бўлганини айтди”, - деди Улуғбек ака.

У ўғли фақат намоз ўқигани учун шундай аҳволга тушганини таъкидлади.

“Биз ўзи дунëвий оиламиз. Ўртанча ўғлим намоз ўқиб бошлади, мен қаршилик қилмадим. Эътиқод эркинлиги бор-ку, дедим. Аммо Ўзбекистон ҳукумати нима учун барча намозхонларни душман, деб эълон қилганини тушуна олмадим”, - дейди Улуғбек ака.

Судда иштирок этган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов суд давомида судлов тўғрисидаги барча қонун-қоидалар бузилганини, ҳатто айбланувчи қўлига кишан солинган ҳолда суд қилинганини айтди.

С.Икромов сўзларига кўра, суд айбланувчи ва гувоҳлар қийноққа солинаётгани ҳақидаги кўрсатмаларни кўриб чиқишни рад этган. Ҳимоя томони чақирган гувоҳлар суд залига қўйилмаган.

К.Усмонов конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланиб илгари ҳам 10 йилга қамалган, аммо кейинроқ амнистия асосида озод қилинганди.

Ўзбекистон расмийлари суд ҳукми юзасидан изоҳ беришни истамади. Айбланувчи томон вакиллари эса ҳукм юзасидан апелляция тартибида шикоят киритилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG