Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:03

Ўзбекистон Тожикистон жосусларини жазолади


Ўзбекистонда Тожикистон фойдасига жосуслик билан шуғулланишда айбланган уч аёл ва икки эркак суд қилиниб, 15 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Ҳарбий суд Ўзбекистон фуқаролари Наргиза Муҳаммадиева ва Абдуғаффор Менглиқуловни ватанга хиёнат қилишда, Тожикистон фуқаролари Наргиза Поёнова ва Сурайё Саминова, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган Худодод Абдуллаевни жосусликда айбдор топди.

Суд жараёнида аниқланишича, бир неча йил аввал Ўзбекистонга фоҳиша қиёфасида кирган Н.Поёнова узоқ вақт давомида бу мамлакатнинг чегара олди ҳудудларидаги ҳарбий қисмлар ҳақида маълумот тўплаган. Бундан ташқари, уни мухолифатнинг ҳаракатлари, диний экстремистик кучлар ва гуруҳларнинг фаолияти қизиқтирган.

“Н.Муҳаммадиева ва А.Менглиқулов Ўзбекистон жанубига иш излаб келган С.Саминова ва чегара яқинидаги аэродромнинг қўриқлаш хизмати взвод командири Х.Абдуллаевни бу ишга жалб қилган. Жумладан, Х.Абдуллаев тожик махсус хизматларига ўзи хизмат қилаётган ҳарбий қисмнинг ҳарбий-техник кўрсаткичлари ва объектлари чизмаларини берган”, - дейилган судда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот вакили Олим Тўрақулов юқорида номи тилга олинган шахслар жосусликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилганини тасдиқлади.

“2004 йилда шундай бўлган эди. Сурхондарё миллий хавфсизлик бошқармаси бу ишни очганди. Бир гуруҳ шахс, жумладан, Тожикистоннинг икки фуқароси ва Ўзбекистоннинг улар ёллаган фуқаролари жиноий жавобгарликка тортилган эди”, - деди О.Тўрақулов.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида жосуслик билан боғлиқ можаро илк бор кузатилаётгани йўқ. Йил ўрталарида Тожикистон шимолида Ўзбекистон фойдасига жосусликда гумонланиб қўлга олинган тўрт киши суд қилинган ва 13 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилган эди.

Ишончли манбанинг билдиришича, ўтган йилнинг кузида ҳам Ўзбекистоннинг икки фуқароси - бир фан номзоди ва бир генерал Сўғд вилоятида жосусликда айбланиб ушланган эди. Ўтган бир йил ичида эса Тожикистонда миллий ва мазҳаблараро низо қўзғаш, бошқа давлат фойдасига жосуслик қилишда айбланган 15дан ортиқ киши турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов фикрича, бу воқеалар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳали ҳам маромида эмаслигини кўрсатади.

“Менимча, бу воқеалар икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳали ҳам яхшиланишдан узоқ экани ҳамда Тошкент ва Душанбе ўртасида ўзаро ишончсизлик муҳити кучайиб бораётганидан дарак беради”, - деди А.Дубнов.
XS
SM
MD
LG