Линклар

Саммитда савдо борасидаги музокараларни давом эттиришга келишилди

  • Ҳасанжон

Вьетнамда бошланган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида савдо соҳасида жорий йил июлда тўхтаб қолган музокараларни давом эттиришга келишиб олинди.

Ҳозир дунёда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 70 фоизи Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган 21 давлат ҳиссасига тўғри келади.

Глобал савдо борасида Доҳа шаҳрида жорий йил июль ойида ўтказилган учрашув натижасиз тугаган эди. Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Бразилия ҳамда Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган АҚШ, Австралия ва Япония вакиллари қишлоқ хўжалик соҳасига субсидиялар бериш масаласида келиша олмагани музокаралар натижасиз тугашига сабаб бўлганди.

Ханой саммитида қатнашаётган давлатлар раҳбарлари бу борада музокараларни давом эттиришга келишди. 21 давлат, жумладан, Хитой, АҚШ, Россия каби улкан мамлакатлар қатори Бруней каби кичик давлат ҳам аъзо бўлган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти дунё иқтисодиётида ўсиш бўлиши учун Доҳада бошланган музокаралар давом эттирилиши кераклигини билдирди. Бироқ учрашувда қандай қилиб келишувга эришилгани маълум қилинмади.

Саноати ривожланган 20 давлат вакилларининг Мелбурн шаҳрида ўтаётган учрашувида эса Европа Иттифоқининг юқори лавозимли расмийси Доҳа сўзлашувини давом эттириш учун дастлаб АҚШ қишлоқ хўжалигига субсидиялар беришни қисқартириш таклифи билан чиқиши кераклигини таъкидлади.

Ханой саммитида Жанубий Корея АҚШ президентининг Шимолий Кореяга қарашли кемаларда тинтув ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватламади. Жорж Буш Шимолий Кореянинг ядровий қурол ва мураккаб ракета технологиясини қўлга киритишига йўл қўймаслик мақсадида ана шу таклифни киритган эди.

Жанубий Корея президенти Но Му Хун билан музокара бошланишидан олдин Жорж Буш бу борада келишувга эришилишига умид билдирганди.

“Биз бу масалани тинч ва дипломатик йўл орқали ҳал этиш имкониятига эгамиз. Халқаро ҳамжамияти БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюция талаби амалга оширилганини кўриши жуда муҳим. Шу боис, музокаранинг бир қисми биз дунё талаб қилган санкцияларни қандай қилиб тўлиқ амалга оширишимиз мумкинлиги масаласида бўлади”, – деган эди Ж.Буш.

19 ноябрь куни АҚШ президенти Жорж Буш ва Россия президенти Владимир Путин Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши ҳақидаги икки томонлама шартноманинг имзоланиши маросимида қатнашиши режалаштирилган.

Ханой саммити қатнашчилари Шимолий Кореяни ядровий қурол яратиш дастуридан воз кечиш ҳамда олти томонлама музокараларни қайта бошлашга чақирувчи баёнот ҳам қабул қилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG