Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:01

Эр хотини ва болалари ўлимига айбдор топилди


Хўжанд шаҳри суди оиладаги зўравонликлар оқибатида ўзини ва икки норасида фарзандини дарёга ғарқ қилган Замира Олимованинг эри Ҳалим Олимовни олти йилга озодликдан маҳрум этди.

Бу воқеа май ойида содир бўлганди. Бобожон Ғафуров туманида яшовчи З.Олимова кечки соат саккизларда фарзандлари - 11 ойлик Муҳиддинжон, 6 яшар Мўбинжон ва 8 ёшли Заринани олиб, Сирдарё устидаги кўприкка келди. Замира аввал чақалоғини , сўнг Мўбинжонни дарёга ташлаб юборди. Онасининг бу ҳаракатидан қўрқиб кетган Зарина чинқириб йиғларди. Замира уни ҳам дарёга отмоқчи эди, лекин икки йўловчи уни онанинг чангалидан тортиб олди. Шундан сўнг Замира ўзини ҳам дарёга ташлаб, ғарқ бўлди. Марҳумларнинг жасадлари бир кундан кейин топилди.

Хўжанд шаҳри суди айнан шу ишни кўриб чиқди. Судгача олиб борилган тергов натижасида Замиранинг ўзи ва болалари жонига қасд қилишига эрининг унга муносабати ва оиладаги иқтисодий қашшоқлик сабаб экани маълум бўлди.

Судга раислик қилган Мавжуда Пўлатова сўзларига кўра, Ҳ.Олимов хотинини тинимсиз жисмоний азоблаши ва калтаклаши оқибатида Замира шундай йўл тутишга мажбур бўлган. Замира эрининг бу зўравонликларидан қутулишининг бошқа йўлини топа олмаган.

“Замира ва икки гўдагининг фожеасига Ҳ.Олимовнинг жиноий ҳаракатлари сабаб бўлган”, - деди судья.

Ҳ.Олимов судда хотинида ирсий руҳий касаллик бўлгани, у ўзини ва фарзандларини айни шу касаллик хуруж қилган пайтда сувга ғарқ этганини таъкидлади. Аммо судья М.Пўлатова эса ўтказилган тиббий экспертиза Замиранинг соғлом бўлганини тасдиқлаганини билдирди. Шу билан бирга, эр-хотиннинг иккаласи ҳам ишсиз бўлиб, қашшоқ ҳаёт кечиргани, оиладаги доимий жанжаллар ва иқтисодий қийинчилик эса Замирани фожеали йўл тутишга мажбур қилганини айтди.

Тожикистондаги хотин-қизлар муаммоси билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар мамлакатда болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётганини қайд этмоқда.

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Инис” нодавлат ташкилоти раҳбари Гулчеҳра Раҳмонованинг билдиришича, оиладаги зўравонликлардан аёллар ва болалар жабр кўрмоқда. Бироқ бундай ҳолатларнинг кўпларида аёллар бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермайди.

Хўжанддаги “Ёшлар ва тамаддун” жамоатчилик институти директори Абдусамад Султонов ёшларнинг худкушликка қўл ураётганига, аввало, жамиятни айблади.

“Ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топа олмаётгани, қашшоқлик худкушликка олиб келаётган бирламчи сабаблардир. Ёшлар фаолиятини, уларнинг турмуш тарзини тўлалигича қамраб оладиган ҳукумат дастури йўқ. Хўжандда жорий йилнинг олти ойида 30 дан ортиқ одамнинг ўз жонига қасд қилгани ўта нозик ва эътиборли масала эканини фақат нодавлат ташкилотлар эмас, балки ҳукумат ҳам яхшилаб ўйлаб кўриши керак”, - дейди Абдусамат Султонов.
XS
SM
MD
LG