Линклар

Буюк Британия Бош вазири Тони Блэрнинг душанба куни кутилмаган ташриф билан Афғонистонга келиши кутилмоқда.


Айни пайтда Покистонга сафар қилаётган Блэр Лахор шаҳрида Покистон президенти Парвез Мушарраф билан учрашиб, терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш борасидаги ҳамкорлик масалаларини мухокама этган. Покистонга қўшни Афғонистонда Британиянинг 5000 аскарли қўшини жойлашган ва улар НАТО етакчилигидаги халқаро тинчликпарвар қўшинлар таркибида Толибонга қарши амалиётларда қатнашиб келмоқда. Аммо, Лаҳорда ўтган учрашувда Британия Бош вазири Тони Блэр ва Покистон президенти Парвез Мушарраф терроризмга қарши курашда ҳарбий бўлмаган чораларга урғу берилиши, жаҳон бўйлаб мўтадил мусулмонларни қўллаб қувватлаш кераклигини таъкидлашган. Айни пайтда Лондон ҳукумати Покистонга беражак ёрдамлари миқдорини икки баравар оширишини билдирган. Бу маблағлар Покистоннинг қашшоқ минтақаларини ривожлантириш ишларига сарфланади. Покистон президенти парвез Мушарраф хориж сармояларининг мамлакат халқи аҳолиси учун нақадар муҳимлигини урғулаган.
"Қайта тиклаш ва тараққиёт масаласи ҳам муҳим. Мен бош вазир Тони Блэрга ўта йирик миқдорда сармоялар зарурлигини, Маршал планига ўхшаш режа ишлаб чиқилиши ва миллиардлаб долларлар ётқизилиши керак деб ҳисоблаётганимизни айтдим", - деди Покистон президенти.
Айни пайтда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Дехлида Афғонистонни қайта тиклаш минтақавий анжуманида қатнашмоқда. Анжуманда чиқиш қилган карзай Афғонистондаги беқарорлик бутун минтақага тахдид эканини таъкидлаган. Афғонистон бўйича иккинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик анжуманида 18 давлат, жумладан, Покистон, Эрон, Хитой, АҚШ ва Россия вакиллари иштирок этмоқда. Афғонистон бўйича биринчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик анжумани бир йил олдин Кобулда ўтказилган эди.
XS
SM
MD
LG