Линклар

logo-print

Гуантанамода сақланган ўзбек Албаниядан бошпана олди

  • Фаррух Юсуфий

Албания ҳукумати АҚШнинг Гуантанамо қамқохонасидан озод қилинган уч собиқ маҳбусга бошпана беришга рози бўлди. Маҳбусларнинг бири ўзбекистонлик экани айтилмоқда.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон, Миср ва Жазоирнинг Гуантанамода сақланган бу уч фуқароси “рақиб жангчиси” эмаслиги аниқлангач, АҚШ ҳукумати уларни озод қилган.

Маълум бўлишича, уларга Албаниядан бошпана бериш қарори Вашингтон ва Тирана ўртасидаги ўзаро келишув натижасидир.

БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича олий комиссарлиги матбуот вакили Уильям Спиндлер бу маҳбусларнинг озод этилиши ва бошпана берилишида қочқинлар идорасининг роли фақатгина маслаҳатдан иборат бўлганини айтади.

“Биз жараённи яқиндан кузатяпмиз, бу борада расмийлар билан доимий мулоқотдамиз. Мазкур жараёндаги ролимиз фақатгина маслаҳат бериш ва техникавий ёрдам кўрсатишдан иборатдир. Маҳбусларга бошпана бериш қарорини Албания ҳукумати чиқарди”, - деди У.Спиндлер.

Албания ҳукумати матбуот вакилининг “Ассошиэйтед пресс”га айтишича, Вашингтон бу уч маҳбусни озод этишга қарор қилгандан кейин расмий Тирана инсонпарварлик нуқтаи назаридан уларга бошпана беришга рози бўлган.

Маҳбусларнинг исми ва қачон Тиранага етиб келиши ошкор қилингани йўқ.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек фуқаросининг Гуантанамодан озод қилингани ва Албанияга юборилаётгани хусусида изоҳ беришдан бош тортди.

Қизил хоч ва Қизил яримой халқаро федерацияси Гуантанамодаги маҳбуслар ҳолидан хабар олиб турган. Ташкилот матбуот котиби Винсент Люссернинг билдиришича, ушбу идора вакиллари шанба куни озод қилинган маҳбуслар, жумладан, Ўзбекистон фуқароси билан Гуантанамода учрашган.

“Гуантанамодаги қамоқхонага мунтазам равишда бориб, у ердаги барча маҳбуслар билан учрашиб турамиз. Хусусан, куни-кеча озод қилинган маҳбуслар билан ҳам бир неча марта суҳбатлашганмиз. Улар озод қилиниб, бошқа давлатга кўчирилаётган экан, бу вазиятни ҳам яқиндан кузатиб борамиз. Албанияга етиб келгандан кейин улар билан минтақадаги вакилларимиз учрашади”, - дейди В.Люссер.

Албания июль ойида ҳам Гуантанамодан озод қилинган хитойлик беш уйғурга бошпана берган эди.

Уч маҳбус, жумладан, Ўзбекистон фуқароси Гуантанамодан озод қилиниши керак бўлган 38 маҳбуснинг сўнггиси бўлди. АҚШ бир неча ой аввал бу маҳбуслар “рақиб томоннинг жангчилари эмас”, деган хулосага келган ва уларни озод этишга қарор қилган эди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Гуантанамодаги қамоқхона маҳбусларининг ҳуқуқлари поймол этилаётгани, АҚШ ҳарбийлари террорчиликда гумон қилинаётганларни қийноққа солаётганини айтиб келади. Вашингтон ҳукумати эса 400 га яқин кишининг ҳеч қандай айбловсиз бир неча йил давомида ҳибсда сақлаб турилаётганини улар Америка миллий хавфсизлигига таҳдид солиши билан изоҳлаб келади.

Гуантанамо маҳбусларининг аксариятини 2001 йилда АҚШ етакчилигидаги халқаро кучлар Афғонистонни ишғол қилгандан кейин асир олинганлар ташкил этади.

Илгарироқ Гуантанамо қамоқхонасида Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда гумон қилинган ўзбекистонлик 4 фуқаро борлиги хабар қилинган эди. Энди уларнинг бири озод этилиб, Албанияга жўнатиладиган бўлди.
XS
SM
MD
LG