Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:57

Шпиономания қачон тугайди?


Сарвар Усмон, Ҳабибулла Ботиров, Садриддин Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги вазиятдан чуқур ташвишда эканини билдирди.

Қўмита тарқатган баёнотда 16 ноябрь куни Тожикистон чегарачиси Ўзбекистон чегарачисини “нишонга олиб отган”и айтилади.

16 ноябрь кунги воқеа ва шу воқеа муносабати билан эълон қилинган баёнот Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида кейинги пайтларда кузатилаётган совуқликнинг бир кўриниши, холос.

“Интерфакс” ахборот агентлигининг Ўзбекистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасидан олинган маълумотга таяниб хабар қилишича, биргина 2006 йилда Тожикистон Давлат чегара қўмитаси хизматчилари томонидан ўзбекистонликларга нисбатан 24 марта ғайриқонуний ҳаракат амалга оширилган.

Роппа-роса 2 ой муқаддам, 21 сентябрь куни “Regnum” ахборот агентлиги Ўзбекистон Давлат чегара қўмитасидан олинган маълумотга таяниб, 2006 йил бошидан буён Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида тожик чегарачилари айби билан 10 дан зиёд инцидент юз бергани тўғрисида ёзган эди. Демак, 2 ой ичида “10 дан зиёд” “24” га айланибди-да?!

“Озодлик” мухбири Тожикистон Давлат чегара қўмитаси билан боғланиб, ўзбекистонлик ҳамкасбларининг баёнотига шарҳ беришни сўради.

Мазкур идора матбуот хизмати ходими Ҳусниддин Раҳматуллоев 16 ноябрь кунги ҳодиса - ўзбекистонлик чегарачи Асадулло Элмуродовнинг отиб ўлдирилиши ҳақида гапирар экан: “Бу қасддан амалга оширилган қотиллик эмас эди. Балки аскаримиз хизмат низомига риоя қилган ҳолда иш тутди. Ўзбекистонлик чегарачилар чегарани бузиб ўтгани сабабли аскаримиз аввалига икки марта огоҳлантирув ўқи отди. Ўзбекистонлик чегарачи парво қилмагандан сўнг унга қарата ўқ узишга мажбур бўлди”, - деди.

Ўзбекистон-Тожикистон чегарасидаги кўнгилсиз, баъзан эса фожеавий воқеалар бу икки давлат ўзаро муносабатларидаги чигалликларнинг бир кўриниши, холос.

Тошкент билан Душанбе сўнгги пайтларда бир-бирининг фуқароларини жосусликда айблаб судламоқда, узоқ муддатли қамоққа ҳукм қилмоқда.

Мана энг сўнгги мисоллардан бири. Ўтган ҳафтада Ўзбекистон ҳарбий суди Тожикистон фойдасига жосуслик қилишда айбдор топилган 5 кишини 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этди.

20 ноябрь куни эса “Жеймс Бонд” лақабли тожикистонлик Муродилло Жўраев устидан Ўзбекистон судининг ҳукми чиқарилди. М.Жўраев 15 йилга қамалди.

Ўзбекистонга қарашли ахборот манбаларида айтилишича, М.Жўраев ватани Тожикистонда 90-йиллар бошидаги фуқаролар уруши давомида қилган жиноятлари учун қамалган эди. Лекин Тожикистон маъмурлари Ўзбекистон ҳудудида бир неча амалдорни ўлдириш вазифасини юклаб уни қамоқдан чиқарган, пул ва қурол билан таъминлаган.

“Озодлик” мухбири бу масала юзасидан Тожикистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Вазирликнинг юқори лавозимли ходими Анвар Тоғаймуродов сўзларига кўра, М.Жўраев Сурхондарёда туғилган. У Маҳмуд Худойбердиев етакчилигидаги исённинг иштирокчиларидан бири. 1998 йилдан буён қидирилаётган эди.

“Биз уни қўлга олиб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилган эдик. У турмадан чиққан, полковник Ҳафизовнинг ўлими билан боғлиқ ишга алоқаси бор. Ўзбекистон айтаётган гаплар мутлақо ёлғондир. Кўнгилларига келган нарсани қилишяпти”, - деди А.Тоғаймуродов.

Ўзбекистон фойдасига жосусликда айбланиб, сўнгги бир неча йил ичида Тожикистонда жазога тортилганлар ҳам ҳам талайгина.

2006 йил давомида Сўғд вилояти суди Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилишга оид бешта ишни кўриб чиқди ҳамда Ўзбекистон фуқароси ва Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган 5 шахсни 13 йилдан 15 йилгача муддатларга озодликдан маҳрум этди.

Июнь ойи бошида асли Тожикистоннинг Истарафшон шаҳридан бўлган, кейин Ўзбекистон пойтахтидаги Қорасув даҳасида истиқомат қилган Иброҳим Йўлдошев жосусликда айбланиб 13 йилга қамалди. Айблов хулосасига кўра, И.Йўлдошев Тошкентда яшаган чоғида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимларига Тожикистондаги вазият, масжидлардаги одамларнинг кайфияти, сайловлардаги масалалар ҳақида ахборот бериб турган.

Шунингдек, 2 июнда Сўғд суди ҳарбий полковник Абдукарим Ғафуровни ҳам Тожикистонга оид маълумотларни Ўзбекистон махсус хизматларига етказиб беришда айбдор топиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этди.

Унинг устидан ўтказилган судга раислик қилган Амирхон Исҳоқовнинг “Озодлик”ка айтишича, А.Ғафуров асли Сўғд вилоятидаги Бобожон Ғафуров туманининг Исфисор қишлоғидан, миллати ўзбек. У собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистонга кўчиб кетиб, бир қанча ҳарбий лавозимларда ишлаган, жумладан, Андижон вилоятининг собиқ Комсомолобод, Жалолқудуқ туманларида ҳарбий комиссар бўлган. Тожикистонга, ота юртга тез-тез келиб турган. Шу ерда ноқонуний йўллар билан Тожикистон фуқаролиги паспортини ҳам олган. Исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиевнинг Сўғд вилоятига ҳужумидан сўнг бу ердаги вазият, одамларнинг кайфияти ва бошқа муҳим хабарларни Ўзбекистон МХХга етказиб турган.

Адвокат Татьяна Хотюхина сўзларига кўра, А.Ғафуров жосуслик айбини тан олмаган. У фақат чегарадан ноқонуний ўтгани ва ҳужжатларни қалбакилаштирганини бўйнига олган.

Ўзбекистон фуқароси, асли Тожикистоннинг Истарафшон туманида туғилган, қамоққа олингунга қадар Тошкент шаҳрида истиқомат қилган Абдужалол Қодиров ҳам жосуслик айби билан 13 йилга қамалган.

Август ойида Ўзбекистон МХХ Бешариқ тумани бўлими собиқ бошлиғи Карим Собиров ҳам Тожикистонда ватанга хиёнат қилишда айбланди ва 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд жараёнига раислик қилган Амирхон Исқоқовнинг билдиришича, К.Собиров собиқ иттифоқ даврида Тожикистон Давлат хавфсизлик қўмитасининг Хўжанд тумани бўлимида ишлаган. Мустақилликдан сўнг 1991 йилдан 1997 йилгача Ўзбекистон МХХда фаолият юритган. 1997 йилда нафақага чиққан ва туғилган жойи Конибодомга келиб яшай бошлаган. Унда Тожикистон фуқаролигини тасдиқловчи паспорт ҳам бўлган.

Асли Истарафшон шаҳридан, сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги Янгиер шаҳрида яшаган, фуқаролиги йўқ ўзбек Ёри Ёқубов ҳам август ойида 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Айблов хулосасига кўра, у “Рустам” тахаллуси остида иш юритиб, Тожикистондаги вазият, одамларнинг кайфияти, уларнинг сайловлар ҳақидаги фикрлари ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон МХХга етказиб турган.

Шу йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Шимолий Тожикистонда Ўзбекистоннинг яна уч фуқароси жосусликда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Айни пайтда улар устидан тергов кетяпти.

Ана шунақа гаплар. Шпион-шпион ўйини кучайгандан кучайиб бормоқда. Бу жойда “ўйин” сўзи ишлатишига Ўзбекистон билан Тожикистоннинг бошқа қўшнилари билан бундай можароси йўқлиги бироз ҳуқуқ беради.

Хўш, нега шундай бўлиб қолди?

Оддий кишиларнинг худди шундай саволи бор, жавоби йўқ.

“Нега шу пайтгача бирор тожикистонлик жосуснинг Ўзбекистонга бориб қўпорувчилик қилгани ёки ўзбекистонликнинг Тожикистонда шундай иш қилгани тўғрисида эшитган эмасмиз”, - дейди тингловчилардан бири.

Хўш, бунинг сабаблари нимада?

Қозоғистонлик дипломат Мурат Ауэзов мазкур масала устида фикр юритар экан, сабабни учинчи кучларнинг ғараз ниятидан, деб билади.

“Бу ишларнинг ҳаммаси Марказий Осиё мамлакатларининг барқарорлиги манфаатларига ёқмаганлар олиб бораётган сиёсат маҳсули бўлиши мумкин”, - дейди М.Ауэзов.

У кўп йиллар Қозоғистоннинг Хитойдаги элчиси бўлиб ишлаган ва Пекин олиб бораётган сиёсатдан яхши хабардор бўлгани учун ўша учинчи куч Хитой бўлиши мумкинлигини ҳам айтди. Қолаверса, унинг таъкидича, Россия ҳам минтақа субъектлари ўртасидаги аҳилликдан манфаатдор эмас.

М.Ауэзов икки давлат ўртасидаги шпиономания сабабларини Тошкент ва Душанбе раҳбарларининг ўзаро муносабатларидан ҳам излайди.

“Менимча, минтақа лидерларининг мустақилликдан “мастлиги” ҳалигача тарқаб бўлмаган. Улар муайян ҳудудда ўзича асосий одамлар бўлиб олди ва ўша асосийликни, биринчиликни қўлдан бериб қўймаслик учун ҳар қандай воситадан фойдаланади. Ўша воситалардан энг қадимийси душман образидир, душман образини яратишдир”, - деди дипломат.

Икки қўшни, икки қон-қардош давлат бу чигал вазиятдан қандай чиқиши мумкин?

Оддий бир ўзбекнинг фикрича, бунинг учун бошнинг фавқулодда катта бўлиши шарт эмас. Ҳар иккала томон бир-бирига лаббай, деб пешвоз чиқиши, икки мамлакат, икки халқни бир-биридан ажратаётган тўсиқларни олиб ташлаш кифоя қилади. Ўша тўсиқларнинг ҳар куни кўзга тушадигани чегара тўсиғидир.

“Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги виза тартиби Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлгач, май ойида бекор қилинади, деган гаплар пайдо бўлганди. Кейин июнь ойида бекор бўлармиш, дейишди. Июнь ҳам ўтди. Мана энди ноябрь. Афсуски, афтидан ўша гаплар амалга ошмайдиганга ўхшайди”, - дейди “Озодлик” тингловчиларидан бири.

Нега? Оддий ўзбекнинг бу хусусда ҳам ўз фикри бор:

“Менимча, бунинг асосий сабаби жорий виза тартибидан жуда катта гуруҳ вакиллари манфаатдор эканидадир. Улар чегарачилар, божхоначилар, оддий милиция ходимлари ва айтилганларнинг катта- кичик раҳбарларидир. Чегарада оддий фуқаронинг тартиб бузишига ҳам ҳожат йўқ. Шундоқ тўхтатиб паспортни оладида, излаб бир айб топади. Чўнтагингиздаги майда пулларгача олмагунларича қўйиб юбормайди”.

Хуллас, оддий ўзбекнинг мантиғича, икки мамлакат ўртасидаги кўнгилсизликлар томонларнинг ҳар бири ўз давлати манфаатларини ўйлаётганидан эмас, балки шахсий манфаатларини кўзлаётгани натижасидир.

“Мана шу нуқтаи назардан,- дейди оддий тингловчи, - менимча, ҳақиқатан ҳам ўз вазифаларини суиистеъмол қиладиган одамлар учун виза тартиби жуда катта даромад манбаидир. Бу одамларни уюшган жиноий гуруҳ, дейиш мумкин. Уларнинг ҳукуматда ҳам, парламентда ҳам ўз одамлари, ҳомийлари бор”.
XS
SM
MD
LG