Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:40

Қирқ ҳунарли Гулнора


Гулнора Каримова.
Гулнора Каримова.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Тошкент шаҳрида либослар кўргазмасини ташкил қилди. Бу либослар дизайнини унинг ўзи ишлагани хабар қилинмоқда.

Мовут, шойи ва қоракўл тери парчаларидан тикилиб, турли тақинчоқлар билан безатилган либослар тақдимотида россиялик таниқли дизайнер Валентин Юдашкин, машҳур режиссёр Никита Михалковнинг рафиқаси Татьяна Михалкова каби казо-казо меҳмонлар иштирок этди.

Бундан сал олдин “Унутма мени” қўшиғини оммага тақдим этган Г.Каримова энди ўзини либослар дизайнери сифатида намойиш этмоқда.

“Тошкентда ўтаëтган мода ва дизайн ҳафталиги кенг жамоатчилик диққат марказида бўлди”, - деб ëзди Россиядаги нашрлар.

Модалар уйи марказидаги фаввора устига қалин шиша қути тўнкарилиб, шаффоф саҳна ясалди. Шиша ичидан фаввора отилиб турди. Узуноёқ соҳибжамоллар эса Г.Каримова ижодига мансуб турли-туман либосларни кўз-кўз қилди.

“Гулнора хоним эрмак қилмоқда, - дейди тошкентлик таниқли рассом Слава Охунов. – Тўғрироғи, бундай қимматбаҳо эрмак учун бу хонимда имконият бор. Эрмакталаб Гулнора тасвирий санъат асарлари кўргазмаси билан шуғулланиб кўрди, бу эрмакдан зерикиб, шеърлар қоралади. “Белла Терра” журналида бу шеърлар эълон қилинди. Шеърларнинг савияси жуда паст эди. Либослар кўргазмаси эса китч ва мешчан дидсизлигининг энг тубан кўриниши, дейишимиз мумкин”.

С.Охунов санаган ва Г.Каримова банд бўлган эрмаклар - санъат, мусиқа ва замонавий либослар ëшлар қизиқиши марказида туради.

Истмат Диаматов тахаллуси остида “Озодлик”ка интервью берган ўзбекистонлик жамиятшунос олим фикрича, Г.Каримова шоу-тадбирлар воситасида ëшлар эътиборини қозонмоқчи.

“Оммавий шоу-тадбирлар юксак санъат ва интеллектдан кўра кўпроқ қадрланаëтган бир пайтда Гулнора ëшлар эътиборини, пировардида уларнинг овозини қозониши мумкин, деган хавотир бор. Афсус, бу шундай”, - дейди жамиятшунос.

Олимнинг айтишича, Ўзбекистондаги маҳдуд ҳудуд шиша парчаларига бриллиант, дея сиғинаëтган ëшларнинг манқуртлашган галасини пайдо қилди.

Балки Г.Каримова иқтидорга келса, ўзгаришлар хамиртуруши бўлар?

“Мен итдан бўлган қурбонликка ярамас, деган эски мақол тарафдориман. Гулнора ўсган муҳит шу қадар жирканчки, бу ердан тоза чиқишнинг сира иложи йўқ. Гулноранинг очкўзлиги, пасткашлиги ва янги-янги соҳаларни чангаллаб, беш бармоғини оғзига тиқаëтганини кўриб, бошқача гапириш мумкин эмас”, - дейди И.Диаматов.

Айни пайтда ўзбек ëшлари орасида Гулнорага тоқатли муносабатда бўлаётганлари ҳам бор.

“Мен Гулноранинг либослар дизайнери бўлганига оддий қарайман. Агар бу либосларни ўзи тиккан бўлса, намойиш қилаверсин”, - дейди ёшлардан бири.

Рассом Слава Охунов масалага сал кенгроқ ëндашишни таклиф қилди.

“Марказий Осиёдаги президентларнинг қизлари халқ фожеасига айланди, - дейди у. - Назарбоевнинг қизи ҳам қўшиқлар айтиб, пластинкалар чиқарди, қовун-қовундан ранг олиб, Гулнора ҳам куйлаб юборди. Бу бошлиқларнинг болаларига теккан касаллик эпидемиясидир”.

С.Охунов Ўзбекистондаги либос дизайнерлари иш топа олмай юрган бир пайтда Г.Каримованинг санъат билан уқувсизларча шуғулланиши инсофсизлик эканини айтади.

“Мовут, сувсар терилардан кимдир тикиб берган кийимларни меники, деб айтиш уятсизликдир. Бу либосларни санъат, деб айтиш учун рус дизайнери В.Юдашкиннинг пул эвазига Тошкентга келганини қандай баҳолашни ҳам билмайман”, - дейди С.Охунов.

“Халқ оч қолаëтган пайтда шиша саҳналарда бахмалу мовут кийимларни кўз-кўз қилаëтган президент қизи таклифига биноан тадбирда рус сиëсатшунослари Вартан Тоганян ва Андроник Мигранян ҳам иштирок этди, - дейди жамиятшунос И.Диаматов. -Улар ўзбек режими, деб аталмиш лойқа сувда балиқ овламоқда. Қаранг-а, Г.Каримова рассоммиш. У олдин ўзини сиëсатшунос олим, деб иддао қилар эди. Рассомлик иддаоси ҳам шу тахлит”.

Агар рассом асарини тушунман десангиз, у яшаëтган мамлакатга сафар қилинг, деган эди немис шоири Гёте. Демак, Г.Каримова ижодига баҳо бериш ҳам ўзбекистонликларга ҳавола.
XS
SM
MD
LG