Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:14

Александр Литвиненкони ким заҳарлади?


Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Буюк Британиядан сиёсий бошпана олган собиқ ходими Александр Литвиненко Лондондаги ресторанда бир киши билан овқатлангандан кейин шифохонага ётқизилди.

А.Литвиненко кучли таъсир этувчи таллий моддаси билан заҳарлангани тахмин қилиняпти. Айни пайтда шифохонада у ётган палата қуролли соқчилар томонидан қўриқланмоқда. Унинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан Лондон полициясининг террорчиликка қарши кураш бўлими тергов олиб бормоқда.

18 ноябрь куни А.Литвиненкони кўришга муваффақ бўлган ўртоғи Алекс Голдфарб “Озодлик” мухбири билан суҳбатда: “Мен уни охирги марта кеча кўрдим. У худди арвоҳга ўхшаб қолган. Унинг ҳамма сочлари тўкилиб кетган. Худди шамоллаган каби оғзи қизариб кетган. Атиги бир ой олдин у келишган, ёш ва чиройли йигит эди”, - деди.

А.Литвиненко заҳарланиб қолганига қарийб уч ҳафта бўлди. Лондон университети шифохонаси ходимлари унинг сешанба кунги аҳволини “оғир ва барқарор”, деб баҳолади. Шифокорларнинг айтишича, 43 ёшли А.Литвиненко таллий (кўкимтир юмшоқ темир моддаси) билан заҳарланган. Бу модда каламушларни ўлдиришда ишлатиладиган заҳарга қўшилади. У нерв тизими ва ўпка фаолиятини ишдан чиқаради.

А.Литвиненко 7 октябрь куни суиқасд қурбони бўлган россиялик журналист Анна Политковская ўлими ҳақида тафсилий маълумот беришни ваъда қилган кимса билан билан учрашгандан бир неча соат ўтиб ўзини жуда ёмон ҳис қила бошлаган.

11 ноябрь куни “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган А.Литвиненко воқеани бундай тасвирлаган эди: “Бир одам қўнғироқ қилиб, менга маълумот беришини, жумладан, Политковскаяни ўлдирган одамлар ҳақида тафсилий маълумот беришини айтди. Ўшанда 1 ноябрь эди. Мен ўша одам билан учрашдим. Биз ресторанда ўтирдик. У менга бир қанча қоғозлар берди. Кейин уйимга кетдим. Бир неча соатдан кейин ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Мен жуда ёмон заҳарландим. Ҳозир шифохонадаман”.

Буюк Британиядаги “Sunday Times” газетаси мухбири Дэвид Леппард А.Литвиненко масаласида токсиколог Жон Генри билан суҳбатлашди.

Ж.Генри икки йил олдин Украина президенти Виктор Юшченконинг диоксин моддаси билан заҳарланганини текширган.

Ж.Генри Д.Леппардга А.Литвиненко номаълум шахс томонидан атайин заҳарланганини айтган.

“Таллий одам танасига овқат ва суюқликдан бошқа йўллар орқали юборилиши мумкин бўлган дори. Бу моддани терига суртиш ёки бошқа усуллар орқали танага киритиш мумкин. Дори ўз таъсирини кўрсатиши учун бир неча соат ўтиши керак бўлади. Жаноб Литвиненко 1 ноябрь куни Пикадиллидаги япон ресторанида учрашган одамдан бошқа шахс томонидан заҳарланган ҳам бўлиши мумкин. Аммо у ўша куни заҳарлангани аниқ”, - дейди токсиколог.

Олти йил олдин Буюк Британиядан сиёсий бошпана олган собиқ хавфсизлик хизмати ходими А.Литвиненко Россия Федерал хавфсизлик хизмати унга россиялик олигарх Борис Березовскийни ўлдириш ҳақида топшириқ берганини иддао қилган. Бу билан у Кремль расмийлари ғазабини қўзғаган.

А.Литвиненко Россия махсус хизматини танқид қилувчи бир нечта китоб ёзган. У ўз китобларида 1999 йилда Москвадаги турар-жой биносининг портлатилиши ва юзлаб одам нобуд бўлган бошқа ҳужумлар Россия ФХХ томонидан уюштирилганини айтган. Кремль расмийлари ўша ҳужумлар учун масъулиятни чечен жангарилари зиммасига юклаган. Бу Иккинчи чечен уруши бошланишига асос бўлган.

А.Литвиненко Беслан мактабида юзлаб одамнинг гаровга олингани воқеасига ҳам Россия ФХХ алоқадор бўлиши мумкинлигини айтган. Шу боис, А.Литвиненконинг тарафдорлари Кремль расмийлари ўз танқидчисидан қутулиш мақсадида уни заҳарлаган, деган фикрда.

Бироқ Россия расмийлари А.Литвиненконинг заҳарланишида Кремлнинг қўли борлиги ҳақидаги иддаоларни рад этмоқда. Россия президенти матбуот хизмати вакили Дмитрий Песков “Рейтер” ахборот агентлигига: “Кремль шаънига қарши айтилаётган бу иддаоларни шарҳлашга ҳеч қандай ҳожат йўқ, деб ўйлаймиз. Чунки бу мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Биз бу воқеани шарҳлай олмаймиз. Аммо иддаолар умуман мантиқсиз”, – деди.
XS
SM
MD
LG