Линклар

logo-print

Россия меҳнат мигрантларини тартибга солмоқчи


Россия бош вазири Михаил Фрадков мамлакатга келаётган хорижий меҳнат мигрантлари оқимини тартибга солишга қаратилган махсус қарорни имзолади. Қарорга кўра, Россия билан виза тартиби бўйича борди-келди қилувчи мигрантлар сони 20 минг кишига камайтирилиши кутилмоқда.

Шунингдек, МДҲ мамлакатларидан келган мигрантларнинг бозорларда савдо-сотиқ қилиши, ичимликлар ва дори-дармон дўконларида ишлаши тақиқланган.

Меҳнат мигрантлари оқимини тартибга солишга қаратилган бу қарор 2007 йил 15 январдан кучга киради.

Таҳлилчилар фикрича, бу қарор, асосан, Грузия, Хитой ва Вьетнамдан келган мигрантларга қарши қаратилган.

Россиядаги айрим газеталар бу қарорни ҳукуматнинг ўйланмай ташланган қадами сифатида баҳоламоқда. Жумладан, “Российская газета” бозорлар ва дўконларда ишлаётган меҳнат мигрантлари чиқариб юборилса, 2 миллион ишчи ўрни бўшаб қолиши, бу ўринларни россияликлар билан мутлақо тўлдириб бўлмаслиги ҳақида ёзди.

Россиядаги нодавлат ташкилотлардан бирининг раҳбари Лидия Графованинг айтишича, Россия ишчи кучидан қийналиб турган вақтда бу қарор ўйланмасдан қабул қилинган.

Россия Давлат думаси раиси ўринбосари Сергей Бабурин бу қарор қабул қилинишини олқишлайди.

“Бу жуда кечикиб қабул қилинган қарор, деб ҳисоблайман. Аллақачон шундай тартиб ўрнатилиши лозим эди. Энг аввало, ҳар бир давлат ўз меҳнат бозорини ҳимоя қилиши, ўз аҳолисини иш билан таъминлаб бўлгачгина, бошқаларга иш таклиф қилиши мумкин. Россияда эса бугунги кунда ишсизлик даражаси жуда юқори. Бундан ташқари, хорижлик мигрантлар савдо шахобчаларида ишлаб, жуда кўп маблағни ўз ватанига олиб чиқиб кетмоқда. Шу жиҳатдан олиб қаралса, қарорнинг қабул қилиниши яхши воқеадир”, - дейди С.Бабурин.

Москвада яшаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевнинг сўзларига кўра, бу қарор Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларга оммавий тарзда таъсир кўрсатмайди.

“Чунки, - дейди у, - Россия бозорларида савдо қилувчи ўзбеклар сони у қадар кўп эмас. Ўзбеклар, асосан, арзон ишчи кучи сифатида баҳоланиб, қурилиш ва қора ишларда ишлайди”.

Агар Россия бозорларида савдо қилаётган марказий осиёликларнинг барчаси жамланса, салмоқли рақам пайдо бўлиши мумкин. Масалан, Россиядаги “Қирғиз бирдамлиги” ташкилоти раҳбари Қосим Темиров савдо соҳасида ишлаётган мигрантлар орасида қирғизлар кўплигини айтади.

“Бу қарорнинг бизга зиёни катта бўлади. Чунки Россияга келган қирғизларнинг асосий қисми бозорларда меҳнат қилади. Бу қарор кучга кирса, улар қаерга боради?”, - дейди Қ.Темиров.

Бу масала Қирғизистон парламентини ҳам ташвишга солди. Парламентдан олинган маълумотларга кўра, Россияда меҳнат қилаётган 500 мингга яқин қирғизнинг 50 фоизи бозорларда савдо қилади. Улар қайтиб келишга мажбур бўлса, Қирғизистонда катта ижтимоий-иқтисодий бўҳрон бошланиши мумкин.

Шунинг учун ҳам қирғиз парламенти расмий Москва билан бу борада зудликда музокараларни бошлаш керак, деган қарорга келди.

Россияда юз минглаб ўзбеклар ҳам меҳнат қилади. Бироқ Ўзбекистон раҳбарияти ҳозирча бу борада бирор ташвиш билдиргани йўқ.

Россия Федерал миграция хизмати мамлакатда миграция полицияси ташкил этилиши ва бу полиция меҳнат мигрантлари борасида қабул қилинган қарор ижроси билан шуғулланишини маълум қилмоқда. Бу полиция бозорлар, савдо шахобчалари ва йирик корхоналарда мунтазам рейдлар ўтказиб, ноқонуний тарзда ишлаётган мигрантларни Россиядан чиқариб юбориш билан шуғулланади.

Россиядан ҳайдалган мигрантларнинг асосий қисми эса минтақадаги нисбатан бойроқ давлат бўлган Қозоғистонга келиб ўрнашиши мумкин.

Хўш, Қозоғистон юз минглаб ўзбек, қирғиз ва тожик мигрантларини қабул қилишга тайёрми?

“Фарғона.ру” ахборот агентлиги хабарига кўра, Қозоғистон айни мана шу жараёнга тайёргарликни бошлаб юборгандек кўринади. Қозоғистон парламенти 20 ноябрь куни мамлакат қурилишларида ишлашни ният қилган мигрантлар сонини чекламаслик тўғрисидаги қонунни тасдиқлади.
XS
SM
MD
LG