Линклар

Ироқ ва Сурия ўртасида дипломатик алоқалар қайта тикланди

  • Ҳасанжон

Ироқ ташқи ишлар вазири Ҳушёр Зебарий Бағдодда суриялик ҳамкасби Валид Муаллим билан учрашувдан кейин икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар қайта тикланганини эълон қилди.

Шунингдек, у Ироқ ва Сурия ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорликка оид шартнома имзоланганини ҳам маълум қилди.





Ироқ ва Сурия ўртасидаги дипломатик алоқалар 24 йил олдин, Дамашқ расмийлари Ироқни Сурия ҳукуматига қарши гуруҳларни қўллаб-қувватлаётганликда айблагандан кейин узилган эди. Ҳозир икки давлат расмийлари ўтмишни бир чеккага суриб, эътиборни Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш масаласига қаратишга қарор қилган кўринади.

Сурия ташқи ишлар вазири Валид Муаллим Бағдодга келган заҳоти Дамашқ расмийлари Ироқдаги сиёсий жараёнлар ва сайланган Ироқ ҳукуматини қўллаб-қувватлашини билдирди. У, шунингдек, АҚШ қўшинларининг Ироқдан олиб чиқилиши вақти белгиланиши кераклигини айтди.

“Биз хорижий қўшинларнинг Ироқдан олиб чиқилиши вақти белгиланса, бу мамлакатда содир этилаётган зўравонликларни камайтириш ва мамлакатда барқарорликни қайта тиклашда ёрдам беради, деб ўйлаймиз”, – деди Сурия ташқи ишлар вазири.

Унинг бу баёноти АҚШ Конгрессида икки партия вакилларидан тузилган комиссия Ироқдаги Америка қўшинлари ҳақида Оқ уйга ўз тавсиясини ҳозирлаётган пайтга тўғри келди. Айтилишича, мазкур комиссия Вашингтон расмийларига Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш борасида Сурия ва Эрон билан музокара ўтказишни ҳам тавсия қилиши мумкин.

Дубайдаги “Кўрфаз” тадқиқот маркази таҳлилчиси Мустафо Алоний фикрича, Вашингтон ва Бағдод расмийлари Эрон Ироқда Сурияга қараганда жиддийроқ муаммолар яратмоқда, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Сурия араб жиҳодчиларининг Ироқ ҳудудига бемалол киришига ва исёнчиларни молия билан таъминлаш ишларига ҳеч қандай тўсқинлик қилмаяпти.

“Ироқда беқарор вазият юзага келишида Сурия Эронга қараганда камроқ масъул. Сурия эронликлар каби бирор бир сиёсий партия ёки жангари гуруҳни қўллаб-қувватламайди. Сурия жангариларнинг чегарани кесиб Ироққа бемалол кириб келишига қарши чора кўрмаётгани учун танқид қилинмоқда”, – дейди М.Алоний.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Том Кейси Вашингтон Суриядан хорижий жангариларнинг Ироққа кириб келиши олдини олиш учун чора кўришини исташини билдирди.

“Улар ўзи айтган ижобий гапларни амалда аниқ чоралар кўриш билан исботласа, мақсадга мувофиқ бўлади. Менимча, муаммо сурияликлар бир гап айтиб, амалда тескарисини қилаётганида”, – деди Том Кейси.

Дубайлик таҳлилчи Мустафо Алоний фикрича, Сурия ҳукумати ҳамкорлик қилиши эвазига қатъий шартлар қўйиши мумкин.

“Улар Ироқ борасида ҳамкорлик эвазига 1967 йилда Исроил Суриядан тортиб олган Жўлон тепаликлари борасида тўхтаб қолган музокаралар қайта бошланиши мумкинлигига умид қилади. Бундан ташқари, Ливаннинг собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририй ҳаётига суиқасд қилиниши борасида БТМ мутахассислари ўтказаётган текширув натижалари шу йил охирида эълон қилиниши кутиляпти”, – дейди М.Алоний.
XS
SM
MD
LG