Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:00

Ўзбекистон халқаро майдонда яна бир ғалабага эришди


БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор вазият учун қораловчи резолюция муҳокамасини тўхтатди. Муҳокамани тўхтатиш ташаббуси ҳам Ўзбекистондан чиққан эди.

Бош Ассамблеяда бу масала овозга қўйилганда 74 давлат Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади, 69 давлат қарши овоз берди, 24 давлат эса бетараф қолди.

Ушбу резолюция лойиҳаси Швеция томонидан тақдим этилган, Европанинг бир неча давлатлари, АҚШ, Австралия ва Лотин Америкасининг айрим мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланган эди.



2005 йил май ойида Ўзбекистон ҳукумати Андижондаги қуролли ғалаённи қонли бостириши ортидан БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистонни қораловчи резолюцияни қабул қилганди.

Жорий йилда эса Ўзбекистон атиги беш овоз фарқ билан бундан қоралашни четлаб ўтишга эришди.

Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган Хитой томони ўтган йилдан буён Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласида ижобий силжишлар рўй берганини билдирди.

Аммо БМТ бош котиби Кофи Аннаннинг махсус бўлими тайёрлаган ҳисоботда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг яхшилангани мутлақо сезилмаётгани айтилади.


Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи йил охирига қадар БМТда жиддий муҳокама этилмайдиган бўлди. Аммо буни Ўзбекистон дипломатиясининг ғалабаси сифатида баҳолаш мумкинми?

Европанинг Осиё тадқиқотлари институти Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси Жон Куиглей буни Ўзбекистоннинг ғалабаси сифатида кўрмайди.

Унинг сўзларига кўра, БМТ таркибида Ғарбнинг инсон ҳуқуқлари масаласида бошқаларга босим ўтказаётганини ёқтирмаётган давлатлар талайгина. Айни пайтда Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари масалаларида мулоқот йўлини танлаётгани ҳам рост.

“ЕИ БМТ муҳокамасига таклиф этилаётган бундай резолюцияларнинг ҳеч қандай натижа бермаслигини англамоқда. Шу нуқтаи назардан, дунёнинг бошқа жойларда кузатилаётганидек, ЕИ бора-бора кенг иқтисодий манфаатларни инсон ҳуқуқлари масаласида хавотир билдиришдан кўра устунроқ қўяди”, - дейди Жон Куиглей.

Пучга чиққан резолюция лойиҳасида Андижондаги воқеалар юзасидан халқаро тергов ўтказиш талабига кўнмаётган Ўзбекистон ҳукумати қаттиқ қораланган. Мамлакатда йил давомида 200 та нодавлат ташкилотнинг ёпилгани, бир қанча инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг қамоққа ёки руҳий касаллар шифохоналарига мажбуран жойлаштирилиши, болалар меҳнатидан фойдаланаётгани юзасидан жиддий хавотир изҳор этилган.

Мазкур резолюция лойиҳаси Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни БМТда ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари қўмитасида автоматик равишда муҳокама этилишини назарда тутади.

“Аммо бунинг олдини олган Ўзбекистон томони қайсидир маънода дипломатик ғалаба қозонди, - дейди БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги вакили Ричард Лаппер. - Ҳеч бир давлат ўзига қарши резолюция қабул қилинишини истамайди. Ишонишимча, бу резолюциянинг олдини олиш учун Ўзбекистон томони бошқа давлатлар ва ҳамкорлари ўртасида анча тарғибот ишларини олиб борган”.

Андижондаги қонли воқеалар халқаро майдонда Ўзбекистон ҳукумати узра қора булутдек гавдаланса ҳам у орадан бир ярим йил ўтиб, бу босимлар остидан аста-секинлик билан чиқмоқда.

Ўтган ҳафтада ЕИ Ўзбекистонга бир йил аввал жорий этган санкцияларини узайтирган бўлишига қарамай, тузилма Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр. Энди эса БМТда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор вазият муҳокама этилмайди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги вазиятни яхшилаш учун ҳукуматга босим ўтказиш лозимлигини ҳамда Андижонда юзлаб одамларнинг ўлдирилганини эсдан чиқариш керак эмаслигини билдираётир.
XS
SM
MD
LG