Линклар

Қозоғистонда ҳам бор бозор муаммоси


Чимкент шаҳрида бир гуруҳ савдогар норозилик акцияси ўтказди. Шаҳардаги “Жамолбек ҳожи” бозорининг элликка яқин сотувчиси бозор ёпилишига норози эканини кўча ҳаракатини тўсиб қўйиш орқали ифодалади.

Савдогарларнинг бу ҳаракати натижасида Чимкентнинг иккита кўчасида автомобиль қатнови бир неча соат давомида тўхтатиб қўйилди.

“Биз шу митинг орқали шаҳар ва вилоят ҳокимлари эътиборини тортишни ўйлаяпмиз. Чунки уларнинг қабулига киришнинг имкони йўқ. Биз додимизни кимга айтамиз ахир”, - дейди савдогарлардан бири.

Маълум бўлишича, “Жамолбек ҳожи” бозори 20 кундан буён ишламаяпти. Суд қарорига кўра, санитария меъёрларига амал қилинмагани сабабли бозор фаолияти вақтинча тўхтатилган. Сотувчилар бозорда рухсатсиз савдо-сотиқ қилишга бир неча бор уринган. Бироқ полиция ходимлари бунга йўл қўймаган. Шундан кейин улар норозилик акцияси ўтказишга қарор қилган.

Айни пайтда Чимкент шаҳридаги ўттиздан ортиқ бозор фаолияти вақтинча тўхтатилган, айримлари бутунлай ёпилган.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, шаҳардаги 54 та бозорнинг бирортаси ҳам санитария талабларига жавоб бермайди. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмайди. Қачонки бозорлар шу талабларга жавоб берадиган даражага келтирилса, кейингина улар ишга туширилади. Акс ҳолда бундай бозорлар бутунлай ёпилиши мумкин.

Савдогарлик орқасидан оила тебратаётган кишилар эса бозорлар ёпилишидан жуда қаттиқ норози эканини билдиряпти.

“Айланиб келиб бозорларга ёпишади бу раҳбарлар. Қаерга бориб савдо қилайлик? Нега амалдорлар шуни ўйламайди? Қанча халқ зор йиғлаб юрибмиз. Бўлмаса бизга бошқа иш топиб беришсин. 2-3 дипломи билан бозорда савдо қилаётганлар ҳам бор. Мен ўзим бева ҳолимга ўнта боламни боқишим керак. Лекин ҳеч ким ҳолимиздан хабар олмайди. Уйи йўқлар қанча. Шу бозордан оладиган даромадимизга фарзандларимизга уй-жой қилиб беряпмиз. Бизга ҳукумат томонидан ҳеч қандай ёрдам йўқ. Ўн йилдан бери бозорда савдо қиламан, пенсия, ёрдам пули олмайман. Энди нима қилишим керак”, - дейди Шўлпан исмли савдогар аёл.

”Жамолбек ҳожи” бозори савдогарлари ўтказган норозилик акцияси ҳеч қандай натижа бермади. Улар маҳаллий ҳокимлик вакиллари келишини талаб қилди, лекин бирорта амалдор намойишчилар билан учрашишни хоҳламади.

Вилоят ҳокими ўринбосари Ислом Абишов сўзларига кўра, савдогарлар митинг ўтказишга рухсат олмаган. Ноқонуний равишда намойиш ўтказувчилар билан учрашишга эса амалдорларнинг вақти ҳам, хоҳиши ҳам йўқ.

Ҳокимлик вакилларини кута-кута чарчаган савдогарлар уй-уйига тарқашдан бошқа илож топа олмади.
XS
SM
MD
LG