Линклар

logo-print

Ҳозир Ливанга тантаналар таътимайди

  • Ҳасанжон

Ливанда собиқ бош вазир Рафиқ Ҳаририй ўлдирилиши юзасидан текширувлар жараёни ҳовури босилмай туриб, 21 ноябрь куни мамлакат саноат вазири Пьер Жамоил ҳам суиқасд қурбони бўлди.

Бу қотиллик муносабати билан Ливанда 22 ноябрда мустақиллик кунига бағишлаб ўтиши керак бўлган барча тадбирлар бекор қилинди. 34 ёшли Пьер Жамоил аксилсурия кайфиятидаги сўнгги икки йил ичида ўлдирилган тўртинчи ливанлик сиёсатчи бўлди. Сурия ҳукумати қотилликка ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб, Пьер Жамоил ўлдирилганини кескин қоралади.

Кузатувчилар фикрича, Сурия 18 ой олдин ўз қўшинларини Ливандан олиб чиққанига қарамай, бу мамлакатга таъсир кўрсатишдан воз кечишни истамаяпти.

Халқаро жамоатчилик ва БМТ Хавфсизлик кенгаши Пьер Жамоилга суиқасд уюштирилганини кескин қораламоқда.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон Пьер Жамоилнинг ўлдирилишида Сурияни тўғридан тўғри айбламади. Аммо у Вашингтон расмийлари бу қотилликнинг асосий ташкилотчиси Сурия эканидан гумонсираётганига ишора қилди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ливаннинг 2005 йилда ўлдирилган собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририй иши бўйича халқаро трибунал ташкил этиш таклифини маъқуллади. Трибунал ҳақидаги ҳужжат Ливан ҳукумати томонидан тасдиқланиши учун Байрутга жўнатилади. Ливан ҳукуматидаги сурияпараст олти вазир ўтган ҳафтада айнан шу масала туфайли истеъфога чиққан эди.

АҚШдаги Тинчлик институти таҳлилчиси Мона Якубин фикрича, Ливан ҳукумати ҳозир ўта мураккаб вазиятни бошдан кечирмоқда.

“Ливан ҳукумати ҳозир жуда хавфли вазиятда қолган. Менимча, биз айрим халқаро воқеалар билан бир қаторда Ливанда кечаётган воқеалар силсиласиниҳам тушунишимиз керак. Ўтган ҳафта Ливан ҳукумати собиқ бош вазир Рафиқ Ҳаририйнинг ўлдирилиши юзасидан халқаро трибунал тузиш ҳақидаги БМТ таклифини маъқуллаган эди. Ливандаги сўнгги воқеалар ҳукуматнинг ана шу қарори билан бевосита боғлиқ”, – дейди М.Якубин.

Сурияга қарши бўлган Пьер Жамоил халқаро трибунал тузиш таклифини маъқуллаган вазирлардан бири эди. У отиб ўлдирилишидан бир неча кун олдин сурияпараст “Ҳизбаллоҳ” гуруҳи аксилсурия кайфиятидаги бош вазир Фуад Синиора ҳукуматини ҳокимиятдан ағдариш учун норозилик намойиши ўтказишга тайёргарликни бошлаган эди. “Ҳизбуллоҳ” ҳукуматни Вашингтон билан ҳамкорлик қилаётганликда айблаб, шиа мазҳабидаги вазирлар истеъфога чиққандан кейин ҳукумат ноқонуний бўлиб қолганини айтган.

Фуад Синиора ҳукуматга қарши режалаштирилаётган намойишда зўравонликлар содир бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Сурияга қарши бўлган “Друзе” гуруҳи раҳбари Валид Жумблатт 22 ноябрь кунги чиқишида Ливан ҳукуматига путур етказиш мақсадида вазирлар ва парламент аъзоларига қарши яна суиқасдлар уюштирилиши кутилаётганини айтди.

Пьер Жамоилга суиқасд қилингандан кейин Ливан ҳукуматида мураккаб вазият юзага келди. Агар яна икки вазир суиқасд қурбони бўлса ёки истеъфога чиқса, Фауд Синиора ҳукумати ҳокимиятни тарк этишга мажбур бўлади.
XS
SM
MD
LG