Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:58

Ўзбекистон каттароқ ваколатларга даъвогарлик қиляпти...ми?


Ўзбекистон парламенти мамлакатнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзоликни тиклагани ҳақидаги протоколни ратификация қилгани тузилма аъзолари Беларуснинг Брест шаҳрида учрашув ўтказадиган вақтга тўғри келди.

КХШТнинг 23 ноябрь куни бўладиган учрашуви ҳақидаги расмий хабарларда айтилишича, унда ташкилот доирасидаги ҳамкорлик, ҳарбий машқларни ташкил этиш ҳамда 2010 йилгача коллектив хавфсизлик кучларини яратишга оид режалар муҳокама этилади. Муҳокамалар марказидан Марказий Осиёдаги тезкор коллектив кучларни қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминлаш ҳамда бу кучларни бошқариш тизимини такомиллаштириш масаласи ўрин олади.

“КХШТ учрашувида ташкилот бош котиби Николай Бордюжа тузилмага аъзо давлатлар мудофаа вазирларига Ўзбекистоннинг ташкилотга қайтгани борасида қисқа ахборот беради”, - дейилади расмий хабарномада.

КХШТга унинг таркибига яқиндагина қайтган Ўзбекистондан ташқари Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзодир.

Ўзбекистон парламенти бундан уч ой олдин Сочида имзоланган ва Тошкентнинг КХШТга иштирокини тикловчи протоколни Брест учрашувидан бир кун олдин, чоршанбада ратификация қилгани бекорга эмасга ўхшайди.

Кузатувчилар бу икки воқеанинг бир вақтга тўғри келгани Ўзбекистоннинг мазкур тузилмада кенгроқ ваколатларга даъво қилаётганидан далолат беришини айтмоқда.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин Тошкент, хусусан, Брест учрашувининг асосий мавзуларидан бири - тезкор коллектив кучларини бошқаришда асосий ролга даъвогарлик қилаётганини таъкидлади.

“Ўзбекистон бир нечта омиллар бўйича Марказий Осиёда энг катта ҳарбий салоҳиятга эга давлат сифатида ташкилот бошқарувида кенгроқ ваколатларга даъвогарлик қиляпти чоғи. Бу ҳақда очиқдан-очиқ гапирилмайди, лекин билишимча, айни масала, яъни КХШТ бошқарувидаги лавозимлар қандай тақсимланиши юзасидан муайян музокаралар олиб борилмоқда”, - деди А.Грозин.

Бундан ташқари, унинг айтишича, Россиядан қурол-яроғларни имтиёзли шартлар асосида сотиш масаласи ҳам кун тартибида турибди.

“Россия КХШТга аъзо давлатларга ҳарбий техника ва бошқа қуролларни имтиёзли шартларда сотиш режимини қўллайди. Ташкилотга аъзо давлатларни эса геосиёсий вазиятнинг ўзгараётгани нуқтаи назаридан, айнан шу масала жуда қизиқтиради”, - дейди москвалик таҳлилчи.

Бошқа томондан эса Брестдаги учрашувдан қандайдир жиддий ўзгаришларни кутиш ҳам хомхаёл бўларди, чунки КХШТ бошқаруви ва бошқа тизимлари рисоладагидек ишлай олиши учун ҳал кўп ишлар қилиниши керак. Бундан ташқари, ташкилот аъзолари ўртасидаги ўзаро келишиб олинмаган масалалар ҳам талайгина.

Брест учрашувида бошқа аъзо давлатларникидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирлари шахсан қатнашмаётгани ҳам Тошкент билан Остонанинг россияпараст ташкилотдаги ролларидан кўнгли тўлмаётганидан далолат бериши мумкин.

КХШТнинг ўз исмини айтишни истамаган расмийси “Озодлик” билан суҳбатда мудофаа вазирлари учрашувига ташкилотга аъзо икки давлатнинг вазири келмаётганида қандайдир ғайироддийлик кўрмаётганини айтди.

“Учрашув тўла таркибда ўтади, яъни барча аъзо давлатлардан вакиллар бўлади. Қайсидир давлатдан вазирнинг ўзи, қайсинисидандир вазир ўринбосари қатнашмоқда. Бу ҳар бир мамлакатдаги вазиятга боғлиқ, балки вазир таътилдадир ёки бошқа ишлар билан банддир. Қолаверса, бундай хулосалар учрашув якунидан кейин чиқарилиши лозим. Чунки дастлаб ўринбосарини юборишини айтган вазирнинг ўзи ҳам учрашув куни келиб қолиши мумкин. Энг муҳими, ташкилот учрашуви тўла таркибда ўтмоқда”, - деди КХШТ расмийси.

Таҳлилчи А.Грозин ҳам бирор вазир банд бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди, лекин Брестдаги учрашув аввалдан режаланганини билган вазир айнан шу вақтга бошқа ишларни тиқиштирганида бир гап борлигини айтади.

“Бу ўринда турли тахминлар айтиш мумкин. Бир томондан, Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимига эндигина тайинланган Руслан Мирзаев барча ишдан хабардор бўлмаслиги ва шунинг учун ўринбосарини юбораётган бўлиши мумкин. Иккинчи томондан эса Ўзбекистон КХШТда кенгроқ ваколатларга даъво қилмоқда ва бўлажак учрашувга вазирни эмас, унинг ўринбосарини юбориш билан агар талаблари бажарилмаса, ташкилотдаги иштирокини камайтириши мумкинлигидан Москвани огоҳлантиришни ният қилгандир. Бу ерда ташқи сиёсатга оид яна бир масала бор. Биласиз, ҳозир Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан муносабатларини яхшилашда маълум натижаларга эришиб турибди. Шу боис, КХШТ доирасидаги иштирокини вақтинча бўлса-да, пастроқ даражага тушириш билан Тошкент ўзининг ташқи сиёсати учун қандайдир манфаатларни кўзлаётган бўлиши мумкин”, - дейди А.Грозин.
XS
SM
MD
LG