Линклар

Нурсултон Назарбоев британиялик тадбиркорларни Қозоғистонга чорлади

  • Ҳасанжон

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Буюк Британияга қилган расмий ташрифи чоғида асосий эътиборни иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларига қаратди.

Унинг Буюк Британия қироличаси Елизавета Иккинчи ва бош вазир Тони Блэр билан ўтказган музокараларининг асосий мавзуси шу масала бўлди.

22 ноябрь куни Лондонда “Қозоғистон – келажакка йўл” мавзуида семинар уюштирилди. Британиялик уч юзга яқин тадбиркор қатнашган семинарда чиқиш қилган Н.Назарбоев ўз мамлакати сўнгги 15 йил ичида иқтисодий соҳада эришган ютуқлар ҳақида гапирди. У Қозоғистонда аҳоли жон бошига йиллик даромад яқин фурсатда олти минг долларга етишини маълум қилди. Бу 15 йил олдингига қараганда ўн баробар кўп.

Буюк Британиянинг 128 та ширкати Қозоғистонга сармоя ётқизган. Н.Назарбоев Қозоғистон кўп миллитли ва кўп динли мамлакат эканини таъкидлаб, британиялик тадбиркорларни ўз мамлакатидаги бизнес имконияти билан танишишга даъват қилди.

“Қозоғистон бундан буён Совет Иттифоқи ёки Россиянинг бир қисми эмас. Мамлакатга бундай назар билан қарамаслик керак. Кўриб турганингиздек, Қозоғистон ўзининг либерал сиёсати, либерал иқтисодиёти билан ажралиб туради. Минтақанинг барча давлатлари ортимиздан юриши учун бу уларга жуда яхши намуна бўла олади. Чунки биз қўшниларимизга қараганда ўз халқимизга яхшироқ турмуш шароити яратиб берганимизни исботладик”, – деди Қозоғистон президенти.

Семинарда Қозоғистонда фаолият юритаётган британиялик тадбиркорлар вакиллари ҳам сўзга чиқди. Уларнинг кўпчилиги Қозоғистонда бизнес муҳити, жумладан, тегишли қонунлар яхшиланганидан қониқиш ҳосил қилганини билдирди.

Орол бўйидаги газ ҳавзаларини ўзлаштираётган “Thetys Petrolеum” ширкати раҳбари Давид Робсон ҳам умумий вазият уни қониқтиришини айтар экан, Қозоғистонда бюрократия бироз камайса мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.

Европадаги айрим кузатувчилар фикрича, агар Россияда нефть ва газ манбалари ҳамда қувурларини ҳукумат монополиясига олиш сиёсати давом эттирилса, Қозоғистон Россия ўрнига Европанинг асосий газ таъминотчиси бўлиши мумкин.

“Shell” компанияси вакили Мартин Ферстл “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу фикрга қўшилди.

“Қозоғистон Россия ўрнига Европанинг муқобил таъминотчисига айланиши мумкин. Ҳозир Қозоғистон нефти Ўрта ер денгизи портлари ва Роттердамгача етиб боряпти”, – дейди “Shell” компанияси вакили.

М.Ферстл фикрича, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлган Қозоғистоннинг Европа ва Осиё ҳудудида жойлашгани мамлакатга ўз нефть ва газини кўп йўллар орқали хорижга экспорт қилиш имкониятини яратади. Айни пайтда бу Қозоғистоннинг минтақадаги иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатга айланишида ҳам муҳим рол ўйнайди.

Кузатувчилар таъкидича, агар Буюк Британия ва Қозоғистон ўртасидаги бизнес алоқалари мустаҳкамланиб, савдо ҳажми ортса, бу Нурсултон Назарбоевнинг Лондонга ташрифи муваффақиятли бўлганини кўрсатади.

“Остона ҳаво йўллари” ширкатини ташкил этиш борасида Қозоғистон ҳукумати билан бирга ишлаётган “BAE Systems” компанияси вакили Жон Тейлор “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Қозоғистон келажаги порлоқ давлат эканини айтди.

“Бу семинарда кўпчилик мавжуд имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот олди. Менимча, бунинг самараси ўлароқ, Қозоғистонга сармоя ётқизишга қизиқаётганлар сони кескин кўпаяди”, - деди Ж.Тейлор.
XS
SM
MD
LG