Линклар

logo-print

Ўзбекистон Давлат департаментидан хафа бўлди


Нодира, Ҳурмат Бобожон Ўзбекистон АҚШ Давлат департаментининг диний ҳуқуқлар бузилаётган мамлакатлар рўйхатига киритилганидан норозилик билдирди ва Вашингтонни “суверен давлатнинг ички ишларига аралашиш”да айблади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 24 ноябрь куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, Ўзбекистонни диний ҳуқуқларга риоя қилиниши бобида ўта хавотирли мамлакатлар сафига киритган АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонга нисбатан бирёқлама ёндашиб, “қўшстандарт” сиёсатини қўлламоқда.

Ҳужжатда таъкидланишича, Америка ҳукуматининг бу хулосаси мутлақо асоссиз ва бу “суверен Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишдан бошқа нарса эмас”.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистон фуқароларнинг диний эркинликларига тоқат қила олмайдиган Эрон, Покистон, Шимолий Корея, Саудия Арабистони ва Хитой каби давлатлар қаторида тилга олинган. Унда Ўзбекистонда диндорларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани, кўплаб мусулмон фуқаролар “диний экстремист”, “террорчи” тамғаси остида ноҳақ жазога тортилаётгани ва бу ҳол йилдан-йилга авж олаётгани айтилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса бу иддаоларни бутунлай рад этган.

“...Ўзбекистонда 18 та диний конфессия, жумладан, мусулмон, православ, яҳудий, католик ва бошқа дин вакиллари аҳил-тотув яшамоқда. Сўнгги йиллар ичида БМТ доирасида ўтказилган йирик халқаро анжуман, учрашувларда ҳам Ўзбекистоннинг турли дин вакиллари орасида ўзаро тушунув ва ҳурматга эришиш борасидаги тажрибаси эътиборга моликлиги эътироф этилади ҳамда қўллаб-қувватланади. Ўзбекистонда анъанавий динларга эътиқод қилувчилар учун Конституция ва бошқа қонунлар доирасида мутлақ эркин шароит яратилган ва кафолатланган, дейиш учун бизда тўлиқ асос бор. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон томони АҚШ Давлат департаментининг республикани “диний ҳақ-ҳуқуқларга риоя этилиши борасида чуқур хавотир туғдирувчи давлатлар” сафига киритишини асоссиз, деб ҳисоблайди”, - дейилади вазирлик баёнотида.

Аммо Ўзбекистондаги диний эркинликлар ва ҳуқуқлар билан боғлиқ вазиятни кузатиб бораётган халқаро ташкилотлар нуқтаи-назари расмий Тошкент баёнотидан мутлақ фарқ қилади.

Давлат департаметида диний эркинликлар масаласи билан шуғулланувчи элчи Жон Ҳэнфорднинг айтишича, Ўзбекистонда “мусулмонлар аҳволи ёмонлашишда давом этгани учун” бу мамлакат шу рўйхатдан ўрин олган.

Ж.Ҳэнфорд Ўзбекистоннинг дин тўғрисидаги қонуни халқаро меъёрларга зид бўлиб, ҳукумат бу ҳужжатни мусулмонларга ҳам, насронийларга ҳам қарши қўллаб келаётганини билдирди.

“Эрон, Шимолий Корея, Саудия Арабистони ва Хитой билан бир қаторда Ўзбекистоннинг ҳам диний эркинликлар топталаётган ва алоҳида ташвиш уйғотаётган давлатлар рўйхатига киритилиши у ердаги вазият билан боғлиқ”, - деди элчи.

“Ўзбекистонда диний эркинликнинг поймол этилиши жуда жиддий ва кенг тарқалган ҳамда бу вазият сўнгги йил давомида янада ёмонлашган”, - дейилади ҳисоботда.

Диний эркинлик масалалари билан шуғулланувчи “Форум 18” ташкилоти таҳлилчиси Феликс Корли ҳам ҳисоботдаги хавотирлар ўринли эканини айтади.

“Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги барча дин вакилларига нисбатан қўпол сиёсат юргизиб келмоқда. Мусулмон бўладими ёки бошқа диний жамоалар, ҳукумат улар устидан назорат ўрнатиб олган”, - дер экан Ф.Корли Ўзбекистонда Андижон исёнидан сўнг мусулмонларга нисбатан тазйиқлар кучайгани ва кўпгина ноҳукумат ташкилотлар уйдирма айблар билан ёпилганини қўшимча қилди.

Ўзбекистон ҳукумати эса бу чоралар хавфсизлик мақсадида олиб борилаётгани ва жиноий жавобгарликка тортилган мусулмонлар мамлакат конституциявий тузумига қарши бўлган турли экстремистик радикал гуруҳлар аъзолари эканини айтиб келади.

Ф.Корли Ўзбекистон ҳукуматининг бу хавотирлари ўринли экани, аммо экстремист сифатида қамалаётганларнинг кўпчилиги унинг назарида оддий фуқаролар эканини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан радикал гуруҳлар таҳдиди мавжуд. Бу тўғри. Лекин ҳукумат ўта хавфли ислом ақидапарастлари сифатида кўрадиган одамларнинг аксари, балки ҳаммасидир, радикал гуруҳлар ишига тўғридан-тўғри аралашган одамлар эмас”, - дейди Ф.Корли.

АҚШ қонунчилигига биноан диний эркинликлар топталаётган мамлакатлар рўйхатидан ўрин олган давлатларга нисбатан иқтисодий чекловлар қўлланилиши мумкин.

Расмий Вашингтон Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан санкциялар муддатини узайтирганини ҳам қўллаб-қувватлаган.

Ўзбекистонда диний эркинликларнинг топталиши ҳақида хавотир билдираётган аксар халқаро ташкилотлар эса Ўзбекистонда сиёсий сабаблар билан фаолияти ноҳақ тўхтатилган бир неча диний гуруҳ, ташкилот номини тилга олади ва диний эътиқоди учун қамалган 7 мингдан ортиқ маҳбус борлигини қайд этади.
XS
SM
MD
LG