Линклар

logo-print

Кремлнинг ашаддий танқидчиси оламдан ўтди

  • Ҳасанжон

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг (ФХХ) Буюк Британиядан сиёсий бошпана олган собиқ ходими, заҳарланишда гумон қилиниб, Лондондаги шифохонада даволанаётган Александр Литвиненко 23 ноябрь куни вафот этди.

1 ноябрда шифохонага ётқизилган А.Литвиненконинг аҳволи кундан-кунга оғирлашиб бораётган эди. У нималиги ҳозиргача аниқланмаган модда билан заҳарланган. А.Литвиненкони охирги марта кўрганлар у ҳатто овқат истеъмол қила олмаётгани, сочлари бутунлай тўкилиб кетганини айтган.

6 йил олдин Буюк Британиядан сиёсий бошпана олган А.Литвиненко ФХХ унга россиялик олигарх Борис Березовскийни ўлдириш ҳақида топшириқ берганини иддао қилган. Бу билан у Кремль расмийлари ғазабини қўзғаган.

А.Литвиненко Россия махсус хизматини танқид қилувчи бир неча китоб муаллифидир. У ўз китобларида 1999 йилда Москвадаги турар-жой биносининг портлатилиши ва юзлаб одам нобуд бўлган бошқа ҳужумлар ФХХ томонидан уюштирилганини айтган. Кремль расмийлари ўша ҳужумлар учун масъулиятни чечен жангарилари зиммасига юклаган.

Айрим кишилар А.Литвиненко Кремлни қаттиқ танқид қилиб келгани учун ўч олиш мақсадида ўлдирилганини тахмин қилмоқда.

А.Литвиненконинг отаси Валтер Литвиненко Лондонда журналистларга берган интервьюсида Россия ҳукуматига ишонч йўқлигини таъкидлади.

“Бу режимга ишонманг. Москва режими бутун дунё учун қотил режимдир. Унга ишонманг. Саша у билан курашган. У буни тушунган эди”, - деди Александрнинг отаси.

ФХХнинг ўтган асрнинг 80-йиллари ўртасида Буюк Британиядан сиёсий бошпана олган собиқ ходими Олег Гордиевский А.Литвиненко ўлимига ФХХнинг қўли борлигига шубҳа қилмаслигини билдирди.

Баъзилар эса суиқасд ортида кимлар турганини айтиш жуда мушкуллигини таъкидламоқда. Масалан, 70-йилларда 18 ой Россия қамоқхонасида ўтирган таниқли сиёсатшунос Борис Кагарлицкий “Озодлик” радиосига Россия раҳбарлари А.Литвиненкони ўлдириш ҳақида буйруқ берганига ишонмаслигини айтди.

“Шахсан мен бундай қарорлар юқори даражада қабул қилинганига ишонмайман. Ҳозир Россия ҳукумати учун А.Литвиненконинг ўлими фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради. Россия ва махсус хизмат раҳбарлари буни тушунмаслигига ишонмайман. Воқеа бутун Европа кўз ўнгида содир бўлмоқда. Бу эса Россия ва унинг раҳбарлари обрўсига путур етказади”, – дейди Б.Кагарлицкий.

Россия президенти матбуот хизмати вакили Дмитрий Песков А.Литвиненко ФХХ томонидан ўлдирилгани ҳақидаги иддаоларни рад этиб, бу “мантақсизликдан бошқа нарса эмас”лигини билдирди.

“Россия хавфсизлик хизмати ва Кремль бу воқеага на амалда ва на назарий алоқадар эмас. Бундай қилишга мутлақо асос йўқ. Кремлнинг бундай воқеага алоқадорлигини биз ҳатто тасаввур ҳам қила олмаймиз”, - деди Д.Песков.

Айни пайтда Россиянинг Ташқи разведка хизмати ҳам А.Литвиненконинг ўлимига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди.

А.Литвиненконинг заҳарланиши ва вафоти юзасидан Лондон полициясининг терроризмга қарши курашиш бўлими мутахассислари шуғулланмоқда. Халқаро жамоатчилик бу воқеа юзасидан пухта текширув ўтказиш кераклигини таъкидламоқда.

Хусусан, 24 ноябрь куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида Еврокомиссия матбуот котиби Эмма Удвин: “Дастлаб жиноят содир этилган ёки этилмагани аниқланиши керак. Агар жиноий ҳаракат содир этилган бўлса, у қонунда белгиланган тартибда ҳукумат расмийлари томонидан ўрганилиши ва таъқиб қилиниши шарт”, - деди.
XS
SM
MD
LG