Линклар

logo-print

Андижонликлар комиссияни яхши кўради...ми? Ёки эски тос, совуқ ҳаммом

  • Сарвар Усмон

Кейинги кунларда Марказий Осиёда ҳаво кескин совиб кетгани нафақат синоптиклар маълумотларидан, балки газ ва электр таъминотидаги узилишларнинг, давлатлараро энергия савдосидаги ҳар йили бўладиган можароларнинг такрорланаётгани тўғрисидаги хабарлардан ҳам билинади.

Мана сўнгги кунлардаги бир-икки хабарнинг сарлавҳаси:

23 ноябрь. “Ўзбекистон газини Қирғизистонга етказиб бериш тўхтаб қолиши мумкин”.

24 ноябрь. “29-30 ноябрь кунлари бутун Тожикистон бўйлаб чироқ ўчади”.

Бундай гаплар аслида журналистлар томонидан янгилик сифатида тилга олинмаса, аҳоли учун анчадан буён янгилик бўлмай қўйган.

Лекин 21 ноябрь куни Интернетда пайдо бўлган хабар мазмуни чиндан ҳам янгилик эди. Мана ўша хабарнинг сарлавҳаси: “Ўзбекистон: Бош вазир туфайли Андижонда газ таъминоти яхшиланди”.

Бу хабар Андижонда газ етишмаслиги туфайли ҳар йили бўлиб турадиган норозилик чиқишларини дарҳол эсга солди. Шунинг учун ҳам “Озодлик” 21 ноябрь, Андижонда биринчи қор ёққан куни пайдо бўлган хушхабарни ўрганишга жазм қилди.

Андижон шаҳри Оқсоқоллар кенгаши ва “Маҳалла” хайрия жамғармаси раиси Равшанбек Ғаниев Ғарб ахборот воситалари, жумладан, “Озодлик”ка куни-кеча берган интервьюсида шаҳарда қишга тайёргарлик ишлари яхши йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади.

“Қишга тайёргарлик масаласи бўйича жуда катта ишлар олиб бориляпти. Маҳаллаларда штаблар тузилган. Уларга мутасадди раҳбарлар бириктирилган. Нафақат табиий газ, балки электр таъминоти бўйича ҳам реконструкция ишлари, таъмирлаш ишлари ўтказилди. Бу ишлар якунланди. Аҳолини қишдан беталафот олиб чиқиб кетиш учун ҳамма иш қилинди”, - деди андижонлик оқсоқолларнинг раҳбари.

Лекин шуниси қизиқки, оддий андижонликларнинг уйларидаги ҳароратнинг кўтарилишига бу тайёргарликларнинг таъсири тегмаганга ўхшайди.

Сўз навбати оддий андижонлик аёлларга:

- Умуман газ йўқ. Йўқ газга пул сўраб келгандилар, тўламадик.

- Ҳокимимиз янги бўлди, деб хурсанд бўлган эдик. Газ, электр билан таъминлайди, дегандик. Лекин бундай бўлмаяпти. Газ йўқлиги сабабли совуқдан ўлим ҳам кўпайди.


Бироқ бу аёллар вилоятнинг янги ҳокими қилаётган ишлардан бехабарга ўхшайди. Оқсоқоллар кенгаши раиси Р.Ғаниев янги ҳокимнинг яхши режалари тўғрисида гапириб берди:

- Аҳмаджон Усмонов вилоят ҳокими этиб тайинлангандан бери ўтган бир ойдан кўпроқ вақт ичида жуда кўп иш қилди. Табиий газ, ичимлик сув таъминоти, умуман, аҳоли кайфиятини белгилаб берадиган коммунал тизим фаолиятини яхшилаш бўйича катта тадбирлар ўтказишни режалаштирган.

Р.Ғаниевнинг сўзларига кўра, Андижонни қишда табиий газ билан таъминлашга нафақат янги ҳоким, балки республика раҳбарияти катта эътибор қаратяпти.

“Газ таъминотини яхшилаш борасида ўтган йилдан бери республика раҳбарияти Андижонда жуда катта ишларни амалга оширяпти. Жуда катта маблағ сарфланди. Натижада аввалги йилларга нисбатан газ таъминоти тубдан яхшиланди. Шаҳар газсиз қолибди, деган гаплар ҳақиқатга умуман зиддир”, - деди Р.Ғаниев.

Андижонлик аёллар эса жамғарма раисининг бу гапларини мутлақо инкор этади.

“Ҳозир газ умуман йўқ. Ҳокимликка арз қилиб борсак, ремонт бўляпти, газ бўлади, деган ваъдадан нарига ўтмаяпти. Нега ремонтни ёзда қилмай, ёзда қилишади”,- дейди аёллар.

Хўш, гапнинг ростини ким айтяпти? Андижонда шу кунларда газ борми – йўқми?

Афтидан газ йўқ, деяётган оддий андижонликларга ҳам, газ бор, деяётган Оқсоқоллар кенгаши ва “Маҳалла” жамғармаси раиси Равшанбек Ғаниевга ҳам ишонса бўлади. Чунки яна бир андижонликнинг айтишича, “Тошкентдан комиссия келса, газ, албатта, бўлади”.

Демак, газ таъминотида узилиш бўлмаслиги учун Тошкентнинг комиссияси Андижонда қишлаши керак.

Акс ҳолда эски тос, совуқ ҳаммом.
XS
SM
MD
LG