Линклар

logo-print

Ракеталар келишувнинг мустаҳкамлигини синаб кўрди

  • Сарвар Усмон

26 ноябрь куни эрталаб Ғазо минтақасида Исроил билан Фаластин ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув кучга кирди. Бироқ сал ўтмай, Исроилга қарата иккита ракета отилди.

Ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган “Исломий жиҳод” гуруҳи отган ракеталардан кўрилган талофат ҳақида маълумот тарқатилмади. Бироқ бу ҳужум Исроилнинг Ғазо минтақасидаги ўз амалиётларини қайта тиклаш хавфини пайдо қилди.

Исроил мудофаа вазири Амир Перец агар Фаластин ҳудудидан Исроилга ракеталардан зарба берилиши давом этса, Исроил Ғазо минтақасидаги амалиётларини давом эттиравериши ҳақида баёнот берди.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббоснинг вакили Набил Абу Рдейна 2005 йилнинг февралида Мисрда эришилган келишув натижасида эришилган ўзаро тинчлик қайта тикланишини таъкидлаб: “Ўт очишни тўхтатиш тўғрисида Исроил билан эришилган ўзаро келишувнинг мустаҳкамлиги ва самарадорлигини таъминлаш учун яқин кунлар ичида Фаластиндаги барча гуруҳлар билан мулоқот ўтказамиз”, - деди.

Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга эришилгани тўғрисида шанба куни кечқурун, Фаластин мухторияти раиси Маҳмуд Аббос билан Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқотидан сўнг эълон қилинди.

ҲАМАС ҳаракати вакили Ғози Ҳаммад томонлар ўртасида келишувга эришилганини тасдиқлар экан: “Мазкур келишувнинг узоқ муддатли бўлишига умид қиламиз. Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш нияти самимийлиги даражаси яқин 12 соат ичида аниқ бўлиб қолади”, - деди.

Эришилган келишувга биноан Исроил ўз ҳарбий кучларини Ғазо минтақасидан олиб чиқиб кетгани хабар қилинди.

Фаластин ҳудудидан ракеталардан ўққа тутилишини тўхтатиш мақсадида Исроил ҳарбий кучлари Ғазо минтақасининг, асосан, шимолини эгаллаб олган эди.

Жорий йил июнь ойининг охирида бошланган ҳарбий амалиётлар давомида юзлаб фаластинлик ўлдирилди. Улар орасида жангарилардан ташқари тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.
XS
SM
MD
LG