Линклар

Дунёда диний эркинликлар борасида муаммолар ҳали ҳам талайгина


БМТнинг диний эътиқод эркинлигини кафолатловчи декларацияси қабул қилинганига 25 йил бўлганига, уни кўплаб мамлакатлар имзолаганига қарамай, дунёнинг турли бурчакларида бу масалада муаммолар етарли.

Аслида диний эътиқод эркинлиги учун кураш 1893 йилда Чикагода бошланган эди. Ўша йили бу ерда жаҳон динлари парламенти йиғилиш ўтказиб, ҳеч бир шахс ўз эътиқоди учун жазога тортилмаслиги шартлиги тўғрисида ҳужжат қабул қилганди.

1981 йил 25 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси яна бир бор бу мавзуга қайтди ва диний эътиқоди учун камситишнинг ҳар қандай кўринишларини илдизи билан тугатиш тўғрисидаги декларацияни қабул қилди.

Декларацияга кўра, ҳар бир диндор сиғиниш ва ибодат жойларига эга бўлиш, диний меҳр-мурувват ва гуманитар ташкилотлар ташкил этиш, диний маросимлар ёки эътиқоди учун керакли бўлган моддий бойликларни ишлаб чиқариш, сотиб олиш ва ишлатиш, ўз эътиқодига доир ахборотни ёзиш, чоп этиш ва тарқатиш, барча шароити бўлган биноларда диний таълим бериш, ташкилот ёки алоҳида шахслардан дин йўлида фитр ва қурбонликлар қабул қилиш, ўз диний эътиқодидан келиб чиқиб диний байрамларни нишонлаш, дам олиш, алоҳида шахслар, жамоалар билан миллий ва халқаро доирада диний алоқалар ўрнатиш ҳуқуқига эга.

Халқаро ташкилотлар кўпинча эндигина ривожланиб келаётган давлатларда диний ҳуқуқлар топталаётганини мисол қилиб келтиради. Худди шу масалада “Озодлик” радиосига интервью берган БМТнинг диний эркинликлар бўйича махсус маърузачиси Асма Жаҳонгирнинг айтишича, бугунги кунда нафақат кам тараққий этган мамлакатларда, балки ривожланган демократик давлатларда ҳам бу борада бир қатор муаммолар бор.

Асма Жаҳонгир диний нуқтаи назардан келиб чиқиб, ҳатто иммиграция қонунлари ҳам ўзгартирилаётганини билдирди.

“АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонасидаги маҳбуслардан бир қанча шикоят олганмиз ва бу борада ҳисобот ёзганмиз. Биз бугунги кунда одамларга нисбатан юзаки муносабат бўлаётгани, иммиграция қонунлари ўзгараётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳатто диний толерантлик мукаммал бўлган Канадада ҳам 2001 йил 11 сентябрдан сўнг муаммолар пайдо бўлди. Европада эса мусулмонлар жамоаларига муносабат салбий томонга ўзгармоқда”, - деди Асма Жаҳонгир.

“Мусулмон оламида эса ўзга диндагилар қонунларда ҳам, сиёсатда ҳам очиқ камситилаётганига гувоҳ бўламиз, - деди сўзини давом эттириб Асма Жаҳонгир. - Масалан, баъзи давлатларда мусулмон бўлмасангиз, сизга фуқаролик берилмайди. Шунингдек, мусулмон бўлмаган диний озчиликларга қарши қаратилган қонунлар ҳам бор”.

Унинг сўзларига кўра, ҳар бир сиёсатчи жамоатчилик орасида инсоннинг эътиқод эркинлиги ҳуқуқини тан олади. Лекин бу борадаги амалий фаолиятга келганда, кўпинча сиёсий манфаатлар инсон ҳуқуқидан устун келади.
XS
SM
MD
LG