Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:06

Фозил Қори ва Обидхон Қори: Икки уламонинг икки хил фикри


Бундан 25 йил муқаддам, 1981 йилда БМТ одамлар диний эътиқоди туфайли камситилмаслиги ва тазйиққа олинмаслиги кераклиги тўғрисидаги декларацияни қабул қилган эди.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда диндорлар тўла эркинми ёки уларнинг эрки чекланганми, деган масалага яна бир бор тўхталиш ўринлидир. Бунга бошқа сабаб ҳам бор.

АҚШ Давлат департаменти ўтган ҳафта эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонни фуқароларнинг диний ҳуқуқлари бузилаётган мамлакатлар рўйхатига киритилган эди.

24 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Давлат департаменти ҳисоботи юзасидан махсус баёнот эълон қилди. Унда айтилишича, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонга нисбатан бирёқлама ёндашиб, “қўшстандарт” сиёсатини қўлламоқда.

Ўзбекистон телевидениесининг 27 ноябрь кечки кўрсатувларида бу масала яна бир бор тилга олинди.

Кўрсатувда Каффои Шоший жоме масжиди имом хатиби Фозил қори Собировнинг фикрлари берилди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда мусулмонлар учун яратилган шароитларни бошқа, ҳатто араб мамлакатларида ҳам учратиш мушкул.

“Баҳовуддин Нақшбандий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Марғилоний, Абу Носир Мотурудий, Имом Бухорийга қилинган ҳурматни, уларнинг ётган жойлари обод бўлганини, улар шарафига қурилган иншоотларни ўша америкаликлар келсинлар, кўрсинлар”, - деди Фозил Қори.

Бу гаплардан ва умуман кўрсатувнинг умумий руҳидан балки АҚШ Давлат департаменти бироз оширворгандир, деган иштибоҳ пайдо бўлди.

“Озодлик” мухбири бу шубҳалар юзасидан Тошкентдаги Тўхтабойвачча жомесининг собиқ имоми, шу кунда муҳожиротда яшаётган Обидхон қори Назаровга мурожаат қилди. У киши, аввало, Давлат департаменти ҳисоботидаги хулосага қўшилиши айтди ва Фозил қори Собировнинг гапларига ҳам муносабат билдириб: “Дин қабрдан, мақбарадан иборат эмас-ку?! Албатта, ўтган алломаларимизнинг ҳурматини бажо келтиришимиз керак. Лекин уларнинг руҳларини чиройли кошинли мақбаралар қуриш билан шод қилиб бўлмайди. Уларнинг руҳлари шариатда, Исломда кўрсатилган йўллар билан шод этилади. Уларнинг амалларини давом эттириш билан шод этилади”, - деди.

Ўзбекистонда диндорлар ҳуқуқлари топталаётганидан хавотир билдираётган халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда айрим диний ташкилотларнинг фаолияти тақиқлаб қўйилганини ва диний эътиқоди учун қамалган 7 мингдан ортиқ маҳбус борлигини қайд этади. Қамалганларнинг аксарияти “Ҳизб ут-таҳрир” диний гуруҳига аъзоликда гумон қилинган.

“Ҳизбчи бўладими, бошқаси бўладими – Ўзбекистон ҳукуматининг мусулмонларни диний айбловлар билан қамаётгани тўғри амал эмас. Ҳизбчи сифатида қамалаётганларнинг кўпчилиги аслида ҳизбчи эмас. Тўғри, “Ҳизб ут-таҳрир”га муносабатимиз салбий. Уларнинг тушунчаларида, услубларида хатолар бор. Биз уларни қўллаб-қувватламаймиз, лекин улар шу кунда мазлумдирлар. Улар ўз фикрини айтгани учунгина қамалмоқда, қийналмоқда, ўлдирилмоқда”, - дейди Обидхон Қори.

Телевидениедаги Фозил Қори иштирок этган кўрсатувда на у, на мухбир қамалганлар масаласини тилга олди.

Обидхон қори хитоби эса бундай бўлди:

“Қандай қилиб, қайси виждон билан Ўзбекистонда дин эркин, мусулмонлар эркин, деб айта оладилар?! Қанча-қанча одам ўғирлаб кетилган-ку, қандай эркин бўлсин?! Абдували қори аканинг ҳалигача дараги йўқ. Ўликми-тирикми? Ёки Ҳусниддиннинг ҳалигача дараги йўқ. Ўликми-тирикми?..”

Лекин, ЎзТВ мухбирининг айтишича, эътиқод эркинлиги борасида Ўзбекистонда ҳеч қандай муаммо йўқ.

“Бугунги кунда мамлакатимизда турли диний эътиқодга мансуб фуқаролар ўзларининг диний-руҳий эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, муқаддас жойларни зиёрат қилиш, диний таълим олиш имкониятларига эгадирлар”, - дейди мухбир.

У масжидлар билан бир қаторда православларнинг черковлари, яҳудийлар синагоглари, буддавийлар ибодатхонаси ишлаб турганини ҳам қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG