Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:43

Елцин бободан қолган “кўчма гап дўкони” Минскда очилади


28 ноябрь куни МДҲга аъзо мамлакатлар раҳбарлари Беларус пойтахти Минскда навбатдаги саммитга йиғилади. Тузилма ташқи ишлар вазирлари ҳам шу анжуман олдидан учрашув ўтказди.

Бундан аввалроқ эса Минскда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари ва МДҲ бош вазирлари машварат қилганди.

28 ноябрдаги саммитда мана шу анжуманларда муҳокама этилган масалалар президентлар даражасида кўриб чиқилади. Бу саммитда “Ҳамдўстликни мукаммаллаштириш ва самарадорлигини ошириш” масаласи муҳокама қилиниши расман билдирилди. Бу анжуман, содда қилиб айтганда, МДҲ келажаги борасидаги иккиланишларга чек қўйишга қилинаётган яна бир уринишдир.

Кейинги йилларда кўпчилик таҳлилчилар МДҲ “гап дўкони”га айланиб қолгани ва ГУАМ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби минтақавий уюшмалар соясида қолиб кетаётгани ҳақида гапирмоқда. Грузия, Украина ва Молдова эса МДҲни тарк этиши мумкинлигига шаъма қилган. Россия эса бундай бўлиниш содир бўлмаслиги учун барча имкониятларни ишга солишга уриняпти.

Россия мудофаа вазири Сергей Иванов 23 ноябрь куни Беларусда ўтган тадбирда: “Мен МДҲ мудофаа вазирлари кенгаши ўз умрини тугатди, деган фикрга қўшилмайман. Мудофаа вазирлари кенгаши ўликдан кўра кўпроқ тирикдир. Чунки кейинги пайтларда 15 йилдан бери кўтарилмай келган долзарб муаммоларни кун тартибига олиб чиқмоқдамиз. Реал ҳаётийлик бизга ҳамкорлик учун янги йўналишларни яратиб бермоқда”, - деди.

Аммо кузатувчилар Россиянинг ҳаракатлари ташкилот доирасида ислоҳот ўтказилиши тарафдори бўлган мамлакатлар интилишларини тўхтатиб қола олмаслигини айтаётир. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев биринчилардан бўлиб МДҲ ислоҳотини таклиф этган эди. Бундан ташқари, Грузия-Россия муносабатларининг таранглашгани ҳам ташкилот келажагининг порлоқ бўлишига шубҳа туғдирмоқда. Грузия президенти Михаил Саакашвили саммит доирасида Россия президенти Владимир Путин билан учрашадими, деган савол кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Сентябрь ойида Грузия ўз ҳудудида Россия жосуслари қўлга олинганини дунёга маълум қилган эди. Ўшандан буён Россия Грузияга нисбатан бир қанча иқтисодий санкциялар жорий этган ва минглаб грузинларни Россиядан ҳайдаб чиқарган эди. Шундан келиб чиқиб, МДҲ ичида қарама-қарши гуруҳлар пайдо бўлиши мумкинлиги ҳам тахмин қилиняпти.

Аммо Россия бош вазири Михаил Фрадков бундай тахминларни рад этади.

“Биз МДҲ доирасида кимгадир қаршилик кўрсатиш учун дўстлашиш ниятида эмасмиз. Биз ўз давлатларимиз ва умуман МДҲ доирасидаги давлатлар рақобатбардошлигини оширишга ҳисса қўшмоқчимиз”, - дейди Михаил Фрадков.

Минск саммитига Украина президенти Виктор Юшченконинг қатнашиши номаълумлигича қолмоқда. МДҲга раислик қилаётган Беларус президенти Александр Лукашенко Украина президенти шу кунгача саммитга келиш-келмаслигини маълум қилмаганини билдирди.
XS
SM
MD
LG