Линклар

logo-print

Ўзбек урани Японияга сотилади

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон келаси йилдан Японияга уран хомашёси етказиб беришни бошлайди. Бу иш билан мамлакатдаги уран ишлаб чиқариш бўйича монополист бўлган Навоий кон-металлургия комбинати шуғулланади.

Давлат тасарруфидаги бу комбинат уран хомаёшси етказиб бериш борасида Япониянинг “Иточу” корпорацияси билан шартнома имзолаган.

Комбинат бош директори Николай Кучерскийнинг Россия ахборот агентликларига маълум қилишича, айни шартнома доирасида келаси йил Японияга 300 тонна уран хомашёси етказиш кўзда тутилган. “Иточу” билан шартнома беш йил муддатга тузилган бўлиб, келажакда уран сотиш ҳажмини 400 тоннагача ошириш баробарида нарх масаласини ҳам қайта кўриб чиқиш назарда тутилган.

“Озодлик” мухбири Навоий кон-металлургия комбинати маъмуриятидан бу шартнома борасида тўлиқ маълумот ола олмади. Комбинат матбуот вакили раҳбарият йўқлигини билдириб, бу маълумотни тасдиқламади, инкор ҳам этмади.

1992 йилдан бери ўзбек уранининг асосий харидори АҚШнинг “Nukem Inc” ширкати бўлиб келаётган эди. “Nukem Inc” уран савдоси билан шуғулланувчи жаҳондаги учинчи йирик ширкат ҳисобланади. 1996 йилда бу ширкат АҚШ Савдо вазирлиги орқали Ўзбекистондан уран олишга квоталарнинг оширилишига ҳам эришганди. АҚШ ўзбек уранини бойитилмаган ҳолда харид қилиш ва келажакда уни қайта ишлашни ўз назорати остига олишни ният қилганди. Аммо, афтидан, Ўзбекистон эндиликда ўз уранига янги харидорлар ахтараётган кўринади.

Россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов фикрича, Ўзбекистон уран хомашёсини жаҳон бозори нархида сотиш учун харидорлар хилма-хиллигини таъминлашга ҳаракат қиляпти.

“Ўзбекистон якка истеъмолчи, яъни АҚШга қарамлигини камайтиришга уриняпти. Ўзбекистоннинг Шарқ томон юз бураётгани ортида харидорлар хилма-хиллигини таъминлашга интилиш ётади”, - дейди А.Дубнов.

Аввалроқ Ўзбекистон Жанубий Корея билан ҳам шунга ўхшаш шартнома имзолаган. Айтилишича, бу шартнома бўйича Ўзбекистон Жанубий Кореяга йилига 300 тонна уран хомашёси етказиб беришни зиммасига олган. Аммо Жанубий Корея билан имзоланган шартнома анча узоқроқ муддатга – 2010-2014 йилларгача мўлжалланган.

А.Дубнов Ўзбекистон уранга янги харидорлар излаш учун Шарққа юз бураётганига айрим сиёсий сабаблар ҳам турки бўлаётганини назардан қочирмайди.

“Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатлари анчайин бузилган, Европа Иттифоқи билан алоқаларда эса санкциялар боис совуқлик кузатилаётган бир пайтда Тошкентнинг “Шарқ йўлбарслари” бўлмиш Япония, Жанубий Корея томон юз буриши табиий ҳол”, - дейди А.Дубнов.

Атом энергияси халқаро агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон уран ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда бешинчи, унинг захираси жиҳатдан эса еттинчи ўринда туради. Ўзбекистонда 55 минг тоннадан 80 минг тоннагача уран захираси борлиги аниқланган.

Ўзбекистонлик кузатувчи Комрон Алиевнинг билдиришича, Навоий кон-металлургия комбинати Ўзбекистонда олтин ва уран ишлаб чиқариш бўйича энг йирик монополист ҳисобланади. Корхона йилига 60 тонна олтин ва 2,2 минг тонна уран хомашёси ишлаб чиқаради. Япониянинг эндиликда собиқ бош вазири Жуничиро Коизуми бир неча ой муқаддам Тошкентга қилган сафари чоғида япон ширкатларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётганини қайд этган ва уран конларини қазиш ҳамкорликнинг истиқболли жабҳаларидан эканини таъкидлаган. Ўз навбатида, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу борада Японияга кенг имкониятлар очиб беришни ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG