Линклар

МДҲ саммитида яна эски гаплар

  • Барно Анвар

Беларус пойтахти Минск шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари саммити бошланди. Учрашув кун тартибига Ҳамдўстлик фаолиятини ислоҳ қилишга қаратилган 20дан ортиқ масала киритилган.

8 декабрь куни собиқ иттифоқ ҳудудида юзага келган МДҲ ўзининг 15 йиллигини нишонлайди. Бироқ Минскка йиғилган раҳбарлар кайфиятида бу санани кўтаринки нишонлаш руҳи кузатилаётгани йўқ. Аксинча, сўнгги 15 йил давомида этаги бир-бирига боғланган давлатлар дилида йиғилиб қолган анча-мунча эътирозлар айнан шу саммитда тилга чиқиши ва нураб битаёзган тузилмани бутунлай қайта тузиш масаласи ўртага ташланиши кутилмоқда.

МДҲни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш борасида жиддий ташаббусни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўртага ташлади. Унинг таклифи, асосан, Ғарбнинг энергетик эҳтиёжига қараб йўналиш олувчи ўзгаришларни назарда тутади.

Минск саммитида ҳам Н.Назарбоев МДҲни қайта тиклаш муҳим экани ҳақида гапирди.

“Олий даражадаги бугунги учрашув МДҲ келажагини тўлиқ муҳокама қилиш, айниқса, Ҳамдўстликнинг самардорлигини ошириш масаласини атрофлича муҳокама қилиш имконини беради”, - деди Н.Назарбоев.

МДҲни мустаҳкамлаш эмас, уни тарк этиш ва бу тузилмадан бутунлай воз кечиш фикри ҳам борки, бу истакни Грузия билдирмоқда. Грузия парламенти сўнгги бир йил давомида шу масала устида бош қотирди.

Аксар таҳлилчилар эътирофича, 15 йил яшаб қўйган МДҲда бугун сиёсий-иқтисодий манфаатлар, асосан, халқаро сиёсатнинг ҳал қилувчи қисмига айланган энергетик имкониятлар нуқтаи назаридан юзага чиқа бошлаган сиёсий манфаатларга кўра бирлашаётган кичик гуруҳлар пайдо бўлмоқда. Бу эса, биринчи навбатда, тобора умумий позицияга эга бўлиб бораётган Россия ва Қозоғистон иқтисодий бирлигида кўринади. Ундан кейингиси эса эндигина тиклана бошлаган ва Россиянинг мазкур ҳудуддаги энергетик эмансипацияси йўлида асосий тўсиқ бўлиши тахмин қилинаётган Беларус-Украина бирлигидир. Бу таркибга кўп ўтмай Молдова ва Озарбойжон ҳам қўшилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Россиялик таҳлилчи Виталий Портников фикрича, сўнгги вақтларда МДҲ доирасида ички бўлиниш ва айниқса, норозилик пайдо бўлишида масъулият деярли тўлиқ равишда Россия зиммасида.

“Кейинги пайтда Россия ҳукумати лидерлик амбицияларини намойиш қилибгина қолмай, МДҲ аъзолари билан ҳисоблашмасликка ҳам ўта бошлади. Мисол учун, яқинда МДҲ юбилей учрашуви белгиланган сананинг кўчирилиши фақатгина Россиянинг истаги билан ҳал бўлди ва шу пайтгача Москва МДҲ раҳбарларига нисбатан бу қадар ошкора беписандлик қилмаган эди”, - дейди россиялик таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, расмий Москва кейинги вақтларда собиқ иттифоқ қулагандан сўнг катта меҳнат эвазига тузилган ва ҳозирга келиб нуфузини йўқотиб бораётган МДҲ доирасидаги сиёсатда жиддий хатоларга йўл қўйди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳам айни фикрни ёқлар экан, бу Россия раҳбарининг ўз юртида ўрнатган авторитар бошқарув тизими натижаси эканини таъкидлади.

“Владимир Путининг МДҲнинг бошқа аъзоларига нисбатан муносабатини авторитар давлатларга хос бўлган қилиқ, дейиш мумкин. Чунки Путиннинг Сочидаги саммитда МДҲ мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон раҳбарига муносабатидан хабаримиз бор. Албатта, бу борада Қозоғистон ёки, масалан, Тожикистоннинг ўз эътирозлари бор. Яъни МДҲ аъзолари ўртасида келишувдан кўра, келишмовчилик, зиддият кучлироқ”, - деди Т.Йўлдошев.

Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари айни вақтда арқонни узун ташлашга ҳам ҳаракат қилмоқда. Улар буткул Россиянинг раъйига қараб қолиш ниятида эмас.

Ўзбекистон эса ҳамон аввалги беқарор сиёсатини тутмоқда. Яъни МДҲга аъзо мамлакатлар, хусусан, Россия билан муносабатларни фақат расмий шаклдагина олиб бормоқда.

“Расмий Тошкентнинг бугун Россия раъйига қараш, унинг назоратига бўйсунишдан бошқа имкони йўқ, албатта. Аммо, фикримча, у аввалгидек барча муносабатларни фақат расмий кўринишдагина, яъни номига олиб боради. МДҲнинг бошқа аъзолари билан ҳам шундай. Яъни чегараларни очмайди, интеграция жараёнларига жиддий киришмайди”, - деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG