Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:18

Марказий Осиë бирлиги минтақага зиë олиб келади


Шу кунларда тўғри маънода зулмат ичида қолган Тожикистон манзараси фонида Марказий Осиëда ягона энергия тизими яратиш хусусида Жаҳон банки мутасаддилари илгари сураётган ғоя жозибали кўринмоқда.

Мутахассисларнинг билдиришича, Марказий Осиëда совет даврида барпо қилинган ягона энергия тизими кейинги 15 йил ичида буткул йўқ қилинган. Янги тизим эса ҳали яратилмаган.

Россиялик энергетика корчалони Анатолий Чубайс МОда ягона энергия тизимини қайта тиклаш ғоясини илгари сурганида бу таклиф минтақа раҳбарлари рағбатини кўрмаган эди. Бугунга келиб МОда бундай тизим самарали бўлиши борасида халқаро мутахассислар, жумладан, Жаҳон банки вакиллари ҳам гапирмоқда. Минтақанинг кўзга кўринган мутахассислари ҳам ягона тизимга эҳтиёж борлигини рад этмайди.

Шунга қарамай, Тошкентдаги Иқтисодиёт университети ходими, иқтисодчи Иброҳим Ҳакимов бугун минтақада ягона энергия тизими яратиш ғоясини амалга ошириш қийинлигини айтади.

“Бундай лойиҳа амалга ошиши учун МО давлатларида иқтисодий ва сиëсий замин йўқ, аммо шундай лойиҳага минтақа аҳолисида катта эҳтиëж бор”, - дейди олим.

Тожикистонлик кузатувчи Жамолиддин Саидов эса МОдаги энергетик бирликдан, аввало, минтақа аҳолиси манфаат кўришини таъкидлади.

“Бу тизим самарадорлигини кўрмаслик гумроҳликдир. МО раҳбарлари бир стол атрофига ўтириб, бирлашиш ҳақида ўйласа, маъқул бўларди”, - деди Ж.Саидов.

Иброҳим Ҳакимов энергия соҳасидаги муносабатлар бозор иқтисодига асосланиши кераклигини айтди.
“Гап электр энергияси бериш-бермасликда эмас. Бозор иқтисоди шароитида энергия сотилади. Аввал муносабатларни яхшилаш лозим. Шундан кейин ҳамкорлик ҳақида гапириш мумкин”, - деди И.Ҳакимов.

Туркманистоннинг собиқ сув хўжалиги вазири Александр Додоновнинг айтишича, минтақадаги совет давридаги ягона энергия тизими илмий асосларга кўра ташкил қилинган.

“Энергия тизимлари табиий муҳит ҳисобга олиниб, масалан, Вахш дарëсида қурилган. МОнинг бир жойида дарëлар тошаëтган пайтда бошқа дарëлар сокин бўлади. Шуларни ҳисобга олиб тўғонлар ва гидроэлектр станциялар қурилган. Буларнинг ҳамаси минтақани уйғун ва барқарор энергия билан таъминлаган”, - дейди собиқ вазир.

А.Додонов сўзларига кўра, россиялик энергетика корчалони А.Чубайс МОда ягона энергия тизимини қайта тиклаш ғояси билан чиққанида бу таклиф минтақа раҳбарлари, хусусан, Туркманистон президенти томонидан маъқулланмаган.

Айни пайтда Ўзбекистон президенти катта-кичик минбарлардан туриб МО халқлари ўз иқтисодий имкониятларини бирлаштирсагина фаровонликка эришажагини таъкидлаб келади. Аммо бу гаплар гаплигича қолмоқда.

А.Додонов МОда иқтисодий бирлик ëки ҳеч бўлмаганда, ягона энергия тизими ғоясининг амалга ошмаслигида минтақада иқтидорда қолаëтган автократ раҳбарлар сабаб эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG