Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:39

Ўзбекистон ваъдасини бажарадими?


Халқаро қизил хоч ташкилоти Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазиятни ўрганиш учун рухсат олиш мақсадида Тошкент ҳукумати расмийлари билан музокараларни бошлаб юборди.

“Ҳозир биз Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан мамлакат қамоқхоналарини кўздан кечириш механизмини йўлга қўйиш бўйича муҳим музокараларни олиб боряпмиз”, - деди ташкилотнинг Тошкентдаги вакили Пьер Эммануэл “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Агар Ўзбекистон ҳукуматидан ижозат олинса, Халқаро қизил хоч ташкилоти қамоқхоналар инспекциясини келаси йил январь ойидан бошлаши мумкин.

Халқаро қизил хоч ташкилоти сўнгги бор 2004 йилда Ўзбекистон қамоқхоналарини инспекция қилган эди. Ўшандан бери ташкилот қамоқхоналарни кўздан кечириш борасида ҳукуматдан рухсат ололмаган, барча уринишлари бесамар бўлган. 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин эса вазият яна кескинлашди. Ташкилотнинг Ўзбекистон расмийлари билан алоқаларида узилиш рўй берди. Агар бу сафарги уринишлар натижа берадиган бўлса, Халқаро қизил хоч Андижон воқеасидан сўнг Ўзбекистон қамоқхоналарини кўздан кечирган биринчи халқаро ташкилот бўлади.

“Биз барча қамоқхона ва жазони ўташ муассасаларини кўздан кечиришга, у ердаги шароит билан танишишга ҳаракат қиламиз. Албатта, бу вақт талаб этади. Қамоқхоналардаги вазият тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун бор имконимизни ишга соламиз”, - деди Пьер Эммануэл.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов 8 ноябрь куни Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан учрашувда Халқаро қизил хоч ташкилотига ўзбек қамоқхоналарини кўздан кечиришга рухсат берилишини ваъда қилган эди. Вазирнинг шу баёнотидан кейин ташкилот ўзбек расмийлари билан музокараларга киришган ва улар ўз сўзида туришига ташкилотнинг ишончи катта.

“Бизга рухсат берилишига ишончимиз катта. Бир неча ҳафта олдин Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов баёноти ва олий даражадаги учрашувлардан сўнг ҳукумат қамоқхоналарни кўздан кечиришимизга рухсат беришига ишончимиз янада ортди. Менимча, ҳаммаси тўғри йўналишда бормоқда”, - деди Пьер Эммануэл.
XS
SM
MD
LG