Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:19

Олий суддан умидлар пучга чиқди


Имомбек Абдусаидов Россия Олий Суди 1,5 ярим йилдан буён Ивановодаги тергов изоляторида сақланаётган 13 ўзбекни юртига экстрадиция қилиш ҳақидаги дастлабки суд қарори юзасидан киритилган шикоят аризани қондирмади.

12 таси Ўзбекистон ва бири Қирғизистон фуқароси бўлган бу ўзбеклар Ўзбекистонда Андижон исёнига алоқадорликда айбланмоқда ва энди уларни ўз юртига экстрадиция қилиш қарори кучга кирди.

“Ивановолик ўзбеклар”нинг адвокати Ирина Соколова сўзларига кўра, Россия Олий суди ҳукмни чиқариш жараёнида кўплаб ҳуқуқий жиҳатларни, шунингдек, Ўзбекистон томонидан тақдим қилинган ҳужжатлардаги кўплаб номувофиқликларни эътиборга олмаган.

“Хулоса қилиш мумкинки, бу ўзбекларга нисбатан илгари сурилган айбловларнинг аксарияти уюштирилган, сохтадир”, - дейди адвокат.

Бир неча халқаро ташкилотлар Россия Олий суди ҳукми юзасидан хавотир билдирмоқда. БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан бошпана изловчилар сифатида рўйхатга олинган бу фуқароларнинг мажбуран ўз юртига, қийноқлар кенг қўлланилиши айтиладиган Ўзбекистонга бериб юборилиши халқаро ҳуқуқ меъёрларига мутлақо зид ҳолат ўлароқ баҳоланаётир.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ходимаси Елена Рябинина Олий суднинг бу қарори жуда зиддиятли вазиятни юзага келтирганини билдирди.

“Россия суди мавжуд халқаро қонунчиликларга зид қарор қабул қилди. Ҳозирги вазият ҳақиқатда танг. Бир тарафдан, Россия Бош прокуратурасининг бу фуқароларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарори қонуний кучга кирди. Иккинчи томондан, бу қарорни бажариб бўлмайди. Бироқ Россия иккинчи бор халқаро ҳуқуқий меъёрларни бузиши, яъни Европа инсон ҳуқуқлари суди қарорига зид иш тутиши-тутмаслиги номаълум”, - деди Е.Рябинина.

Россия Олий судида сўнгсўз берилган ўзбекистонлик қочқинлар ўз юртида уларни машъум тақдир кутаётгани ҳақида гапирди.

Жумладан, улардан бири Изаттила Муҳаммадсобиров: “Ўзбекистонда мени қамоқ жазоси ва қийноқлар кутаётгани аниқ. Чунки менга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 8 моддаси бўйича ноҳақ айб қўйилган. Ишончим комил, бизни қўлга киритиш учун шунча вақт уринган ўзбек ҳукумати ҳали бизни не кўйларга соларкин?! Эҳтимол деворнинг тагига қўйиб отиб юборар?! Шуни кўриб-билиб туриб бизни Ўзбекистонга бераётган Россия Олий судининг истаги нима ўзи?”, - деди.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукумати Европа суди томонидан экстрадицияси тўхтатилган Рустам Мўминовни кутилмаганда Ўзбекистонга бериб юборган, кейин эса буни хато ҳисоблаб, экстрадиция билан шуғулланган расмийлар устидан жиноят иши қўзғаган эди. Аксар халқаро ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар буни Россия ҳукуматининг ниҳоят тўғри хулосага келганига йўйиб, Олий судга яхши ниятларда кўз тикиб турганди. Аммо умидлар яна пучга чиқди.
XS
SM
MD
LG