Линклар

МДҲнинг судралаётган бир пайтда НАТО фаоллашмоқда

  • Барно Анвар

МДҲнинг Минскда бўлиб ўтган саммити кун тартибидаги асосий масалалардан бири – тузилмани қайта шакллантириш масаласи ечими яна олти ойга, 2007 йилнинг июнига қадар кечиктирилди.

Саммит сўнггидаги матбуот анжуманида фақат икки расмий – МДҲга бу йил раислик қилаётган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва МДҲ ижроия қўмитаси раиси Владимир Рушайло иштирок этди.

Қозоғистон президенти матбуот анжумани аввалидаёқ МДҲнинг бугунги ҳолати қониқарли эмаслиги ва Ҳамдўстлик доирасида имзоланган аксар ҳужжатлар амалда тадбиқ қилинмаётгани, Минск саммитида ҳам аксар масалалар яна очиқ қолганини тан олди.

“Афсуски, МДҲ доирасида қабул қилинган аксар ҳужжатлар ҳали амалга тадбиқ қилинаётгани йўқ. Аммо биз тузилманинг самарадорлигини ошириш керак, деган якдил фикрдамиз. МДҲ ташқи ишлар вазирлари кенгашига Ҳамдўстликни ислоҳ қилиш бўйича махсус экспертлар гуруҳи тақдим қилган таклифлар асосида келгуси йил 1 июнга қадар концепция ишлаб чиқиш топширилди”, - деди Н.Назарбоев.

Саммитда муҳокама этилиши кутилган бир неча масалалар, жумладан, эркин савдо ҳудуди, ягона иқтисодий макон, давлат чегараларини очиш, энергетик ҳамкорлик ёки аъзо давлатлар орасида юзага келган зиддиятлар, масалан, Россия-Грузия муносабатлари каби масалаларда МДҲ раҳбарлари яна тил топиша олмади.

“16 октябрь куни МДҲ ташқи ишлар вазирлари учрашувида давлат чегаралари тўғрисидаги ҳужжат муҳокамага қўйилганда уч давлат уни рад этди. Шунинг учун бу масала кун тартибидан олинди”, - деди бу масалага изоҳ берган В.Рушайло.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотлар бўлими раҳбари Андрей Грозин фикрича, МДҲ аъзоларининг ҳануз бир қарорга кела олмаётгани сабаби уларнинг мутлақ турлича иқтисодий манфаатларга эга экани билан боғлиқ.

“МДҲ турли иқтисодий модел, турлича иқтисодий ва сиёсий тузум ҳамда собиқ иттифоқдаги қўшнилари билан муносабатларда турлича қарашга эга бўлган давлатларни бирлаштирган. Яъни МДҲ аъзоларининг иқтисодий имконият ва сиёсий истаклари бир-биридан кескин фарқ қилади ва бу фарқ йилдан йилга кучайиб боряпти. Шунинг учун улар МДҲ доирасидаги муносабатлар асосини ташкил этадиган ягона иқтисодий макон борасида бир битимга кела олмаяпти”, - дейди А.Грозин.

Аксар таҳлилчилар фикрича, Минск саммитининг кутилган натижани бермагани, анча масалалар ечими топилмаганининг асл сабаби айни пайтда МДҲ аъзолари икки иқтисодий гуруҳга, яъни иқтисодий имкониятлари улкан, масалан, энергетик захираларга бой ва энергетик эҳтиёжи катта давлатларга бўлинаётганидадир.

Очиқ тилга олинмаган, аммо Минск саммитидаги тарангликнинг асосий сабаби бўлган айни масала Ригадаги НАТО саммитида ҳам бош мавзулардан бири бўлди. Жумладан, ҳануз МДҲ таркибида бўлган давлатлар – Грузия ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлиб кириши масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схефеер альянс ўз сафини кенгайтириш ниятида экани, келгусида унинг фаолияти ҳам янги йўналишларга ўзгартирилиши, жумладан, энергетик хавфсизлик масаласи бош планга кўтарилишини билдирди.

НАТО билан изчил музокаралар олиб бораётган Грузия собиқ иттифоқ ўлкалари энергетик манфаатларини бирлаштирувчи тармоқнинг таркибий қисми ҳисобланади. Унинг айни шу жиҳати МДҲ аъзоларини хавотирга солиб турган бўлса, НАТО давлатларининг эътиборини тортмоқда.
Хусусан, америкалик сенатор Ричард Лугар НАТО келгуси фаолиятида аъзо давлатлар энергетик хавфсизлигини ҳимоя қилишни ҳам зиммасига олсин, дея таъкидлар экан, бунда асосий эътиборни Грузияга қаратди.

“Грузия ўз минтақаси учун жуда ажойиб модел бўла олади. Бундан ташқари, бу давлат ҳудудидан Боку-Тбилиси-Жайҳун нефть қувурининг асосий қисми ўтади. Икки ой муқаддам НАТО бош котиби Грузия билан изчил мулоқотлар бошлаганини маълум қилди. Бу эса жуда муҳим ва альянснинг имкон қадар тезроқ кенгайиши режасини ишлаб чиқиш лозим”, - деди республикачи сенатор.

АҚШ ва НАТОга аъзо бошқа давлатлар собиқ иттифоқнинг энергетик имкониятга эга бўлган ўлкалари билан аъзолик тўғрисидаги мулоқотларни тезлаштириш тарафдори ва ҳозирданоқ ана шу давлатларнинг энергетик хавфсизлигини ҳимоя қилиш келгусида НАТОнинг бош мақсадларидан бири бўлишини кераклигини таъкидламоқда. НАТОнинг Ригада ўтган саммитида Грузия ва Украинада яқин истиқболда альянсга аъзо бўлиш имкони борлигига ишора қилинди.

Шундай бир вазиятда МДҲ келажагида муҳим роль ўйнаши айтилган саммит яна мавҳум ҳолда якун топди. Навбатдаги йиғилишни эса 2007 йил 10 июнда Санкт-Петербургда ўтказиш режалаштирилди.
XS
SM
MD
LG