Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:58

Андижонга қайтган қочқинлар доимий назоратда


Яқинда ғарблик журналистлардан бир гуруҳи Андижонда бўлиб, маҳаллий аҳоли вакиллари, жумладан, қочқин сифатида юртни тарк этиб, кейин қайтиб келган кишилар билан суҳбатлар ўтказди.

Журналистлар Андижонда Файзиддиновлар хонадонида ҳам бўлди. Бу хонадоннинг 4 вакили Андижон воқеалари пайтида жон сақлаб қолиш илинжида Қирғизистонга қочиб ўтганлардан. Файзиддиновлар Қирғизистондан дастлаб Руминияга, сўнгра АҚШга кўчирилди. Яқинда эса улар Андижонга қайтди.

Оила бошлиғининг айтишича, рафиқаси, ўғиллари Иброҳимжон ва Абдувалихон, қизи Муяссархон Америкадан юртига қайтган. Улар ҳозирча бирор ишга жойлашгани йўқ.

“Боғишамолда участкамиз бор. Ўша ерда девор-певор уриш билан банд ўғилларим. Ҳали иш топмади”, - дейди оила бошлиғи.

“Ўша куни (2005 йил, 13 май - C.У.) улар майдонга томоша қилиш учун борган эди,- дейди Файзиддиновлар оиласи бошлиғи. - Отишма бошлангандан кейин қаёққа боришини билмай кетиб қолган. Ўзим бормаганман. Шунинг учун нима бўлганини аниқ билмайман”.

Файзиддиновлар диндор оила, ўзларининг тили билан айтганда, тўралардан – пайғамбар авлодидан.

Оила бошлиғи Андижонда “акрамийлар” деган гуруҳ борлиги тўғрисида эшитмаганини билдирди:

- Менинг бунақа нарсадан хабарим йўқ. Бунақа нарса бўлган эмас. “Акрамий” деган сўзниям эшитмаганмиз.

Ўзини Иқболжон деб таништирган йигит ҳам АҚШдан Андижонга қайтган қочқинлардан. У акрамийлар оқими мавжудлигини эътироф этди.

“Албатта, акрамийлар оқими бор нарса. Бўлган. Ўша воқеалар келтириб чиқарилган ва бу катта хато бўлган”, - дейди Иқболжон.

Файзиддиновлар оиласи бошлиғи сўзларига кўра, Америкадан қайтиб келган турмуш ўртоғи ва фарзандларига маҳалла-кўйнинг муносабати ўзгармаган.

Лекин қайтиб келганлар прокуратурага чақиртирилиб, сўроқ қилинди. Прокурордан кечирим сўради.

“Прокурор сўроқ қилди. Тилхат ёзиб беришди. Кечирим сўрашди”, - дейди Фазлиддиновлар оиласи бошлиғи.

Андижонлик Иқболжон ҳам прокуратурага чақиртирилиб, сўроқ қилинган. Унинг айтишича, прокуратурага бу воқеаларга аралашмаганлар ҳам, тасодифан аралашиб қолганлар ҳам чақирилган.

Иқболжон юртга қайтган қочқинлар ҳуқуқ-тартибот органларининг доимий назорати остида эканини таъкидлади.

“Келганимиздан бери ҳафтада бир учраб турамиз. Оиламиздаги вазият, қандай ишлар билан банд эканимиз тўғрисида маълумот бериб турамиз”, - дейди Иқболжон.
XS
SM
MD
LG