Линклар

logo-print

Балиқфурушлар ғалаёнига ҳокимликнинг қарори сабаб бўлди

  • Ҳурмат Бобожон

Душанба куни Чиноз балиқ бозори яқинида юзлаб одам ғалаён кўтариб, Тошкент-Термиз автомагистралини бир неча соат давомида тўсиб қўйганига маҳаллий ҳокимликнинг бозорни ёпиш тўғрисдаги қарори сабаб бўлган.

Чиноз ҳокимлиги вакили савдогарлар бозорнинг ёпилиши ҳақидаги қарордан норозлик билдириб шундай йўл тутганини тасдиқлади.

“Бозорчилар аҳмоқлик қилиб иш ташлаш қилишибди. Кейин дарров кетишди, очилди”, - деди Чиноз шаҳри ҳокимлиги ходимларидан бири.

Маълум бўлишича, Чиноз бозорида савдо қилувчилар йўлни тўсгандан кейин талаблари бажарилмагунча машиналар қатновига йўл берилмаслигини билдирган.

Норозилик қатнашчиларидан бирининг айтишича, воқеа душанба куни тонгги учда бошланган. Чиноз балиқ бозорида фаолият юритувчи савдогарлар бозор ёпиқлиги ва келажакда у Тошкент шаҳрига кўчирилишидан хабар топгач, ғалаён кўтарган ва катта автомагистрални тўсиб қўйган. Қисқа вақт ичида норозилар сони кўпайиб, икки мингга етган. Бунинг оқибатида Тошкент-Термиз автомагистралида машиналар тиқини бир неча километргача чўзилиб кетган. Норозилар исиниш учун автомобиль шиналарини ёққан.

Бозорчиларнинг билдиришича, у ердаги маҳаллий аҳолининг асосий тирикчилиги шу бозордан.

Воқеа тафсилотларини ўрганган маҳаллий журналистлардан бири ҳокимлик вакиллари бозорни қайта очишга рухсат бергандан кейингина намойиш иштирокчилари тарқалганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ғалаён қатнашчиларига нисбатан куч ишлатилмаган.

Ҳозир Чиноз балиқ бозорида савдо давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG