Линклар

Чимкентда ўзбекистонлик 11 фоҳиша ушланди


Куни-кеча Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўзбекистонлик 11 фоҳиша аёл ушланди. Қозоғистонда фаҳш ишлари билан шуғулланиш тақиқланмагани, ҳужжатлари жойида бўлгани учун улар озод этилиши мумкин.

Полициянинг маълум қилишича, ўзбекистонлик фоҳишалар Чимкентнинг Ал-Фаробий туманида қўлга олинган. Улардан бири 20 ёшли Оксана шаҳарда икки йилдан буён фоҳишабозлик билан шуғулланган.

Оксананинг айтишича, эри билан ажрашгач, ёш боласи билан ота-онасининг уйига қайтиб борган. Оиласи катта бўлгани учун улар моддий томондан анча қийналган. Шундан кейин у Чимкентга келиб, фаҳш ишлари билан шуғулланишга мажбур бўлган.

Полиция Қозоғистонга кириш қоидасини бузмагани, мамлакатда фаҳш ишлари билан шуғулланиш тақиқланагани сабабли ўзбекистонлик фоҳишалар озод этилиши мумкинлигини билдирмоқда. Бу эса улар яна эски “касби”ни давом эттираверишини англатади.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги пайтларда ўзбек аёлларининг Қозоғистонга келиб фоҳишалик қилиш ҳолати кескин кўпайган. Мамлакатда фоҳишабозлик кенг ривожланаётгани асосий сабабларидан бири бундай “касб” учун жиноий жавобгарликнинг йўқлигидир. Бироқ Қозоғистонда бу иш билан шуғулланишга ҳам рухсат этилмаган.

Маҳаллий кузатувчилардан бири Нурлан оға бу борада қонун қабул қилиш керак, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, мамлакатда фоҳишабозлик билан шуғулланишга чек қўйиш ёки унга рухсат бериладиган бўлса, махсус фаҳш уйлари ташкил этиш лозим.

Қозоқ эркаклари фоҳишалар хизматидан кенг фойдаланаётгани бир қанча муаммолар келтириб чиқармоқда. Улар фоҳишалардан турли касалликларни юқтиряпти.

Расмий маълумотларга кўра, йил бошидан буён биргина Олмаота шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланувчи 18 аёлда ОИТС касаллиги аниқланган. Улар орасида ўзбекистонлик аёллар ҳам бор. Яқинда ўзбекистонлик 19 ёшли фоҳишада СПИД аниқланиб, у суд қарори билан Қозоғистондан депортация қилинган.

“Сана сезим” нодавлат ташкилоти раҳбари Хадича Абишева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда пул ишлаш илинжида Қозоғистонга келиб, траффик қурбони бўлаётган ўзбек аёлларининг тақдири аянчли эканини айтди. Бу аёллар ҳуқуқсиз, қул мисоли муносабатга кўниб яшашга мажбур қилиняпти.

Жанубий Қозоғистон университети профессори Ботир Норбоев ўзбек қизларининг фоҳишалик қилаётгани миллат шаънига доғ бўлиб тушаётганини таъкидлади.

“Яқинда бир қозоқ йигити билан айтишиб қолдик. У ўзбек аёлларининг 30-40 фоизи фоҳиша бўлиб кетганини айтди. Ўзбек бўлганим учун чидаб тура олмай, унга аччиқ гаплар гапирдим. У эса буни ўзи кўриб, одамлардан эшитаётганини айтди. Фактлар жуда ҳам кўп. Туркистондай таббаррук, зиёратгоҳ шаҳарда ҳам ўзбекистонлик аёллар фаҳш билан шуғулланадиган махсус жойлар бор экан. Бу биз ўзбек эркакларининг жуда ҳам ориятини келтиради. Бу шармандали, уятли ҳолат миллат шаънига ҳам доғ бўлиб тушяпти”, - дейди Б.Норбоев.
XS
SM
MD
LG