Линклар

logo-print

“Ивановолик ўзбеклар”да яна бир имконият бор


1,5 йилдан буён Ивановодаги тергов изоляторида сақланаётган 13 ўзбекни ўз юртига эктрадиция қилинишдан сақлаб қолиши мумкин бўлган яна бир имконият мавжуд экани маълум бўлди.

Гап шундаки, куни-кеча Россия Олий суди бу ўзбекларни юртига экстрадиция қилиш ҳақидаги қуйи суд идораларининг қарорини ўз кучида қолдирган эди. Шундан сўнг экстрадиция ҳақидаги ҳукм кучга киргани хабар қилинганди.

Бироқ Россия Олий суди матбуот хизмати раҳбари Павел Одонев ҳукм кучга киришига ҳали вақт эрта эканини билдирди.

“Россиядаги сўнгги инстанция назорат тизимидир. Айни вазиятда Олий суд президиуми сўнгги инстанция ҳисобланади. Билишимча, қонунчилик асосида тарафларга юқори инстанцияга шикоят қилиш учун ўн кунлик муҳлат белгиланган”, - деди Павел Одонев.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтган йили Ивановода ҳибсга олинган 13 ўзбекни Андижон воқеаларига алоқадорлик, қораверса, терроризм, ноқонуний диний гуруҳлар ташкил этиш каби бир-биридан ваҳимали моддалар бўйича айбланмоқда.

Улар БМТнинг қочқинлар идораси томонидан бошпана изловчи шахс сифатида эътироф этилгани учун Россия Олий судининг қарори инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларни ташвшга солган эди. Улар бу шахсларнинг қийноқлар қўлланилувчи мамлакат сифатида танилган Ўзбекистонга бериб юборилиши халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид эканини айтмоқда.

Бундан аввалроқ Россия ҳукумати экстрадиция қилиниши Европа суди томонидан тўхтатилганига қарамай, ўзбекистонлик Рустам Мўминовни расмий Тошкентга топширган эди. Кейинроқ эса Россия расмийлари бу ишни хато ҳисоблаб, экстрадиция билан шуғулланган амалдорлар устидан жиноят иши очганди.

Россиялик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Людмила Алексеева бу ҳақда гапирар экан: “Бу Россия учун мисли кўрилмаган даражадаги воқеадир. Чунки Россия шу кунгача Европа суди қарорларини бажариб келган. Европа суди нега бундай қарорлар чиқаргани тушунарли. Чунки Ўзбекистон ўлим жазоси ва қийноқлар қўлланиладиган мамлакат ҳисобланади. Халқаро меъёрларга кўра, бу мамлакатга айбдор одамларни ҳам топшириш мумкин эмас, бундай одамлар айни пайтда яшаб турган ери, яъни Россияда суд қилиниши зарур. Бу меъёрлар нега бузилаётгани менга тушунарсиз. Балки жаноб Каримов билан қандайдир яширин келишув бордир”, - деди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, шу пайтгача Россиядан Ўзбекистонга ўнлаб фуқаролар экстрадиция қилинди. Уларнинг кўпчилиги расмий Тошкент томонидан оғир жиноятларда айбланган. Бироқ шахсларнинг кейинги тақдири тўғрисида ҳалигача бирор маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG