Линклар

Россия Ўзбекистонни Ғарб билан қўрқитмоқда

  • Алишер Сиддиқ

29 ноябр куни Латвия пойтахти Ригада якунланган НАТОга аъзо давлатлар саммити альянс ҳамда Россия ўртасидаги муносабатлар борасида турфа сиёсий чайқовчиликларга яна бир туртки берди.

Қарийб 60 йил аввал Ғарбий Европани Шўролар Иттифоқидан ҳимоялаш мақсадида тузилган Шимолий Атлантика альянси ўз таркибига айрим собиқ шўро давлатларини бирлаштира бошлади ва тарихида илк бор энг аҳамиятли анжуманини шу мамлакатлардан бирида ўтказди.

“Собиқ шўро давлати парчалангандан сўнг 15 йил ўтиб, НАТО энди Россияни ўзининг душмани сифатида белгилаб олди ва унинг табиий захиралари устидан назоратни қўлга олиш мақсадини ўз олдига қўйди”, - деб ёзади Россиядаги “РБК Дэйли” газетаси.

Мақола муаллифи Виктор Ядуха бу ўринда НАТО қўшинларининг Россияга чегарадош давлатлардаги фаолиятини назарда тутганини айтади.

“Авваламбор мен НАТО яқинда Польшада ракета ҳужумидан мудофаа тизимини жойлаштирганини, қолаверса, Руминияда икки ҳарбий базанинг пайдо бўлгани ва Болгарияда ҳарбий базалар очилганини назарда тутдим. НАТОнинг Шарққа қараб кенгайиш иштиёқи ҳам бундай дейишимизга асос бўлади”, - деди Виктор Ядуха.

Россиянинг етакчи сиёсатчилари орасида ҳам НАТО ва АҚШ борасида айнан шундай мулоҳазалар устунлик қилади. Аммо Ригадаги саммит олдидан нутқ сўзлаган АҚШ президенти Жорж Буш НАТО бугунги кунда Россия билан ҳамкорлик қилишни ўзининг асосий йўналиши сифатида белгилаб олганини билдирди.

“Биз Россия жуда аҳамиятли давлат эканини ҳамда Россия билан террорчиликка қарши кураш ва ядровий қуроллар тарқалишининг олдини олиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш манфаатимизга мослигини эътироф этамиз”, – деди Ж.Буш.

Россиялик мутахассислар АҚШ ёки НАТО Россияга очиқдан-очиқ қаршилик намойиш этмаётган эса-да, Россияга мойил давлатларда ўз ҳозирлигини ошираётганини билдиряпти.

Бугунги кунда Россия ўзига мойил давлатларни бирлаштирган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ёки Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти фаолиятини жадаллаштирмоқда.

Аммо наточилар Марказий Осиё ёки Кавказ минтақасида Россия билан мутлақо рақобатда эмаслигини айтиб келади.

“Россия амбицияларини билмайман. Аммо НАТОга қарши иттифоқ тузиш борасидаги ҳар қандай ғоя барбод бўлади. НАТО бундай тузилмаларни рақобатчи сифатида кўрмайди”, - деди НАТО сиёсатини режалаштириш бўлими раҳбари Михаил Руҳле.


Россия расмий Тошкентни Андижондаги қонли воқеалар ортида Ғарб давлатлари турганига кўпроқ ишонтиришга уринаётганини кузатиш мумкин.

Москвадаги “Чегарабўйи ҳамкорлик уюшмаси стратегик режалаштириш хизмати” раҳбари Александр Собянин ўзининг сўнгги интервьюсида айтишича, АҚШ Ўзбекистонга чегарадош давлатлар билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириб, Ўзбекистоннинг радикал исломий мухолифатини қўллаб-қувватлайди, Наманган ва Андижонда тартибсизликлар келтириб чиқаришга ҳам уринади.

Бироқ россиялик таҳлилчи айнан Ғарб давлатлари Андижондаги воқеалар тўғрисидаги ҳақиқатни тиклаш учун мустақил халқаро тергов ўтказишни талаб қилаётганини эсга олишни эп билмади.

Бундай тергов ўтказиш тўғрисидаги халқаро жамоатчилик талабларини расмий Тошкент инкор қилиб келаётгани маълум. Америкалик айрим мутахассислар сўзларига кўра, бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ва айниқса, Ўзбекистон устидан назоратни қўлдан бой бермаслик мақсадида Россия Ўзбекистон расмийларини Ғарб билан қўрқитади.

“Президент Каримовни ҳокимиятдан четлатиш таҳдиди мавжуд экан, Ўзбекистон-НАТО ёки Ўзбекистон-Ғарб муносабатлари таранглигича қолаверади”, - дейди “РБК Дэйли”да чоп этилган мақола муаллифи В.Ядуха.
XS
SM
MD
LG