Линклар

logo-print

Б.Турғунов: “Андижон фожеаси нотўғри ички сиёсат натижасидир”

  • Сарвар Усмон

Яқинда Андижонда бўлган ғарблик бир гуруҳ журналистлар билан учрашган маҳаллий аҳоли вакиллари орасида “Бирлик халқ ҳаракати” партияси аъзоси Бахтиёржон Турғунов ҳам бор эди.

Б.Турғуновнинг айтишича, Андижон фожеасига қадар “Бирлик” партияси аъзолари вилоятда жуда эркин бўлмаса-да, муайян фаолият билан банд эди. Фожеадан сўнг эса бирликчилар фаолияти тўхтаб қолди.

“Бирликчиларнинг фаолияти жадаллашувига эса имконият жуда оз. Мухолифатчилар сафи кенгаймаяпти. Партиямизга янги аъзолар қўшилгани йўқ. Чунки ғояларимизни тарғиб қила олмаяпмиз. Бунга имкон йўқ. Бошқа тарафдан – одамларда қўрқув кучли”, - дейди Б.Турғунов.

У қўрқувнинг кучайишига Андижон фожеасидан сўнг ҳукуматнинг мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши тазйиқлари кучайиб кетгани сабаб бўлганини айтар экан: “Мухолифатчилар орасида ҳам, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари орасида ҳам қамалганлар бўлди. Андижондан кетиб юборганлар ҳам кўп. Тазйиқлар кучли бўлди”, - деди.

“Ўзбекистонда расмийлардан фарқли фикрловчиларга тоқат қилинмайди, - дейди Б.Турғунов. - Шунинг учун қандайдир кучли мухолифат бўлишини хоҳлар эдим”.

Мухбирларнинг мамлакат парламентида мухолиф партиялар борлиги айтилади- ку, деган саволига “Бирлик” аъзосининг жавоби бундай бўлди:

- Ҳақиқий мухолифатчи партиялар шу пайтгача расмий қайддан ўтказилмаган. Қолган партиялар давлатга қарашли партиялар. Улар мухолифатчи партиялар эмас.

Ҳукуматнинг ички сиёсати тўғрисидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашган Б.Турғунов иқтисодий сиёсат самараси, асосан, салбий бўлаётгани, халқнинг аҳволи тобора ёмонлашиб бораётгани, тадбиркорларга эркинлик берувчи қонунлар қабул қилинмаётганини гапирди.

У 13 май фожеаси тўғрисида ҳам фикр билдириб: “Катта хатога йўл қўйилди, деб ўйлайман. Қурол ишлатилгани ёмон бўлди. Ўз талабларини қўйишга ҳамма ҳақли, лекин намойишга қурол кўтариб чиқишгани тўғри бўлмади. Намойишни балки қуролсиз қилиш керакмиди...”, - деди.

Б.Турғуновнинг фикрича, Андижон фожеаси расмий Тошкент сўнгги йилларда йўл қўйган хатолар оқибатидир.

“Бўлиб ўтган ўша қуролли намойиш сўнгги ўн йил давомида амалга оширилаётган қатағонлар натижаси, деб ўйлайман. Ўн йилдан бери диндорлар ва бошқаларнинг ноҳақ қамалиши, мухолифатнинг тазйиқ қилиниши 13 май воқеасини келтириб чиқарди”, - дейди Б.Турғунов.
XS
SM
MD
LG