Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ОИТСга чалинганлар сони 2000-2005 йилларда 4 баробар кўпайган


1 декабрь – Орттирилган иммун танқислиги синдроми – ОИТСга қарши кураш халқаро куни муносабати билан чиқиш қилган БМТ бош котиби Кофи Аннан бу касалликка чалинганлар сони тобора кўпайиб бораётганини айтди.

“ОИТС касаллиги биринчи марта аниқлангандан бери ўтган 25 йил мобайнида дунё жуда ўзгарди. 25 миллион одам бу касалликдан ўлди, 40 миллион одам ОИТСга чалинди. Бу касаллик бизнинг авлод учун энг катта хавф бўлмоқда”, - деди Кофи Аннан.

Бош котибнинг айтишича, ОИТСга қарши кураш масаласига фақат сўнгги 10 йилдагина эътибор қаратила бошланди. Шунга қарамай, жорий йилнинг ўзидаёқ 4,3 миллион одам ОИТСга чалинган. Уларнинг тахминан 65 фоизи Африка мамлакатлари фуқароларидир.

Мутахассислар сўзларига кўра, бу касаликка чалинган болалар сони 2 миллиондан ошиб кетган. Ҳар йили ОИТСга чалинаётганларнинг эллик фоизи 15-24 ёшдаги одамлардир.

“ОИТСга қарши кураш масаласида олға силжишлар бўлгандир, лекин бошқаларнинг хатоси туфайли ОИТВга чалинган болалар учун деярли ҳеч нарса қилинмади”, - деган эди АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон 30 ноябрь кунги чиқишида.

Билл Клинтоннинг меҳр-мурувват ташкилоти бу борадаги камчиликларни бартараф этиш учун Ҳиндистон компаниялари билан ОИТСга чалинган болалар ҳаётини таъминловчи дори-дармонларни муҳтожларга 50 фоиз арзонлаштирилган нархда етказиб бериш юзасидан шартнома имзолаган.

БМТ маълумотларига кўра, кейинги йилларда Ўзбекистонда ОИТС ва ОИТВга чалинган фуқаролар сони 31 минг кишига етган.

Бироқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумотларни рад этмоқда. Вазирликнинг билдиришича, Ўзбекистонда ОИТСга чалинганлар сони 8 минг киши атрофида.

БМТ ОИТСга қарши кураш бўлимининг Ўзбекистон ваколатхонаси раҳбари Азиз Худойбердиев мамлакатда бу касалликка чалинган сони 15 мингдан 90 минггача бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин борлигини айтди.

“Шунинг учун ҳам БМТ мутахассислари ўртача 31 минг рақамини олган. Бу оддий тахмин, холос. Ўзбекистон расмий статистикасига кўра, ОИТСга чалинганлар сони 7810 кишидир. Бироқ ҳар бир мамлакатда расмий статистика билан бирга бу касаллика чалинганларнинг тахминий сони тўғрисидаги маълумотлар бўлади. Яъни расмий статистикадаги рақам аниқланган беморлар сонидир, БМТ тарқатган рақам эса мамлакатда ОИТСга чалингани аниқланмаган мана шунча одам яшаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминдир”, - дейди Азиз Худойбердиев.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ОИТС ва ОИТВ билан касалланиш жуда тез кўпаймоқда.

“2000 йилдан 2005 йилгача эпидемия 4 баробар кўпайган. Бу хулоса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий маълумотидан келиб чиққан. Масалан, 2001 йилда ОИТСга чалинган 549 одам аниқланган, 2005 йилда эса бу кўрсаткич 2198 кишини ташкил этган. 2006 йилги маълумотга кўра эса республикада 8 мингга яқин одам ОИТСга чалинган”, - деди А.Худойбердиев.
XS
SM
MD
LG