Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:36

Британиялик дипломат Тошкентда норасмий учрашув ўтказди


Пайшанба куни Тошкентга ташриф буюрган британиялик дипломат Алан Парфитт маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари билан норасмий учрашув ўтказди.

Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ сўнгги вазият борасида ўртоқлашилган.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг таҳлилий бўлими вакили Алан Парфитт билан учрашувда ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева, Суръат Икромов, Гавҳар Орипова, Аъзам Турғунов, шунингдек, мухолифат вакиллари – “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов, “Озод деҳқонлар” партияси аъзолари Нигора ва Нодира Ҳидоятовалар қатнашган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси С.Икромов учрашувда асосий урғу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига берилганини айтди.

“Эрк” партияси бош котиби О.Орипов британиялик дипломатга Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши жорий этган санкциялари самарасиз бўлганини билдирди.

“Бу санкциялар Ўзбекистонга аслида пашша чаққандай ҳам бўлмагани, умуман халқаро ташкилотларнинг энг асосий камчиликларидан биттаси санкциялар тизими яхши ишлаб чиқилмагани эканини айтдим. Самарали санкциялар йўқ. Ўзбекистондек давлатга санкция қўлланиладиган бўлса, самарасиз санкцияларнинг нима кераги борлигини таъкидладим”, - деди О.Орипов.

Учрашув қатнашчилари А.Парфиттга Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари озод этилиши талаб этилган мурожаатномани топширган. Буюк Британия ташқи ишлар вазири номига йўлланган айни мурожаатномада ҳуқуқ ҳимоячилари Саиджаҳон Зайнобиддинов, Мўътабар Тожибоева, Ёдгор Турлибеков, журналистлар Муҳаммад Бекжон, Ғайрат Мехлибоев, Жамшид Каримов, ёзувчи Мамадали Маҳмудов, “Эрк” партияси фаоллари Исроилжон Холдоров, Жамол Қутлиев, тошкентлик имом Руҳиддин Фахруддинов, жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячисининг ўғли Ихтиёр Ҳамроев, “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси раҳбари Санжар Умаровнинг номлари келтирилган.

А.Парфитт бу мурожаатномани Буюк Британия ташқи ишлар вазирига шахсан топширишни ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG