Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:30

Байрутда намойишлар давом этмоқда


Ливан пойтахти Байрут шаҳрида “Ҳизбаллоҳ” радикал гуруҳи ва сурияпараст кучлар тарафдорлари томонидан уюштирилган норозилик намойиши 2 декабрь куни ҳам давом этди.

Байрут кўчаларига чиққан минглаб намойишчи жумадан шанбага ўтар тунни Байрут марказида, ҳукумат биноси олдидаги майдонда ўтказди.

Жума кунги намойишга қатнашган юз минглаб аҳоли бош вазир Фуад Синиоранинг идорасига олиб борувчи йўлакларни вақтинча тўсиб қўйди. Улар намойишлар ҳукумат истеъфо бергунга қадар давом этажагини айтмоқда. Шу билан бирга, ўтказилаётган акцияларда зўравонликка йўл қўймасликларини ҳам таъкидламоқда.

Бош вазир Фуад Синиора намойишчиларининг талабига қулоқ солмаслиги, ҳукумат парламент ишончсизлик билдирган ҳолатдагина истеъфога чиқажаги тўғрисида баёнот берди.

У бошқараётган ҳукуматни 128 ўринли парламентнинг тахминан 70 аъзоси қўллаб-қувватлайди.

Бош вазирга мухолифатда бўлган депутатларнинг асосий қисми “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи аъзолари ва тарафдорларидир.

“Ҳокимият тепасидагилар ўз хатосини тан олиб, халқнинг иродасига бўйсунмагунча майдонни тарк этмаймиз. Халқ мамлакатнинг инқирозга юз тутишини хоҳламайди. Халқ миллий бирлик ҳукумати тузилишини истамоқда. Энди гап ҳокимиятни ғайриқонуний, конституцияга хилоф равишда бошқараётган кичик гуруҳда қолди. Бундан буён биз ташлайдиган ҳар бир қадам учун айнан шу гуруҳ жавобгардир. Жума куни ўтказганимиз норозилик акциясидан ташқари яна кўплаб кутилмаган совғаларни тайёрлаб қўйганмиз”, - дейди “Ҳизбаллоҳ” аъзоси бўлган депутат Али Аммар.

Жума куни Байрутнинг Мазлумлар хиёбони ҳам намойишчилар билан тўлди. Ливаннинг 2005 йил 14 февралда ўлдирилган собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририй айнан шу хиёбонда дафн этилган.

Ўтган ҳафтада эса хиёбонда аксилсурия кайфиятида бўлганлар йиғилган, улар Ливан ҳукумати аъзоси Пьер Жамоилга аза тутганди. Жамоил ва унинг тансоқчиси шаҳарнинг насронийлар истиқомат қиладиган маҳалласида номаълум шахслар томонидан отиб кетилганди.

Истеъфоси талаб қилинаётган Фуад Синиора ҳукуматини Ғарб ва бир неча араб давлатлари, жумладан, Иордания подшоси Абдуллоҳ Иккинчи ва Саудия Арабистони подшоси Абдуллоҳ қўллаб-қувватламоқда.

Саудия элчиси Байрутда мухолифатчилар билан учрашув ўтказиб, уларни муросага даъват қилди.

АҚШ Давлат департаменти вакили Том Кейси Вашингтон Байрутда ўтказилаётган намойишларни “зўравонлик таҳдиди”, деб ҳисоблашини ва мазкур акцияларни “қонун асосида демократик йўл билан сайланган Ливан ҳукуматини ағдаришга қаратилган ҳаракат”, деб баҳолашини билдирди.

У, шунингдек, Сурия ва Эронни Ливандаги вазиятни издан чиқариш мақсадида намойишчиларни гиж-гижлаётганликда айблади.
XS
SM
MD
LG