Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:16

Қорни очга парк нима керак?


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида жуда катта боғ - парк мажмуи барпо этиляпти, деб хабар қилди “Фарғона.ру” сайти.

Маъмун академиясининг 1000 йиллигига бағишланган тантаналар муносабати билан яқинда Хоразмда бўлган Ўзбекистон раҳбари мазкур масала бўйича керакли кўрсатмаларни бериб кетган.

Бузишдан қуриш яхши, албатта. Бу мутлақо баҳс талаб қилмайдиган гап. Лекин халқнинг бу масалага муносабати қандай экан?

“Ўша боғ қаерда яратилади, яратиладими-йўқми, хоразмликларга барибир. Чунки халқ оч, иш йўқ. Нонга пул йўқ. Пулга зор бўлиб ўтиришибди. Шунинг учун аввал халққа иш беришсин”, - дейди урганчлик аёл “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Наҳотки урганчликлар оч?

“Деярли очликда яшаётганлар бор. Хоразмга келсангиз, ўзингиз кўрасиз. Эркаклар деярли қолмаган. Ҳаммаси Россияга, чет элга иш излаб кетган. Хотинлар, қариялар ва болалар қолган, холос. Пул юборишларини кутиб ўтиришади. Бир кило гўштни бир ойга етказадиган оилаларни кўп кўрганман”, - дейди хоразмлик аёл.

Урганч шаҳри марказида барпо қилинаётган янги боғ тўғрисидаги хабарда қурилиш кетаётган ердаги эски дарахтлар битта қўймай кесиб юборилгани айтилади. Уларнинг ўрнига игнабаргли дарахтлар, Японияда ўсадиган сакура дарахти экилар эмиш.

Шу ўринда Тошкентдаги Тўхтабойвачча масжидининг собиқ имоми Обидхон қори Назаровнинг бундан бир ҳафта аввал “Озодлик”ка айтган гапи ёдга тушади. У киши республика ҳудудида яшаб ўтган уламолар хотирасига қурилаётган мақбаралар тўғрисида гапирар экан, жумладан: “Мақбарага сарфланган миллионлаб, миллиардлаб сўмни марҳамат қилиб камбағалларга бўлиб беришсин. Неча йиллардан бери уй ололмай қийналаётганларга марҳамат қилиб квартира олиб беришсин. Бир кўзи ожиз одамнинг гаплари ҳалигача ёдимда туради. Ичим эзилади. У болалари, улар орасида балоғатга етганлари ҳам бор, билан 16 йилдан бери бир хонали уйда яшашини айтганди. Марҳамат, ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг”, - деганди.

“Янги боғ барпо этилиши билан давлат маъмурияти бинолари мажмуи серқатнов кўчалардан иҳоталанади. Давлат маъмурияти биноси олдидан шу пайтгача юриб турган троллейбус йўли нарироққа кўчирилади”, - дейилади “Фарғона.ру” хабарида.

Асосий мақсад эса, сайтнинг ёзишича, ҳокимлик биносини террорчилик ҳужумларидан, халқ исёнидан ҳимоялашдир. Ҳокимликлар Андижон воқеасини унутиб улгургани йўқ.

Гап айланиб яна ўз-ўзидан Андижонга тақалган экан, у ердаги ишларга ҳам назар ташлаш мақсадга мувофиқдек кўринади.

Андижон воқеалари туфайли шаҳардаги 15-мактаб тилга тушган эди. Фожеа пайтида ўқ еб нобуд бўлганларнинг кўпчилиги шу мактабга олиб келингани тўғрисида воқеа гувоҳлари кўп гапирган.

Фожеадан кейин ўтган бир йилдан кўпроқ вақт ичида ҳукумат 15-мактабда катта таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борди. Яқинда Андижонда бўлган бир гуруҳ ғарблик журналистлар 15-мактаб директори ўринбосари Бахтиёржон Абдуллаев билан ҳам суҳбатлашди.

“Мактабда таъмирлаш ишлари ҳали тугатилганича йўқ. Спорт зали ҳали чала. Иситишни йўлга қўйиб беришса, бемалол ишласак бўлаверади. Қозонхонани бугун ишга туширишмоқчи”, - дейди Б.Абдуллаев.

Бу суҳбат бундан бир ҳафта муқаддам ўтказилган эди. Ўтган ҳафта ичида мактабнинг қозонхонаси ишга тушиб, синфлар исиб қолгандир.

Журналистлар мактабнинг янги мебеллар билан таъминланганини ўз кўзи билан кўрди.

“Мебеллар Тошкентдан, “Учколлектор” ташкилотидан жўнатиляпти. Ўзлари келиб йиғиб беришяпти. Жиҳозларнинг ҳаммаси деярли келиб бўлди. Инглиз тили хонасиники йиғилмаган, холос”, - дейди директор ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, илгари бир қаватли бўлган мактаб ўрнига янги икки қаватли бино қуриб берилган. Унинг ертўласида ошхона, меҳнат таълими хоналари жойлашган.

15-мактабда ҳаммаси бўлиб 1200 ўқувчи таълим олади.

Мактаб директори ўринбосари Андижон фожеасидан жабрланганларнинг мактаб биносига олиб келинганини рад этди.

“Бундай воқеа бўлган эмас. Воқеалар ташқарида бўлган, холос. Бу ерда қоровулимиз бўлган. Мен ўзим ўша куни навбатчи эдим. Биздан ҳеч ким аралашмаган. Ҳеч ким чиқмаган ҳам...”, - дейди Б.Абдуллаев.
XS
SM
MD
LG