Линклар

logo-print

Ироқда йилнинг сўнгги ойи ҳам қон билан бошланди

  • Фаррух Юсуфий

Шанба куни Бағдоднинг шиалар яшайдиган маҳаллаларидан бирида амалга оширилган портлашларда 50дан ортиқ одам қурбон бўлди.Якшанба куни ўлганларни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Ироқда ноябрь ойида амалга оширилган зўравонликларда 3700дан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. 2 декабрда рўй берган портлаш эса жорий ойда рўй берган йирик зўравонликлар ҳисобини очиб берди ва йил якунланиб борар экан, ироқликлар кўнглига мушкул кунларнинг ҳали поёни йўқ бўлса керак, деган ғулғулани солди.

Портлашлар гавжум савдо расталари яқинида, тун тушиши билан рўй берди.

“Учта машина портлади. Иккитаси Садрия майдонида, яна бири эса ал-Ватба майдонида қолдирилган экан. Портлашда кўпчилик ўлиб кетди, кўпи яраланди”, - дейди воқеа гувоҳи бўлган бағдодлик йигит Хадум Садун.

“Нима бўлганини билмай қолдик. Ғафлатда қолдик. Портлаш рўй берганда уйимизда эдик. Ўғилларимизнинг ҳаммаси ўлди”, - деб йиғлади фарзандларидан айрилган ироқлик аёл.

Шанба кунги портлашларда 90дан ортиқ киши жароҳатланди. Зўравонликлар якшанба куни ҳам давом этди. Мамлакат шимолидаги Киркук шаҳри яқинида жойлашган Лайлан қишлоғидаги текширув пунктига худкуш ҳужуми оқибатида уч полициячи ҳалок бўлди. Тунда эса АҚШ ҳарбийлари жангарилар яширингани гумон қилинган уйга ҳаводан зарба берди. Америкалик ҳарбийлар ҳужум натижасида беш жангари йўқ қилингани, икки аёл ва бир бола ҳалок бўлганини маълум қилди.

Зўравонликларнинг авж олиши АҚШ Конгресси вакилларидан тузилган Ироқ тадқиқот гуруҳи, деб номланувчи тузилманинг ҳисоботи эълон қилиниши арафасига тўғри келди. АҚШнинг собиқ давлат котиби Жэймс Бейкер етакчилик қилаётган бу гуруҳ Оқ уйга жангарилар ва собиқ президент Саддам Ҳусайн тарафдорларига қарши самарали кураш олиб бориш бўйича ўз тавсияларини бериши кутилмоқда.

Айни пайтда АҚШ собиқ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд истеъфога кетишдан бир неча кун аввал Ироқдаги урушда тактик ўзгаришлар ясаш таклифи билан чиққани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Д.Рамсфелднинг бу ҳақда Оқ уйга юборган махфий хатида “Ироқдаги урушда тактик ўзгаришлар ясаш вақти келгани” ёзилган.

“АҚШ ҳарбийларининг Ироқда олиб бораётган фаолияти етарлича самара бермаётгани аниқ”, - деган сўзлар бор хатда.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий билан ўтган ҳафта Иордания пойтахти Уммонда учрашган АҚШ президенти Жорж Ироқ раҳбари ихтиёридаги воситалар мамлакатдаги жангариларга қарши курашга етарли эмаслигини таъкидлади.

“Биз Ироқ ичкарисидаги хавфсизлик вазиятини узоқ муҳокама қилдик. Мен ва Ироқ раҳбари хавфсизлик вазиятига оид ўз хавотирларимизни изҳор қилдик. Нима бўлганда ҳам Ироқ халқи хавфсизлигини таъминлаш энг асосий вазифалардан биридир. Ироқ бош вазирини хавотирга солаётган муаммонинг асосий сабаби унинг ихтиёрида қонунни бузаётганларга қарши етарли воситалар йўқлигидадир”, - деди Ж.Буш.

Ал-Маликий эса Ироқдаги муаммоларга ташқаридаги кучлар ҳисса қўшаётганига шаъма қилиб: “Бизнинг миллий ишларимизга ҳеч ким аралаша олмаслиги учун Ироқ чегараларини мустаҳкамлаш лозим”, - деди.

Ироққа чегарадош бўлган Эрон билан Сурия эса Вашингтоннинг минтақадаги сиёсатидан норозилигини изҳор этиб келади.
XS
SM
MD
LG