Линклар

logo-print

Шаҳрисабзликлар байрам паради ва митинг ўтказмоқчи

  • Сарвар Усмон

Хабарларга қараганда, шаҳрисабзлик бир неча юз киши Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куннинг 14 йиллигини ўзига хос тарзда байрам қилиш ташаббуси билан чиққан.

Ўзбекистонда расмий қайддан ўтказилишини кутаётган “Бирдамлик” ҳаракати номидан Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз тумани ҳокими Ўктам Хидиров номига ариза жўнатилиб, Шаҳрисабз шаҳрида байрам паради ва 30 дақиқалик митинг ўтказишга рухсат сўралган. Парадда 800 киши иштирок этиши кўрсатилган.

Аризада бу “мутлақ байрам тадбири бўлиши, унда ҳеч қандай сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий талаблар илгари сурилмаслиги” алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Ариза муаллифи, “Бирдамлик” ҳаракати раҳбарларидан бири шаҳрисабзлик Зулфия Ҳайдарованинг айтишича, бундай тадбир биринчи марта уюштирилмоқда, муаммолар ҳам йўқ эмас. Лекин нимагадир тазйиқлар ҳам бўляпти.

“Аризани почта орқали туман ҳокимига жўнатганимизга бир ҳафта бўлди. Шанба куни эса Қашқадарё вилояти “Новости” газетаси мухбириман, деб бир йигит келди. Гувоҳномасини кўрсатди. Сиёсий ишларга аралашиб қолибсизлар, бундай ишларга аралашманглар, деди. Митинг ўтказмоқчи эмишсиз. Уни аризада ёзганингиздек шаҳар автостанциясида эмас, ёпиқ жойда ўтказсангиз бўлмайдими, деди. Уни ҳокимликдан юборишган экан. Маҳалла қўмитаси раиси ва участка милиционери ҳам келди. Халқни ёмон йўлга бошлаётганимизни айтди. Кейин мен муаммоларимни гапирдим. 3 йилдан бери ўғлимнинг ортидан югурдим. Уни қамоқхонада калтаклаб шол қилишди. Майли, ўғлим жиноят қилган бўлса, жазосини олсин, лекин... Лекин ўтказмоқчи бўлганимиз парадда бу муаммоларни айтмаймиз. Ҳадеб нимага парад ўтказмоқчи бўлганимизни сўрайверишгач, гап келганда айтдим дардимни”, - дейди З.Ҳайдарова.

“Биз байрам қилмоқчимиз, - сўзини давом эттирди З.Ҳайдарова. -Конституциямиз билан халқимизни таништирмоқчимиз. Қонунларимизни халқимиз тўғри тушунса, қийинчиликларимиз озаяди. Лекин парад ўтказа олишимизга ишоняпман ҳам, тазйиқларга қараб ишонмаяпман ҳам”.

“Бирдамлик” ҳаракати АҚШда расмий рўйхатдан ўтказилган ташкилотдир. Ташкилот раҳбари Баҳодир Чориев айни пайтда шу мамлакатда яшамоқда.

У гапни ҳокимликка ариза эмас, билдиришнома топширилганини айтишдан бошлади.

“Тадбирни ўтказиш учун рухсат олиш керак эмас. Чунки Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш тўғрисида ҳеч қандай қонун йўқ. Биз Конституцияда кўзда тутилган ҳуқуқларимиздан келиб чиқиб қарор қабул қилдик. Парадни ўтказишга ҳаққимиз бор. Шунинг учун ҳокимликка билдиришнома бердик”, - дейди Б.Чориев.

У тадбир ҳаракатнинг юзлаб фаоллари бадаллари ҳисобидан ўтказилишини маълум қилди.

“Бирдамлик” Конституция кунини байрам тадбири билан нишонламоқчи бўлиб турган бир пайтда, яъни 2 декабрь куни Қорақалпоғистоннинг Хўжайли тумани маркази аҳолиси норозилик акцияси ўтказди. Газ таъминотининг ўта ёмонлигидан норози бўлган хўжайлиликлар Қўнғирот-Нукус автомобиль йўлини қисқа муддат тўсиб қўйди.

“Uznews.net” сайтининг бу ҳақдаги хабарида айтилишича, норозилик акциясида 200 киши иштирок этган. Акция хонадонларга табиий газ берилгандан сўнг тўхтатилган.
XS
SM
MD
LG