Линклар

logo-print

Жорж Буш Ироқ тадқиқот гуруҳи тавсияларини кутмоқда

  • Озодлик

АҚШ Конгрессининг Ироқдаги зўравонликлар олдини олишга қаратилган самарали кураш йўлларини ўрганаëтган тадқиқот гуруҳи 6 декабрь куни ўз тавсияларини Оқ уйга тақдим этади.

“The Washington Post” газетаси собиқ давлат котиби Жеймс Бейкер раҳбарлик қилаётган бу тадқиқот гуруҳи Оқ уйга Ироқдаги барча ҳарбийларини 2008 йил бошида мамлакатдан олиб чиқишни тавсия қилиши ҳақида ёзди.

Бироқ бу тавсия Ироқ хавфсизлик кучлари мамлакатдаги вазиятни назорат қилишни ўз қўлига олмагунча америкалик ҳарбийлар олиб чиқиб кетилмаслигини қайта-қайта таъкидлаётган Жорж Буш сиёсатига тўғри келмайди.

Яқинда Иорданияда Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий билан учрашган Жорж Буш бу қарори қатъий эканини яна бир бор билдирган эди.

“АҚШ ҳарбийларининг Ироқдан чиқиб кетиши тўғрисидаги гаплар воқеликка умуман тўғри келмайди. Биз бу ҳукуматга ëрдам бермоқчимиз. Айтишим мумкинки, биз ëрдамимизни истаëтган ҳукумат билан ҳамкорлик қиляпмиз ва Ироқ хукумати мамлакатдаги вазиятни аста-секин назоратига олмоқда”, - деган эди АҚШ президенти.

Ал-Маликий эса Ироқ хавфсизлик кучларининг мамлакатдаги вазиятни назорат қилиш режаси Жорж Буш билан биргаликда ишлаб чиқилгани, бу режа 2007 йил июндан амалга киритилишини маълум қилганди.

Шунга қарамай, таҳлилчилар Жорж Буш Ироқ тадқиқот гуруҳи тавсияларининг айримларини қабул қилмасдан бошқа иложи йўқлигини билдиряпти.

“Жеймс Бейкер Бушлар оиласини аввалдан билади. У Жорж Бушнинг отаси президент бўлган вақтда унга хизмат қилган эди. Шундай экан, бу доирада унинг озми-кўпми обрўси бор. Кўриниб турибдики, Оқ уй раҳбари унинг айрим тавсияларини инобатга олмасдан иложи йўқ”, - дейди Нью-Йоркдаги Жаҳон сиëсати институти ходими Уилям Ҳартунг.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ мудофаа вазири лавозимига республикачи, ҳозирга қадар Ироқ тадқиқот гуруҳида фаолият олиб борган Роберт Гэйтс тайинланса, у Ироққа нисбатан мўътадил сиëсат юритишга ҳаракат қилади.

Ўтган ойда Конгрессга бўлиб ўтган сайловда демократлар ғалаба қозониб, ҳар икки палатада назоратни ўз қўлига олгани ҳам Жорж Бушни тадқиқот гуруҳи тавсияларидан айримларини қабул қилишга мажбурлаши айтиляпти.
XS
SM
MD
LG