Линклар

АҚШнинг БМТдаги элчиси истеъфога чиқди

  • Ҳасанжон

Оқ уй расмийлари АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Болтон бу лавозимдаги ваколат муддати тугагандан сўнг келаси ойда истеъфога чиқишини билдирди. Бунга АҚШ Сенати унинг номзодини қайта тасдиқламагани сабаб бўлди.

АҚШ сенаторлари орасида қаршилар бўлишига қарамай, президент Жорж Буш ўз ваколатидан фойдаланиб, 2005 йилда Жон Болтонни БМТдаги элчи вазифасига тайинлаган эди.

7 ноябрда Конгрессга ўтказилган сайловда демократлар ғалабага эришгандан кейин мудофаа вазири Доналд Рамсфелд истеъфога чиққан эди. Болтоннинг истеъфоси АҚШ президентининг сиёсий позициясини янада сусайтирди.

Жорж Буш Жон Болтон БМТда “жуда яхши фаолият кўрсатгани” ва унинг бу лавозимни тарк этаётганидан афсусда эканини билдирди. Жорж Буш Жон Болтон ўтказган қизғин музокаралар натижасида БМТ Хавфсизлик кенгашида Шимолий Кореянинг ядровий дастури борасида резолюция қабул қилинганини олқишлади.

Жон Болтон элчилик фаолияти давомида БМТда ислоҳотлар ўтказиш борасида ҳам ташббус кўрсатган.

Япониянинг БМТдаги элчиси Кензо Ошима Жон Болтон элчилик лавозимини тарк этаётганидан афсусланиш билдирди.

“Мен учун элчи Жон Болтоннинг лавозимдан кетиши жуда ачинарли ҳол. БМТда ислоҳотлар ўтказиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинаётган нозик даврда у жуда юқори даражада дипломатик фаолият юритди. Жон Болтон ташаббуси билан Хавфсизлик кенгашида қатор резолюциялар қабул қилинди”, – деди Кензо Ошима.

Хитойнинг БМТдаги элчиси Ван Гуангя ҳам Жон Болтоннинг элчилик лавозимидан кетаётганидан ачинишини айтди.

“Мен у билан яқин ҳамкорликда ишладим. У ғайрат билан ишлади. У истеъфога чиқаётганидан афсусланаман. У жуда серғайрат дипломат. Баъзан биз бир хил фикрда бўлмасдик. Менимча, биз у билан бирга ишлай олдик. У ўз ишини пухта биларди”, – деди Хитой элчиси.

Танқидчилари Жон Болтон кескин услубда ишлаганини айтаётир. АҚШ Сенати раиси бўлиши кутилаётган демократ сенатор Жо Байден БМТдаги элчи лавозимига Жон Болтон номзодини қайта муҳокама қилишга ҳожат йўқ, деб ўйлашини айтди.

Ҳозирча бу лавозимга янги номзод кўрсатилгани йўқ.
XS
SM
MD
LG