Линклар

logo-print

Қозоғистондаги совуқ ўзбек мардикорларини ўлдирди


Қозоғистоннинг Оқтуба вилоятидаги Заречний шаҳарчасида шахсий турар-жойда печкадан нотўғри фойдаланиш оқибатида Ўзбекистоннинг тўрт фуқароси ис газидан заҳарланиб оламдан ўтди.

“Kazakhstan Today” ахборот агентлигининг бу ҳақдаги хабарида айтилишича, улар 18 ва 42 ёш оралиғидаги эркаклардир. Улар пул топиш ниятида Қозоғистонга келган мардикорлар бўлиб, воқеа ижара уйда содир бўлган.

Куни-кеча Чимкент шаҳрида ҳам ис газидан заҳарланиш оқибатида уч киши - 33 ёшли аёл ва унинг 5 ва 7 ёшли икки ўғли ўлди.

Шу пайтгача вилоят шифохонасининг токсикология бўлимига ис газидан заҳарланган ўттизга яқин одам мурожаат қилган.

Қаҳратон қишнинг дастлабки кунларида, 4 декабрь куни Чимкентнинг Киров кўчасида совуқдан ўлган уйсиз дайдининг жасади топилди. 1 декабрь куни ҳам Қорасув кўчасида 55 ёшли дайди ўлганди.

Бу йил қишга тайёргарлик ишлари шаҳар ва вилоят ҳокимликлари томонидан астойдил назорат қилингани, қишда муаммолар бўлмаслиги ҳақида амалдорлар кўп ваъдалар берганди. Аммо совуқли кунлар бошланиши биланоқ ҳар йилги аҳвол такрорланди. Айни пайтда Чимкентнинг ярмидан кўп аҳолиси совуқ уйларда яшаяпти. Шаҳардаги кўпқаватли уйларнинг иситиш тизими ишламаяпти. Бовуржон Момушули кўчасидаги уйлар эса умуман иситилаётани йўқ.

Вилоят ҳокими ўринбосари Ислом Абишов ҳозир шаҳардаги кўп қаватли 17 та уйда иситиш тизими ишламаётгани, яқин 2-3 кун ичида бу камчиликлар бартараф этилишини билдиряпти.

Табиий газ муаммоси чимкентликлар учун янгилик эмас. Улар анча йиллардан буён табиий газсиз яшашга ўрганиб ҳам қолган. Чекка қишлоқлар аҳолиси эса газни фақат орзу қилиши мумкин. Чунки қишлоқларга ҳали ҳам газ қувурлари тортилмаган. Аёзли кунларда эса аҳолининг ягона умиди кўмирдан.

Қимматлиги боис кўмирни сотиб олишни ҳар кимнинг ҳам чўнтаги кўтаравермайди. Шунинг учун қишлоқлардагилар кўпроқ ўтинга боғланган. Бироқ ўтин ҳам арзон турмайди.

Сайрамлик уралман аёл 76 ёшли Аминбар Шамбаевани ташвишга солаётган муаммо ўтин йўқлиги. Чунки унинг ўтинга ҳам пули йўқ. Шунинг учун уйни тезак ёқиб иситишга мажбур бўляпти.

Жанубий қозоғистонликлар қишда совуқ қотмаслик учун турли усулларни қўллаяпти. Қишлоқларда кўпинча битта хонага печка ўрнатилиб, оила аъзоларининг барчаси қиш чиққунча шу хонада яшайди. Қозоғистонлик ўзбекларнинг аксарияти эса сандалдан фойдаланишни маъқул кўради. Чўнтагида бир-икки тангаси борлар электр иситиш асбобларидан фойдаланади.

Лекин ҳозир вилоятни электр энергияси билан таъминлашда фавқулодда вазият юзага келган. “Онгтустиқ жариқ” компанияси маълумотига кўра, Қирғизистондан электр энергияси узатилишининг бутунлай тўхтатилиши, мамлакат шимолидан олинадиган ток учун квотанинг кескин камайтирилиши, шунингдек, Жамбил ГРЭСидан келаётган энергия баҳосининг оширилиши Жанубий Қозоғистонда электр таъминотида тақчиллик пайдо бўлишига олиб келган. Ҳозир нарх кўтарилгандан бўлса-да, электр энергияси етказиб беришга чекловлар жорий этилган.
XS
SM
MD
LG