Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:44

Москва ўзбекларни сиғдирмаяпти


4 декабрь куни Москвада Ўзбекистон фуқароси номаълум шахс томонидан пичоқлаб кетилди. Шу куннинг ўзида бу шаҳарда яна бир ўзбек фуқаросининг ўқ излари бор жасади топилди.

Пичоқланган шахснинг исми Нодир Абдураҳмонов экани ва айни пайтда у Склифосовский номидаги институт шифохонасида даволанаётгани маълум бўлди. Шифокорлар унинг соғлиғи борасида аниқ маълумот бера олмади. Шунга қарамай, “Озодлик” мухбири шифохонадаги шахслардан бири орқали Н.Абдураҳмоновнинг соғлиғи барқарор эканини аниқлашга эришди.

Шу куннинг ўзида Москвадаги Святоозёрская кўчасидаги хонадонларнинг биридан ўзбекистонлик 42 ëшли Шавкат Абдуллаевнинг жасади топилди.

“Дастлабки тергов хулосасига кўра, 1964 йилда Ўзбекистонда туғилган Ш.Абдуллаев зўравонлик қурбони бўлган. Мазкур ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилган. Жасад кўздан кечирилганда бош ва оёқ қисмидан иккита ўқ топилди. Жиноятчилар қидирилмоқда”, - деди Москва шаҳри прокуратураси матбуот хизмати ходимаси Светлана Петренко.

У, шунингдек, Ш.Абдуллаев Москвадаги Черкизово бозорида ҳайдовчи бўлиб ишлагани, Москвада қайддан ўтгани ва оилали эканини ҳам маълум қилди.

Москвада яшаётган Шокиржон ака юртдошлари ўз-ўзидан ўлдириб кетилмаётганига шаъма қилди.

“Бизнинг ўзбеклар ҳам тўғри юрмайди ўзи. Тўғри юрган кийикнинг кўзидан бошқа айби йўқ. Бекордан бекорга сўйиб кетмайди. Демак, ўлган одамлар нималаргадир сабабчи бўлгандир”, - дейди Шокиржон ака.

“Ҳимояси бўлмагандан кейин Россия ўзбеклар учун хавфли мамлакат, албатта, - сўзини давом эттиради Шокиржон ака. - Ўзбек ўзбекни отиб кетса! Ишлатиб пулини уриб кетса! Бу ҳолда бошқа миллатдан нега арзланамиз? Вокзалга боринг, поездга чиққан ўзбеклардан ўзбеклар пичоқ қадаб пул оляпти”.

Ўзбекистонлик бошқа бир суҳбатдош Мўминжон ака эса Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол кўпчиликни оғир аҳволга солиб қўяëтгани ва пул топиш илинжида Россияга кетаëтган ўзбекларни турли ҳодисалар қурбонига айлантираëтганини айтади.

“Уйдаги аҳвол оғирлиги учун ўзбеклар Россияга дарë бўлиб оқиб келмоқда. Муҳожирларни қонунийлаштириш ҳақидаги қонунлар қабул қилиняпти-ку, аммо Ўзбекистондан келаëтган ишчиларимиз рус тилида гапира олмайди, ҳунари ҳам йўқ. Хуллас, қийналиб кетган”, - дейди Мўминжон ака.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходимаси Елена Рябинина сўнгги пайтларда Россияда ирқчилик кайфияти кучайиб бораëтгани ҳам славянлардан бошқа миллат вакилларининг ўлдирилишига, калтакланишига сабаб бўлаётганини билдирди.

“Мамлакатда ксенофобия ва фашистик кайфият кучайиб кетган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари эса бундай вазиятда жиноят иши очиб, жиноят ирқчилик асосида эмас, балки безорилик туфайли содир бўлган, дея хулоса беряпти. Уларга қўйиб берсанг, бундай ҳодисаларни имкон қадар кўп яширса. Вазият умуман назоратдан чиқиб кетган”, - деди Е.Рябинина.
XS
SM
MD
LG