Линклар

Экологияга оид халқаро хабарлар

  • Ҳасанжон

Осиё тараққиёт банки Осиё-Тинч океани минтақасида тоза энергия лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 150 миллион долларлик жамғарма ташкил этишни режалаштирмоқда.

Банк маълумотига кўра, ҳозирга қадар бир неча давлат бу жамғармани молия билан таъминлаш истагини билдирган. Тузилажак жамғарма Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларида энергиядан самарали фойдаланиш, қайта тикланувчан ва тоза энергия ишлаб чиқариш борасида тадқиқотлар ўтказиладиган лойиҳаларни молиялаштиришни кўзда тутади.


* * * * *

Олимлар Ҳиндистонда ўтказилган тадқиқот натижаларига асосланиб, қаттиқ ёнилғи ва соляркадан ҳавога чиқаётган зарарли газлар гуруч ҳосили камайишига сабаб бўлаётгани ҳақида хулосага келди.

Уларнинг фикрича, агар атмосферада зарарли газлардан ташкил топган “қўнғир булутлар” камайса, гуручдан кўпроқ ҳосил олинади. Чунки “қўнғир булутлар”даги заҳарли моддалар ёмғир томчилари билан ерга тушиб, ҳосил камайишига сабаб бўлмоқда.

“Агар ҳаво ифлосланишда давом этаверса, унинг салбий оқибати ҳозиргига нисбатан ёмонроқ бўлади”, - дейди АҚШдаги Калифорния-Берклей университети тадқиқотчиси Максимилиан Ауфҳаммер.


* * * * *

Қиш фасли бошланганига қарамай, шу кунларда Европанинг Алп минтақасида рекорд даражада иссиқ об-ҳаво сақланиб турибди.

Австриядаги Метеорология ва геодинамика институти етакчи иқлимшунос олими Рейнҳард Боҳм “Ассошиэйтед пресс” агентлигига Алп минтақасида сўнгги 1300 йил мобайнидаги энг иссиқ ҳарорат кузатилаётганини айтди. Унинг билдиришича, Алпда иқлим исиш жараёни ўтган асрнинг 80-йилларида бошланган. Бундан олдин Алпда иссиқ иқлим 10 ва 12-асрларда кузатилган.

Ноябрь ойида Испанияда ҳарорат 26 даража бўлди. Қор камлиги туфайли Европанинг қишки дам олиш оромгоҳлари ишламаяпти.

15-16 декабрь кунлари Италиянинг Вал Гардена шаҳрида чанғи учиш бўйича жаҳон кубоги мусобақалари бошланиши режаланган эди. Энди эса Халқаро чанғи федерацияси мусобақани бошлаш-бошламаслик масаласи бўйича 9 декабрь куни қарор қабул қилади. Ҳозир Швейцария тоғларида денгиз сатҳидан 2,5 минг метр баландликда ҳаво ҳарорати нолдан пасайгани қайд этилмоқда. Иқлим исиши Европа тоғларидаги музликлар эришига сабаб бўлаётир.

Глобал иқлим исиши Марказий Осиё, қолаверса, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Олимлар минтақанинг тоза ичимлик сув захираси ҳисобланган мангу музликлар майдони сўнгги ўн йилликлар давомида анча кичрайганини айтмоқда.

“ЭКОСАН” ташкилоти раҳбари Юсуфжон Шодиметов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда глобал иқлим исиши Марказий Осиёга салбий таъсир этаётгани ҳақидаги фикрларга қўшилишини айтди.

“Глобал иқлим ўзгариши, албатта, Марказий Осиёни четлаб ўтмайди. Шу кунга келиб Федченко музликларининг қарийб 45 фоизи эриб бўлди. Бу сув захираси иқлим ўзгариши таъсирида камайди, деган гап. Бу келажакда бизга катта хавф туғилиши мумкинлигидан даракдир. Шу боис, биз шароитга мослашиш йўллари ва қўшимча сув захираларини қидириб топишимиз керак бўлади. Вазият олимлар ва мутасадди расмийларнинг бу масалага кенгроқ ёндашишини тақозо этади. Бу борада жуда катта тадқиқотлар олиб борилаётганини айтиш лозим. Тадқиқот ва амалий ишлар тезлаштирилмаса, бу муаммо бошқа минтақаларга қараганда бизга тезроқ келиши мумкин”, - деди Ю.Шодиметов.






Марказий Осиёдаги йирик чучук сув манби ҳисобланган Сарез кўлидаги вазият ҳам айрим мутахассислар хавотирига сабаб бўлмоқда. Тожикистон ҳудудида 1911 йилда юз берган 9 балли зилзила оқибатида қоя ўпирилиб, дарё йўлини тўсиб қолгани туфайли вужудга келган бу кўлда 17 миллиард куб метр сув тўплангани айтиляпти. Иқлим исиб, қор эриши натижасида Сарез сатҳи ҳар йили 20 сантиметрга кўтарилмоқда. Олимларни янги зилзила рўй берса, қояларнинг кўлга қулаши ва тўлқин натижасида тўғондан сув тошиши ёки тўғон ўпирилиб кетиши эҳтимоли ташвишга соляпти.

Айрим мутахассислар тўғонни сув ювиб кетиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан соқит қилмайди. Агар шундай фалокат юз берса, Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Туркманистондаги беш миллион аҳоли яшайдиган ҳудудга зарар етиши мумкинлиги башорат қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG